Линклар

Обама: Усама ўлди, аммо аксилтеррор уруши тугамади!


1 май куни оқшом кечки соат 7 да эълон қилинган хабарни эшитибоқ, Усома бин Лодин ўлдирилганини байрам қилишга ошиққан америкаликлар кўчага чиқди.

1 май куни оқшом кечки соат 7 да эълон қилинган хабарни эшитибоқ, Усома бин Лодин ўлдирилганини байрам қилишга ошиққан америкаликлар кўчага чиқди.

11 сентябр воқеаларидан 10 йил ўтиб, АҚШга қарши террор ҳужумига масъул кўрилган Усама бин Ладин ўлдирилди.

11 сентябр куни Ню-Йорк шаҳридаги эгизак биноларга уюштирилган террор хуружидан сўнг Усама бин Ладин номи дунё бўйлаб тилга тушган, уни маҳв қилишга қаратилган “аксилтеррор уруши” эса XXI аср ҳукуматларининг биринчи даражали вазифасига айланган эди.

Ана шу воқеадан қарийб 10 йил ўтиб, АҚШ президенти Барак Обама 1 май куни оқшом Ал-Қоида ҳаракатининг асосчиси ва етакчиси Усома бин Лодин ўзининг Покистондаги Абботобод шаҳридаги яширин манзилидан топилгани ҳамда ўлдирилганини маълум қилди.

- Бу оқшом мен Америка халқи ва дунё аҳлига АҚШ кучлари Ал-Қоида етакчиси ва минглаб бегуноҳ эркаклар, аёллар ҳамда гўдаклар ўлимига масъул бўлган Усама бин Ладин ўлдирилган амалиётни ўтказди, - дея эълон қилди АҚШ президенти Барак Обама.

Ғарбда Усама бин Ладинни биринчи рақамли душман, деб ҳисоблашарди.

Шунингдек, Ислом оламида ҳам бин Ладин бегуноҳ одамлар ўлими, шу жумладан, Ал-Қоида жанггарилари ўтказган террор ҳужумларида қурбон бўлган бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимида ҳам айбланиб, қораланган эди.

Айрим мусулмон давлатларда у ўзининг зўравонликка асосланган жиҳодий мақсадлари йўлида тинчликпарвар бўлган Ислом динига хиёнатда айбланган.

Айни пайтда Усама бин Ладиннинг ҳаракатини қувватлаган, унинг АҚШ ва баъзи араб давлатлари кофир, деган қарашларини маъқуллаб, унга эргашганлар ҳам оз бўлмади.

Бин Ладин 1957 йилда Саудия Арабистонининг Риёд шаҳрида, бой оилада туғилган. У отаси — Муҳаммад бин Ладиннинг ўнинчи рафиқасидан туғилган ёлғиз ўғил эди.

Ота-онаси Усама туғилишидан бироз ўтибоқ ажрашган. 10 ёшида Усаманинг отаси Саудия Арабистонида содир бўлган самолёт ҳалокатида нобуд бўлган.

Саудиядаги дунёвий мактабда ўқиган ва кейинчалик Қирол Абдулазиз университетида иқтисод ҳамда бизнес йўналишида таҳсил олган бин Ладин Ислом динининг ваҳҳобийлик ақидалари билан улғайди.

1979 йилда коллежни якунлагач, у Фаластиндаги сунний теолог Абдуллоҳ Аъзам ҳаракатига қўшилиб, собиқ СССРнинг Афғонистондаги курашига қарши чиқди ва бунинг учун Покистоннинг Пешаворида қисқа муддат яшади.

1984 йилда бин Ладин ва Аъзам дунёдаги хайрихоҳларни жалб қилиш, уларни Афғонистондаги урушда иштирок этишга тайёрлаш мақсадига қаратилган Мактаб ал-Ҳадамат номли гуруҳни таъсис этди.

1988 йилда бу гуруҳдан Ал-Қоида ҳаракати ўсиб чиқди.

1990 йилларда Ироқнинг собиқ етакчиси Саддам Ҳусайн Қувайтга кирганида ва Саудия қироллигига таҳдид солганида, Усама Саудия қиролига ўз кўмагини таклиф қилди. Бироқ қирол унинг таклифини рад этди.

