Линклар

logo-print

Қоидабузар ҳайдовчиларга жазо кучайтирилди

  • Садриддин Ашур

Коррупция авж олгани боис ДАН ходимларининг ҳурмат-иззати қолмади, дейди ҳайдовчи.

Коррупция авж олгани боис ДАН ходимларининг ҳурмат-иззати қолмади, дейди ҳайдовчи.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳайдовчилар ва пиёдалар учун жарималар оширилди. Ҳайдовчиларнинг ўзлари бу қарор масъулиятни оширишга хизмат қилиш баробарида йўл ҳаракати назорати инспекторлари орасида коррупциянинг янада авж олишига сабаб бўлишини башорат қилмоқда.


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати тасдиқлаган ва 26 март куни Ўзбекистон Президенти имзо чеккан қонунга кўра, маст ҳолда ёки ҳайдовчилик гувоҳномасисиз машина бошқариш, йўл белгиларига риоя қилмаслик, тезликни ошириш, светофор чироқлари талабига бўйсунмаслик каби қоида бузишлар учун маъмурий жазо чоралари кучайтирилган.

“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисида”ги қонунга кўра, хавфсизлик камарини тақмаган ҳайдовчилар ёки дубулға киймаган мотоцикл ҳайдовчиларига энг кам иш ҳақининг ўндан бир ва бешдан бир қисми (4973-9947 сўм) миқдорида жарима солинади.(Ўзбекистонда ҳозир энг кам иш ҳақи 49 минг 730 сўм)

Автомобилни бошқараётиб, мобил телефондан фойдаланган ҳайдовчига солинадиган жарима энг кам иш ҳақининг 1-2 бараваригача (49730-99460 сўм) оширилди.

Қонунда тезликни оширган ҳайдовчилар учун алоҳида боб ажратилган. Ҳайдовчи тезликни белгиланганидан 20км/соатгача ошириса, энг кам иш ҳақининг бир баравари, агар 40км/соатгача оширса энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида жаримага тортилади.

Бордию ҳайдовчи машинани белгиланган тезликдан 40км/соат ва ундан ортиқ ошириб ҳайдаган бўлса ёки айни қоидабузарликларни такроран содир қилган бўлса, энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима ёки бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Таъқиқланган жойда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчилар энг кам иш ҳақининг 3 баравари (қарийб 150 минг сўм), айни қойидани иккинчи марта бузса энг кам иш ҳақининг 5 баравари (тахминан 250 минг сўм), агар бир йил ичида яна такрор содир этса энг кам иш ҳақининг 10-15 баравари миқдорида жаримага тортилади.

Маст ҳолда машина бошқариш жазолари ҳам кескин кучайтирилди. Бундай ҳолатда ҳайдовчи дарҳол бир ярим йилдан 3 йилгача муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳайдовчилик гувоҳномасисиз маст ҳолда машина бошқарган шахс эса энг кам иш ҳақининг 30 баравари ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланади.

Шунингдек светофор сигналларига риоя қилмаган, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтган пиёдаларга ҳам энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солинади.

“Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисида”ги қонунда йўл ҳаракатининг бошқа қоидаларини бузган шахсларга ҳам маъмурий жазо чоралари кучайтирилган.

Самарқандлик Низомиддин исмли ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузувчиларига нисбатан маъмурий жазолар кучайтирилганидан бехабар эканлигини айтади. Лекин, дейди у, жарималар кўпайтирилгани билан бу соҳада жиддий ўзгариш бўлишига ишониш қийин. Ҳайдовчи бунинг асосан икки сабаби борлигини айтади:

