Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:27

Ўзбек делегацияси Ҳаж масаласини муҳокама қилди


Диний ишлари қўмитаси вакиллари 2011 йилги Ҳаж зиёрати бўйича музокара ўтказиш учун Саудияга сафар қилдилар.

Регнум ахборот агентлигининг хабар қилишича, Ўзбекистон ҳукумати қошидаги Диний ишлари қўмитаси раиси Ортиқ Юсупов Мадина шаҳрида бу йилги Ҳаж зиёратини уюштириш юзасидан Саудия Арабистонининг Ҳаж вазири Фуад Абдуссалом Ал-Форсий билан музокаралар олиб борган.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги диний алоқаларни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, ўзбек зиёратчиларига Ҳаж мавсуми чоғида қулайроқ шарт-шароит яратиш масалалари муҳокама қилинган.

2011 йилда ҳам, аввалги йилларда бўлгани каби, Ҳаж зиёратига 5 мингдан зиёд ўзбекистонлик бориши кутилмоқда.

Одатда, Ҳаж вазирлиги бирор мамлакат учун квота белгилаётган пайтда минг мусулмонга бир зиёратчи ҳисобидан келиб чиққан ҳолда жой ажратади. Агар шу кунда Ўзбекистон аҳолиси сони 28 миллиондан ошгани ва айрим маълумотларга қараганда, аҳолининг 93 фоизи (26 миллиондан кўпроғи) Ислом динига эътиқод қилиши ҳисобга олинса, 26 минг ўзбекистонлик зиёратчи учун жой ажратилиши керак эди. Лекин кўп йиллардан бери бу миқдор 5 мингдан оширилмайди.

Ўзбекистонликларнинг Озодликка айтишларича, зиёратчилар сони чеклангани сабабли Ҳаж зиёратини истаган фуқаролар бир неча йиллаб навбат кутишга мажбур.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда зиёратчилар учун бошқа мамлакатларда бўлмаган чекловлар, шу жумладан, ёш чеклови ҳам киритилган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда Ҳаж зиёратига йўл очилганидан буён ўтган қарийб йигирма йил мобайнида мамлакат мусулмонларидан тақрибан юз минги Ислом динининг бешинчи фарзини адо этишга муваффақ бўлган.
XS
SM
MD
LG