Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:10

Қирғизистонлик ўзбек лидерлари иши судга оширилди


Қодиржон Ботиров сепаратчиликда айбланаётган ўзбек лидерларидан бири.
Қодиржон Ботиров сепаратчиликда айбланаётган ўзбек лидерларидан бири.

Қирғизистонлик ўзбек лидерлари автономия талаб қилишда ва сепаратчиликда айбланмоқда.

Июн воқеаларини ўрганиш бўйича Миллий комиссия раиси Абдуғани Эркабаев ҳам қирғизистонлик ўзбеклар автономия талаб қилмаганини ўз вақтида тан олган эди.

Миллий комиссия раиси Абдуғани Эркабаев Қодиржон Ботиров автономия талаб қилмаганини тасдиқлаган.
Бироқ маълум бўлишича, Жалолобод вилоят прокуратураси қирғизистонлик ўзбекларнинг бир қатор лидерлари – Қодиржон Ботиров, Иномжон Абдурасулов, Абдураҳмон Абдуллаев, Муҳаммадрасул Абақжонов, Халилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевларни айнан автономия талаб қилишда – сепаратчиликда айбдор, деган хулоса чиқарган.

Улар устидан устидан очилган жиноят ишлари бўйича тергов якунлангани тўғрисида прокуратурадан олинган маълумотга таяниб, Фарғона.РУ сайти хабар қилди.

Тилга олинган ўзбеклар оммавий тартибсизликлар уюштиришда, сепаратчиликда, миллий, ирқий, диний ва минтақавий низо қўзғашда айбланмоқда.

Шунингдек, Қодиржон Ботировдан ташқари қолган 5 киши ноқонуний қуролли гуруҳ тузганликда айбланмоқда.

Ўш яқинидаги Қашқар қишлоқ қишлоқ ҳукумати раиси, Қирғизистон парламентининг собиқ депутати, йирик тадбиркор Иномжон Абдурасулов, хусусий “ЎшТВ” телекомпанияси асосчиси ва эгаси Халилжон Худойбердиев ҳамда Ўшдаги хусусий “МезонТВ” телекомпанияси эгаси Жавлон Мирзахўжаевлар яна бир модда бўйича - ўзлари бошқарган корхоналардан ўзлари учун фойда олганликда айбланмоқда.

"Ўш ТВ" собиқ раҳбари Халилжон Худойбердиев.
Сепаратчилик ва қуролли гуруҳ тузганликда айбланганлардан бири, ЎшТВ телекомпанияси соҳиби, ҳозирда қочқинликда яшаётган Халилжон Худойбердиев ўзига нисбатан эълон қилинаётган айбловларга муносабат билдирар экан, жумладан, бундай деди:

- Жиноий иш, деб атайдиган ишнинг ўзи йўқ. Бировни ўлдирган, қароқчилик қилган, банда ташкил қилган деган гапларнинг ҳаммаси қуруқ гаплар. Қирғизистонда яшаётган бўлсам, бир ёққа чиқиб кетиш ниятим йўқ бўлса, бола-чақам ўша ерда яшаса, ўзимнинг ишхонам бўлса қандай қилиб жиноят қилиш фикрига келаман?! Бу ерда, асосан, сиёсат ётибди. Миллий масала бу. Миллатим кўзда тутилаяпти. Иккинчидан қолдирилган мол-мулк янаям талон-тарож қилинишига йўл очилиши керак. Мулк уни эгаллаб олганларнинг қўлида қолиши керак. Бу рейдерствони узаконить қилишдир,- деди Халил Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, у Озодликка берган интевюсида ўз мулки “ЎшТВ” телекомпаниясини Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов қандай қилиб тортиб олгани тўғрисида батафсил айтиб берган эди.

Мирзақматовнинг таъқибидан қочиб Қирғизистондан оиласи билан чиқиб кетишга мажбур бўлган Худойбердиев шу кунда қочқинликда яшамоқда.

Хабарларга қараганда, тилга олинган 6 ўзбек устидан суд 29 апрел куни Жалолобод шаҳар судида бошланади.

Судланувчилардан биронтаси ҳам шу кунда Қирғизистонда эмас. Таъқиблардан қочиб, шу кунда бошқа мамлакатларда қочқинликда кун кўрмоқда.

Демак, Жалолобод суди 6 ўзбекнинг ишини сиртдан кўриб, сиртдан ҳукм чиқаради.

Ўзбек лидерлари иши судга ошгани тўғрисида хабар қилинган куни мана бу хабар ҳам пайдо бўлди:

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Динара Оширахунова.
- Қирғизистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат жанубида ўтган йилнинг июнида бўлиб ўтган воқеалардан фойда кўрди, - деди Қирғизистондаги “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раҳбари Динара Ошурахунова.

24.kg ахборот агентлиги хабарига қараганда, Ошурахунова Қирғизистон парламенти фракцияларидан бирининг мажлисида қилган чиқиши чоғида айтишича, "Ўш ва Жалолободда милиция ходимлари одамларни ҳеч қандай асоссиз ушлаб, паспортларини тортиб олмоқда ва сўнгра қўлга олинганларнинг яқинларидан 500 доллардан пул талаб қилмоқда".

Ошурахуновага кўра, милиция ходимларининг бундай ноқонуний ҳаракатлари асосан маҳаллий ўзбекларга қаратилган.

У, шунингдек, "Жанубий вилоятлар аҳолисини айрим сиёсатчилар ва амалдорларнинг матбуотдаги чиқишларидаги миллатчилик руҳи ташвишга солмоқда", деган.
XS
SM
MD
LG