Линклар

Ҳуқуқ фаолларига кўра, якшанба куни Сурия қўшинлари танклардан Дараа шаҳрини ўққа тутган. Бу шаҳар президент Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши давом этаётган норозиликлар маркази бўлиб қолмоқда.

Мамлакат бўйлаб, жумладан Дараа ва Дамашқ яқинидаги Даума шаҳарларида юзлаб одам ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Мухолифат фаоллари Даума ва Дараа шаҳарларнинг бир ҳафтадан бери қўшинлар қуршовида қолаётганига чек қўйиш мақсадида ҳамда хунрезлик содир бўлган бошқа шаҳарлар билан бирдамлик рамзи ўлароқ, яна намойишлар ўтказишга чақирмоқда.

Хабарларга кўра, шанба куни Дараа шаҳрида олти фуқаро ҳалок бўлган. Ҳуқуқ фаоллари 15 март куни норозиликлар бошланганидан бери ҳалок бўлган тинч фуқаролар сони 580 дан ошганини айтмоқда.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Сурия ҳукуматининг намойишчиларни “шармандаларча” куч билан бостирганини қоралаб, Дамашққа босимни кучайтиришга чақирди.

Европа Иттифоқи Сурияга қарши қатор санкциялар, жумладан қурол эмбаргосини жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Айни пайтда, Туркия Ташқи ишлар вазири Ахмат Довутўғли Сурияга ҳарбий интервенция амалга оширмасликдан огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG