Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:45

Тожикистонликларнинг 80 фоизига ичимлик суви етиб бормайди


Газ ва электрсиз қишлаган тожикистонликлар учун кунлар исигач, сув тақчиллиги асосий муаммога айланади.
Газ ва электрсиз қишлаган тожикистонликлар учун кунлар исигач, сув тақчиллиги асосий муаммога айланади.

Марказий Осиё сув захираларининг 60 фоизига эгалик қиладиган Тожикистон аҳолисининг қарийиб 80 фоизи ичимлик суви тақчиллиги муаммосидан қийналаётгани айтилмоқда. Бу маълумотларни тасдиқлаган тожикистонлик соҳа мутахасислари бу мамлакатда собиқ иттифоқ даврида қурилган ичимлик суви таъминот тизими ўтган асрнинг 90 йилларидаёқ ишдан чиққан. Бугун оддий аҳоли қурғоқчилик билан курашиш учун ота боболардан қолган усулни ишга солишга мажбур.


Душанбе шаҳрига туташ Рудакий туманидаги қишлоқлардан бирига кириб борганимизда қош қорайиб қолганди.

Лекин шунга қрамасдан, пластмасса идишлар ортилган аравани етаклаган қизлар ва пақир кўтарган жувонлар ҳали ҳам кўчада сув ташиш билан овора эди.

Улардан бир нечасини суҳбатга тортдик ва бу қишлоқ аҳли бир ойдан буён сувсизликдан қийналаётганига гувоҳ бўлдик.

Сув излаб кўчага чиққанлар орасида ҳали суяги қотмаган болалар ҳам борлиги диққатимизни тортди.

- Мен учинчи синфда ўқийман. Ҳар кун икки мартада арава билан сув ташиймиз. Укаларимиз билан бирга сув ташиймиз,- дер экан 9 яшар Сайёра, чарчаб қолаётгани боис дарсларини ҳам тайёрлай олмаслигини яширмайди.

Кичкина трубадан жилдираб оқаётган сув атрофида навбат кутиб турган Ойхол ая қишда электрсиз қийналган ёшу қарининг кунлар исигач асосий ташвиши сув муаммоси бўлиб қолганини айтади.

- Пастгача қарийб ўн қишлоқ сув ичади. Ариқларда умуман сув йўқ. Ҳозир ҳамма сув ташиб ичади. Бир ярим яшар, икки яшар болалар ҳам бакалажкаларда ўзи учун сув ташияпти,- дейди Ойхол ая.

Яқин келажакда ҳамқишлоқлари учун сув муаммоси ҳал бўлишига кўзи етмаслигини ҳам қўшимча қилади Ойхол ая.

Бу фикрга қўшилган яна бир суҳбатдошимиз Жаҳонгул ая оиласини сувсизликдан қутқариш учун ота-боболардан мерос қолган қудуқ қазишга киришган.

- Мана тош, қум уйдим энди цемент тўкаман, қудуқ қурамиз. Районга яқин жойда ўтирсак ҳам сув йўқ. Ҳар йили аҳвол шундай қийин. Ана шунинг учун қарзга бўлса ҳам, қудуқ қураяпман. Бу қудуққа бир мошин сув кетади. Насиб қилиб қудуғим битса, кирга, таҳоратга, ичишга тоза сувимиз бўлади,- дейди яхши кунларга келишига умид қилиб Жаҳонгул ая.

Олти боланинг онаси Жаҳонгул ая қишлоқда ўзи сингари қудуқ қураётганлар кўпаяётганини айтади.

Чунки, дейди у, баҳор келиши билан ариқларда сувлар қурийди. 700 дан ортиқ хўжалик учун битта трубадан жилдираб оқаётган сув кифоя қилмайди.

Жаҳонгул аянинг ҳовлиси адоғидаги бир парча ерга қадалган ниҳоллар ҳам сувсизликдан қақшаётир.

Мавзу юзасидан Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги мутахасиси Гулмуҳаммад Нуровга сим қоқдик.

Тожик расмийси шу кунларда етти миллионлик аҳолининг атиги 20 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланганини эътироф этди.

- Яна 10 фоиз аҳоли, яъни водопровод қувури ўтмаган, ё бўлмаса канал, анҳорлари бўлмаган маҳалладагилар сувни бошқа ерлардан ташиб ичади. Қолган 70 фоиз аҳоли эса ичиш учун яроқсиз бўлган каналлардан сув ичишга мажбур. Бунинг асосий сабаби собиқ совет даврида мамлакатимизда қурилган ичимлик сув таъминоти тизими 1996 йилдан буён ишга яроқсиз бўлиб қолганида. Вазирлигимиз 2007 ва 2020 йиллар учун “Тожикистон аҳолисини тоза сув билан таъминлаш” тўғрисидаги дастур лойиҳасини ишлаб чиқди. 1 миллиард АҚШ долларига тенг бу лойиҳа ҳукумат томонидан тасдиқланди. Афсуски давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ кифоя қилмаётгани сабабли уни амалга оширишнинг иложи йўқ,- деди сув ва мелиорация вазирлиги расмийси.

Нуров жаноблари аҳоли учун асосий сув манбаи бўлган каналларда ҳам сув қуриб қолганини ўтган йил давомида ва бу йил бошида ёғингарчилик бўлмагани билан изоҳлади.

Аммо кўп йиллардан буён Рудакий туманида деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган Маматжон Қосимов вазирлик расмийсининг “табиат инжиқлиги”га оид даъволари асоссизлигини айтади.

- Ўн-ўн беш кундан буёққа ариқларимиз қуриб қолган. Одамлар ёмғир кутиб ўтиришибди. Ҳаммаёқ қуриб кетаяпти. 1 Май маҳалласида қарийиб 700-800 хўжалик бор. Бизда эса тўққиз минг хўжалик яшайди. Ҳаммамиз учун сув масаласи қийин. Тепадан бекитиб қўяди. Ҳозир сувгаям хўжайин чиқиб қолган. Одамлар пул у бу нарса йиғиб бермагунича сувни очмайди. Пора бериш керак хуллас,- дейди бу йилги деҳқончилиги кечикаётганидан асабийлашаётган Маматжон ота.

Аснода Тожикистон ҳукумат мулозимлари минтақа сув захираларининг асосий қисми тожикистонликларнинг ихтиёрида эканидан оғиз тўлдириб гапиради.

Тожикистон давлат раҳбари Имомали Раҳмон ҳам бу борада жуда кўп марта гапириб, бу “Тожикистонликларга Оллоҳнинг берган неъмати” эканини ва ўз мамлакати, қолаверса минтақа ижтимоий ва иқтисодий ривожи учун ана шундай сувга бой давлатнинг йирик гидроиншоотлар қуриш режаси қатъийлигини уқтириб келади.
XS
SM
MD
LG