Сўнгра АҚШ ёрдами билан Ироқ Қувайтдан чиқарилган кезда Усама бин Ладин Саудия Арабистонини АҚШга қарам, дея қоралади ва шундан сўнг унинг ҳаракати Ғарб, хусусан, АҚШга ғанимлик позициясига ўтди.

1990 йилда Ню-Йорк шаҳрида яҳудий раввини Мартин Давид Ҳананга суиқасд бўлди. 1992 йил декабрда Яманнинг Аден шаҳридаги АҚШ аскарлари тургани тахмин қилинган Gold Mihor Hotelга ҳужум бўлди. 1993 йилда Ню Йоркдаги Жаҳон Савдо марказига уюштирилган террор ҳужумининг олди олинди.

Бу ҳужумларнинг барчаси ортида Усама бин Ладин ва унинг Ал-Қоида номли тармоғи тургани таъкидланади.

Бу воқеалардан сўнг Усама бин Ладин Саудия Арабистонидан қувилди ва 1992 йилгача Суданда яшади. Кейинчалик у Судандан ҳам қувилди ва 1996 йилда Афғонистонга ўтди.

У ерда эса Усама Толиблар билан мустаҳкам алоқа ўрнатди.

Кейинчалик унинг террор тармоғи 224 одам ҳаётига зомин бўлган Кения ва Танзаниядаги АҚШ элчихоналарига нисбатан энг йирик террор ҳужумларини амалга оширди.

2001 йилда 11 сентябр хуружлари амалга оширилди ва фақат 2004 йилга келиб Усама бин Ладин бу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШ ва НАТО қўшинлари етакчилигида Ал-Қоидага қарши қаратилган глобал аксилтеррор уруши бошланди, Афғонистон ва Ироққа қўшин киритилди.

АҚШ президенти Жорж Буш бошлаб берган аксилтеррор уруши бошланганидан ўн йил ўтиб, Усама бин Ладин йиллар давомида унга тузоқ қўйилган Покистон ва Афғонистон чегарасидаги қабилалар назорати остида бўлган ҳудуддан эмас, балки Исломободдан 60 километр нарида бўлган ва анчагина замонавий, қарийб 1 миллион аҳоли яшайдиган шаҳарнинг қоқ марказидан топилди.

Шу пайтгача олинган маълумотларга кўра, АҚШ қўшинлари Покистон махфий хизматлари ҳамкорлигида 1 майни куни ҳарбий операция ўтказиб, Усама бин Ладинни йўқ қилган.

АҚШ кучлари Усама бин Ладин жасадини олиб кетган ва ундан олинган ДНК намуналари унинг биринчи рақамли террорчига тегишли эканини тасдиқлаган.

Айтилишича, президент Обама март ва апрел ойларида Ал-Қоида етакчисини йўқ қилиш операциясини режалаштириш бўйича хавфсизлик кенгашининг бир нечта мажлисида шахсан иштирок этган. Ўтган жума куни Обама операцияни ўтказиш учун "яшил чироқ" берган.

Барак Обама бу тафсилотларни ошкор қилиб, АҚШ телевидениеси орқали қилган мурожаатидан сўнг Ғарбнинг биринчи рақамли душмани, деб қаралган террорчининг ўлимини байрам қилган америкаликлар Оқ Уй, Time Square ва АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси олдига йиғилдилар.

АҚШ байроғини кўтарган одамлар шу билан террорга қарши уруш тугаганига умид қилмоқда.

Аммо президент Барак Обама бу билан террорга қарши уруш тугамагани, аксинча, бундан буён янада эҳтиёткорликни ошириш зарур эканини алоҳида уқдирди.

- Бин Ладиннинг ўлдирилиши мамлакатимизнинг Ал-Қоидани йўқ қилишга қаратилган уринишларида шу пайтгача эришган энг катта ютуғи бўлди. Бироқ унинг ўлими бу уринишларимиз якунланганини англатмайди. Ал-Қоида бизга қарши ҳужумларни уюштириш ҳаракатларини давом эттиришига шубҳа йўқ. Биз мамлакат ичкариси ва ташқарисида ҳаракатларимизни давом эттиришимиз шарт ва давом эттирамиз, - деди АҚШ президенти Барак Обама.

Шу билан бирга, АҚШ президенти яна бир бор бу кураш Ислом динига эмас, балки инсониятга қарши жиноят содир этаётган террорчиларга қарши қаратилганини таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG