Линклар

Шу йил 9 сентябригача Душанбе шаҳар боғларида шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари учун ҳар куни текин концерт берилади.


Душанбе шаҳар ҳокими имзолаган янги қарорга мувофиқ, кечки соат олтидан сўнг санъат усталари шаҳарликлар ва меҳмонларга пулсиз хизмат қилади.

Оч бўлинг - маданиятли бўлинг!

Ортда қолаётган ҳафтада Душанбе шаҳар мэри Маҳмадсаид Убайдуллоев Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан ана шундай қарорга келгани маълум қилинди.

- Бу тадбирдан кўзланган мақсадимиз бир томондан республика мустақиллигининг 20 йиллигини олий даражада нишонлаш, иккинчи томондан эса фуқаролар маданиятини юксалтиришдан иборатдир, - дейди Убайдуллоев жаноблари мухбирингиз билан хос суҳбатда.

Эндиликда шаҳар мэри қарорига мувофиқ, пойтахт марказидаги паркларда кечки соат олтидан кейин тожикистонлик қўшиқчилар чарчагунларигача куйлаяпти. Ўша парклардан бири “Халқлар дўстлиги” паркидир.

Бу масканга кириб, бепул томоша кўриш учун “Халқлар дўстлиги”га туташ “Саҳоват” бозори бекатига тушиб, икки томони атторлар, гул сотаётган нафақахўрлар, тиланчилик қилаётган аёллар ва болалар билан тўлган йўлакчадан юрдик.

“Саҳоват” бозори билан “Халқлар дўстлиги” орасида тахминан юз элликча қадам келади. Шу босиб ўтган йўлда 18 нафар тиланчини учратдик.

Қарийб ўттиз йилдан буён уруш давом этаётган Афғонистонга ён қўшни Тожикистон минтақадаги энг қашшоқ давлатлар сирасига киритилган.

Етти миллион аҳолисининг, норасмий маълумотларга кўра, тахминан бир ярим миллиони Россияда тирикчилик қилмоқда.

Бугун тожик расмийларининг ўзи ҳам аҳолининг асосий даромад манбаи Россиядан юборилаётган маблағ эканини эътироф этмоқда.

Мамлакатдаги ишсизлик устига сўнгги икки ҳафта мобайнида бозорларда нарх-наво ҳам икки бараварга ошди. Олти ой электрсиз кун кечирган тожикистонликлар бугунги кунда қимматчиликдан қийналишмоқда.

Ана шундай ночорликнинг қоқ ўртасида бугун текин концерт зарурмиди?

Кимга томошаю кимга нон қайғу

- Шу кунгача светимиз йўқ эди, роса қийналиб яшадик. Энди свет бергандан буён ҳаммаёқ қимматчилик. Бир кило ёғ ўн сомоний (2.2 АҚШ доллари - таҳр.) - қандай концертга боргингиз келади? “Кечгача шу ерда ўтирай, бир кило ёғ учун пул топай”, дейсиз. Очликдан ҳамма нарса бўлади, мактабга шароит, кийим бўлмагандан кейин уруш ҳам бўлади. Энди бу, менимча, бир ўзларини кўрсатиш, бизни чалғитишда, - дейди “Саховат” бозорида гуруч сотиб ўтирган ҳисорлик Шамсия опа.

Шамсия опа беш боланинг онаси эканини, бозордан топгани болаларининг қорнидан ортмаётганини қўшимча қилар экан, текин бўлган тақдирда ҳам концертга бормаслигини,чунки бугун унинг катта энг катта қайғуси отасиз болаларининг қорнини тўйғазиш эканини айтди.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - 52 ёшли Хадича ая рўзғор ташвишларини унутиш учун ҳам концертга боришини айтди.

- Яхши-ку, паркларга бориб, концерт эшитиб, роҳатланиб ўтирсак, уйда бўлган проблемаларни унутамиз, - дейди Хадича ая.

Душанбелик суҳбатдошимиз Дилмурод эса ҳукумат расмийлари халқ қорнини тўйғиза олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, маданий ҳордиқ учун шароит яратиб бераётганидан хурсанд.

- Ҳеч бўлмаса, пулсиз концерт қўйишаяпти экану. Яхши-да. Томошадан одамлар хурсанд бўлишади. Мен ҳам бола-чақам билан бормоқчиман. Оз бўлса ҳам кайфиятимиз кўтарилади, - дейди 34 ёшли аттор йигит Дилмурод.

"Халқнинг сабр косаси тўлган"

Аснода мустақил таҳлилчилар қашшоқлик домида қолган тожик жамиятида бундай маданий дастурлар озчилик томонидан қувватланишини таъкидлайди.

- Мамлакатимиздаги фақат 10 фоиз аҳолига шундай программалар керак. Улар дам олишлари учун шундай тадбирларни қувватлайди. Лекин аксарият оддий халқнинг кўнглига концерт ҳам сиғмайди. Чунки улар тирикчилик билан банд. Об-ҳавони кўраяпсиз, бу йил қирғоқчилик келаяпти. Экинлар бўлмаяпти, чорванинг, деҳқоннинг аҳволи оғир. Ҳукумат ҳисоботларида “Ҳамма нарса яхши, ҳамма нарса 100 фоиз”, деб кўрсатилади. Аслида-чи? Мана, бозорлардаги ҳамма маҳсулотлар ташқаридан - Покистондан, Хитойдан, Ўзбекистондан олиб келинаяпти, - дер экан мустақил кузатувчи Сардор Очилов очликка юз тутаётган тожикистонликларнинг сабр косаси тўлганини таъкидлайди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида сўнгги беш йил ичида кўплаб меҳмонхоналар ва ресторанлар қурилди. Марказдаги пахса деворли уйлар ҳашаматли саройларга айлантирилди. Шаҳар кўчаларида хорижий автомобилларнинг энг сўнгги моделлар ҳам учратиш мумкин.

“Афсуски, - дейди мустақил таҳлилчи Очилов жаноблари, - бунинг бари сабри тўлган халқ кўзига суқилаётган тикондир”.

Мустақил таҳлилчи мулоҳазасича, бир кун келиб, сабр-тоқат тугаса, оломонни тўхтатиш учун ҳеч қандай маданий дастур ёрдам беролмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG