Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:00

Сталин ва "анжанча балиқ куни"


Фаррух Юсуфий.
Фаррух Юсуфий.

Ҳар нарсанинг устидан кулишга ошиқаман, акс ҳолда йиғлаган бўлардим, деган эди Пьер Огюстен Бомарше.


Ўзбеклар фаранг ёзувчисининг бу гапларига қулоқ тутса, менимча фойдадан ҳоли бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда кейинги пайтларда рўй бераётган воқеалардан кулмасангиз, йиғлаб юборишингиз ҳеч гап эмас.

Ўтган ҳафта Тошкент вилоятининг Сойлиқ қишлоғининг антиқа кишиларига қарашли антиқа коллекциялар мусодара қилинганини ёзди, Фарғона.ру сайти. Лазокат Нормирзаеванинг томорқаси тўрини собиқ иттифоқ КПСС 20-сеъздидан бери эгаллаб турган халқлар отаси Иосиф Сталиннинг бюсти олиб кетилди. Хабарга кўра, яна бир сойлиқнинг уйидан Совет етакчилари ва қаҳрамонларининг ҳайкалчаларию портретлари олиб кетилган.

Андижон вилоятида эса, Uznews.net сайти алдамаётган бўлса, юқоридаги воқеага бевосита эмас билвосита боғлиқ ҳодиса рўй берган. Вилоят ҳокими Ахматжон Усмонов қарори билан “балиқ куни” жорий қилинди. Ҳокимнинг қарорига амал қилинадиган бўлса, энди ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Андижон вилоятидаги умумий овқатланиш шохобчаларида албатта балиқдан тайёрланган таомларнинг сотилиши шарт. Андижонда “халқ оммасининг сиёсий онги” тўғри ишласа, “жамият ячейкаси” ҳисобланмиш ҳар бир оила бошлиғи чоршанба куни ўз хонадони аҳлини балиқли кечки овқат билан таъминлашини кутиш мумкин, албатта. Тасаввур қилинг Андижоннинг Балиқчи туманидаги маҳалладан ўтиб кетяпсизу, қовурма балиқ, сардак ичидаги чўртан, лақа балиқ котлети, сазандан тайёрланган суфле, хумбош балиқдан тайёрланган “анжанча суши” ва бошқа турли-туман балиқ таомларининг бўйи димоғингизга уриб турибди. Бай-бай-бай!

Бундан ташқари балиқнинг одам саломатлиги учун фойдали томонларини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Озодлик “Саломатлик” дастурининг собиқ муаллифи сифатида айтишим ҳам мумкин эдию, лекин балиқдаги A, D, E, темир, фосфор, кальций, магний, цинк каби одам саломатлиги учун ўта фойдали моддалар борлигини каминадан аввал олимлар исботлаб беришган. Албатта, ҳоким Ахматжон Усмонов буни билади ва чоршанбани вилоят миқёсида балиқ куни деб эълон қилар экан, ўзини сувга тушган балиқдай эркин ҳис қилган бўлишига шубҳа қилишга ҳақли эмасмиз.

Лекин балиқ билан боғлиқ бошқа фикрлар ҳам бор. “Балиқ бошидан сасийди”, деган халқ мақолини эътиборга олмаганда ҳам. Яқинда АҚШда энг нуфузли ҳисобланган Ҳарвард университети олимларни балиқни истеъмол қилишни суистеъмол қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирди. Балиқни ҳаддан ташқари кўп ейиш қанд касаллигига олиб келади дейишмоқда америкалик овқатшунос олимлар (албатта, Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқарадиган завод қурилаётгани инобатга олинса бу муаммо Андижон ҳокими учун чўт эмаслигини айтиш ҳам мумкин).

Бундан ташқари балиқ индамас экан, деб уни еявериш ҳам инсофдан эмас. Дарвоқе совет даврида ҳам балиқ куни бўларди. Совет кишиларининг ўз гражданлик бурчини адо эта туриб, ҳар пайшанба куни балиқ ейишлари “ҳам қарз, ҳам фарз” эди. Лекин Ўзбекистонда, айниқса Водийда пайшанба куни паловхонтўра учун ажратилганини нега Ахматжон ака инобатга олмади, дейдиганлар борми? Энди балиқ индамас экан, деб уни ошга қўшиб ейиш ҳам тўғри эмасда. Водийликлар аскиячи халқ келади, Ахматжон ака ҳам бундан мустасно эмас.

Андижонда чоршанба балиқ куни, деб эълон қилингани ва Сойлиқ қишлоғида мусодара қилинган анитиқа коллекцияларнинг орасида боғлиқликни тушунтиришдан аввал бу коллекция ҳақида фикримни айтиб ўтсам.

Фарғона.ру агентлиги алдамаётган бўлса, Сталиннинг бюсти ўтган асрнинг 56 йилида КПСС 20-съездида ўша пайтда Марказқўм биринчи котиби Никита Хрушчёв “халқлар отаси”га ҳаддан ортиқ сиғинилаётганини фош қилганидан кейин сойлиқлик Лазокат Нормирзаеванинг томорқасига кўчган. Унинг ҳамқишлоғи Ленин ва бошқа совет қаҳрамонларининг портрет ва ҳайкалчаларини ҳам анчадан бери коллекция қилиб келган ва Сойлиқ қишлоғининг диққатга сазовор “қадамжоси”га айланган. Лекин Сталин шахсига сиғиниш фош этилганига 55 йил, борингки Ўзбекистон мустақил бўлганига 20 йил ўтиб ҳам бунга ҳеч ким, на маҳалла, на қишлоқ, на туман, на вилоят ва на республика мутасаддилари эътибор қаратди. Ахир Ленин ва Сталин, улар яратган тузум юз минглаб ўзбекларнинг қатағон қилгани исботланган фактку.

Менимча, буни эътиборга олиб Сталин бюсти билан бирга баъзи мутасаддиларнинг таноби тортиб қўйилса ҳам, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Лазокат опага айтадиганим: опа хафа бўлманг, рассом танишимнинг айтишича, томорқангизда 55 йилдан бери сақлаб келганингиз ҳайкал бадиий жиҳатдан бир тийинга қиммат асардир. Сталин шахсига келсак, унинг қўлидан азият чекканлар юз минглар орасида сизнинг ҳам қариндошларингиз бўлган бўлиши ҳеч гапмас.

Энди Андижон ҳокими эълон қилган балиқ куни билан Сталин шахси орасидаги боғлиқлик, тўғрироғи Ахматжон Усмонов билан Иосиф Сталин ўртасидаги ўхшашлик ҳақида. Собиқ иттифоқ даврида ҳар пайшанба куни совет кишилари албатта балиқ тановвул қилиши тўғрисидаги қарорни Сталин ҳукумати чиқарган эди. Ўшанда ҳам бу қарордан мақсад, ҳудди Андижон ҳокими вилоят миқёсида эришмоқчи бўлгани каби, мамлакатда балиқчиликни ривожлантириш бўлган.

Шунинг учун йиллар ўтиб Андижон вилояти Балиқчи туманининг Балиқчи қишлоғидаги яна бир Лазокат опанинг томорқасида ҳам Ахматжон Усмоновнинг алебастер ёхуд бронзадан ясалган бюсти пайдо бўлишига шанслар бор.

Ҳар чоршанба куни балиқ ейишга мажбур қилинаётган андижонликларга эса фаранг ёзувчиси Бомаршенинг гапларига амал қилишларини маслаҳат беришдан бошқасига ожизман.

XS
SM
MD
LG