- Ҳозир ГАИларнинг кучи ҳамма шопирларга ҳам етмайди ака. Мен ишонмайман бунга. Ишонмаслик сабаби, ҳозир кимни кўрсангиз, тепасида кришаси бор. ГАИларни ўзининг ҳурмат-иззати қолмади. Кучи етмай қолдида ҳайдовчиларга ҳам. Ўша знакка ҳам тўхтайверади, тезликни ҳам ошираверади, ГАИ тўхтатганидан кейин шартта телефонни олиб ўзининг юқоридаги оғайниларига беради. Шунақа ишлашаяптида ҳозир булар. Қачонки ГАИларга бир миллион ойликни қилиб беришса, аямасдан уларни босиш керак. Кейин ўша телефон қилган одамларга ҳам юқори органлар томониданми, маъмурий органларми, ҳокимият томониданми тазйиқ ўтказса бўлади. Ëки уларнинг ишда қолиш-қолмаслигини кўрса бўлади. Ҳозир ГАИлар ушлагани билан МХХ ходимими, милиция ходимими, прокуратура ходимими, ҳокимиятданми қўнғироқ қилиб қўйдириб юборяпти. Бу билан иш бўлмайдида,- дейди Низомиддин.

Унинг фикрича, коррупция авж олган мамлакатда қонунга киритилган бу ўзгартишлар инспекторларнинг порахўрлигига янада кенгроқ йўл очиб бериши мумкин:

- Иккинчидан бу имконият, пул қилишга имкониятда. Ҳозир штраф бунча, сен менга ярмини берда, кетавер дейди энди. Бу жарималар Ўзбекистон шароитида катта пул. Ҳайдовчига ҳам шуниси маъқул. Ҳеч кими йўқ, бечора, қўлида ҳужжати бор озгина хато қилиб қўяди. Ўшанга протокол бўлади, ўшанга жарима бўлади. Безори, орқасида пули бор оғайнилари бор одамларга ГАИнинг сўзи ўтмайди,- дейди самарқандлик ҳайдовчи.

Яна бир самарқандлик ҳайдовчи Ўткир ака фикрича, ҳозир пора олмайдиган ДАН ходимини топиш жуда мушкул. Суҳбатдошга кўра, инспекторлар ҳозир шундай пишшиқ бўлганки, кимдан ва қаерда пора олиш мумкинлигини жуда яхши билади:

- Жарималарнинг оширилганидан энг биринчи навбатда ГАИлар ютадиган бўлди. Ваҳима қилиб, бунча жарима тўлайсан деб, порани оладида. Кўплари барибир протокол тузиб давлат ҳисобига тўлатмайди, ëнига оладида. Лекин улар жуда пухта. Катта йўлларда хавфли. Мисол учун Каттақўрғондан Самарқандгача, Самарқанддан Тошкентгача бўладиган йўл бўлса, катта йўлда турадиганлар озгина строгий. Камера бор, орқамда кузатув бор, кузатишаяпти, у-бу деб протокол тузишади. Ички йўлларда, қишлоқ жойларда унақа нарса йўқ. Порахўрлик, жабр қилиб шофëрларга пулини олиб қўйиб юбораверади. “Бериб кетавер”, дейдида очиқдан очиқ ҳозир. Ҳамма идораларда, ташкилотларда шунақаку,- дейди самарқандлик ҳайдовчи.

Сурхондарёлик ҳайдовчи Ўрол ака эса бошқача фикрда. Унга кўра, айни кунларда коррупцияга қарши кураш бошлангандек. Суҳбатдош, бунга Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигидан Сурхондарё вилоятига келган комиссия ишига қараб хулоса чиқараётганини айтади:

- Жарқўрғон туманида бизнинг Тўхта Шоуров хўжалигига маршрут бўйича 30та машина қатнар эканда. Тошкентдан келган комиссия куни, шулардан атиги тўрттаси қолган экан. Қўшним такси ҳайдайдида. Ҳаммасини ушлаб, тиқиб ташлаган. Лицензияси бўлмаган, документи йўқ, ҳозир шундай машиналар камайиб қолдида. Туман ГАИсини ҳисобга оладиган бўлсак, бутунлай ишламаганда улар туманда ўтириб, порани олиб индамай юраверган. Вилоятдаги ҳам ишламаган. Республиканики келиб умуман пора тўғрисида гап ҳам бўлгани йўқ. Пора ҳам олмайди, дейди. Кимники бўлишидан қатъий назар раҳбарникими, бойваччаникими ҳаммасини тиқиб ташлаган. Ëтибди ҳаммаси,- дейди сурхондарёлик ҳайдовчи Ўрол ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG