Линклар

Роғун ўрнига АЭСми?


Ўзбекистонлик экспертлар Марказий Осиёда кўплаб гидроэлектр станциялари қуриш ўрнига битта атом электр станцияси қуришни таклиф қилмоқдалар.

Ўзбекистонлик экспертлар Марказий Осиёда кўплаб гидроэлектр станциялари қуриш ўрнига битта атом электр станцияси қуришни таклиф қилмоқдалар.

Ўзбекистонлик экспертлар мамлакатда АЭС қурилиши минтақадаги энергетик муаммоларни ҳал қилиш учун асос омил бўлиши мумкинлигидан баҳс этмоқдалар.

Бу ҳақда ўзбекистонлик экспертлар Алексей Строков ва Владимир Парамоновларнинг Қирғизистондаги Стратегик таҳлил ва тахминлар институти томонидан чоп этилган “Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги энергетик сиёсати истиқболлари баҳолаш учун: асосий сценарийлар ва тавсиялар” тадқиқотида айтилади.

Муаллифларга кўра, Марказий Осиёда уран хом ашёси заҳирасининг улканлигини ва Европа Иттифоқининг ривожланган атом энергетикасига эгалигини ҳисобга олган ҳолда, Европа ва Марказий Осиёнинг атом соҳасидаги ҳамкорлиги стратегик йўналиш бўлиши мумкин эди.

“Шунингдек, халқаро консорциум доирасида Марказий Осиё ҳудудида Европа ва Россия ширкатлари кучи билан барпо этилиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон уранида ишлаши мумкин бўлган қудратли атом электр станцияси қурилиши ғояси эътиборга ва ўрганилишга лойиқдир. Бу каби кўптомонлама давлатлараро лойиҳани ташкил этиш учун институционал ва юридик асос бор, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги уран рудаси заҳираси эса керагидан ортиқ даражада топилади”, дея таъкидлайдилар тадқиқот муаллифлари.

Ўзбекистонлик экспертлар фикрича, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Марказий Осиёнинг ўзидаги, шунингдек, Россия ва Шарқий Европанинг айрим ҳудудларидаги электр энергияси тақчиллигини қоплаши мумкин эди.

Шу билан бирга, тадқиқотчиларга кўра, Марказий Осиёдаги “ядровий ёнилғиси” улкан заҳираларини минтақанинг энергетик балансига жалб этилиши бу ҳудуд учун оғриқли бўлган “сув-энергетика” масаласини ҳал қилишга ҳам ёрдам берган бўларди.

“Агар АЭС Қирғизистон ва Тожикистонда қиш мавсумидаги электр энергия тақчиллигини қопласа, бу мамлакатлар учун қўшимча гидроэлектр станциялар қуриш ҳамда Ўзбекистондан катта миқдорда газ импорт қилиш зарурати йўқоларди. “Сув-энергетика” масаласининг Европа капиталининг фаол аралашуви билан ҳал қилиниши, ўз навбатида, Епропанинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ва сиёсий позицияси тубдан ўзгаришини англатади”, дейилади ўзбек экспертлари тадқиқотида.

Тадқиқот муаллифлари фикрича, бу лойиҳанинг амалга оширилиши Брюсселнинг “демократлаштириш” ва “инсон ҳуқуқлари” ҳақидаги мубҳам тавсияларидан кўра минтақада Европа манфаатларини чинакамига олға силжитган бўларди.

Ўзбек экспертларининг бу таклифига уларнинг минтақадаги ҳамкасблари ҳам, Марказий Осиё расмийлари ҳам ҳали муносабат билдирганларича йўқ.

Айни пайтда бу таклиф сув бошида турувчи Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари томонидан манфий қабул қилиниши мумкин. Кузатувчиларга кўра, Қамбарота ва Роғун ГЭСлари қурилиши қарийб миллий ғояга айланган бу мамлакатлар катта маблағ сарфланган бу лойиҳалардан эндиликда воз кечишлари қийин. Аснода Япониянинг “Фукусима-1” АЭСида содир бўлган ҳалокат ҳам бу ўринда расмий Бишкек ва Душанбе учун кузир қарта вазифасини ўйнаши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG