Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:09

“Ўзбекистон чегарани мустаҳкамлаш учун барча чораларни кўрмоқда”


Бу - Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Кенешбек Дуйшебаевнинг ўтган ҳафта охиридаги баёноти.

27 апрел куни мамлакат парламенти – Жўғўрқу Кенеш мажлисида қилган чиқиши чоғида у Ўзбекистон чегарада муҳофаза иншоотлари қураётгани, чегара қўшинлари махсус тайёргарликдан ўтган аскарлар билан кучайтирилаётгани, чегарага ҳарбий техника ва авиация олиб келинаётгани тўғрисида ҳам гапирган.

Хўш, Ўзбекистонга Қирғизистон томондан ким ёки нима таҳдид қилмоқда?

Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари Қирғизистонга туташ. Бу вилоятлар билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1375 километрга чўзилган.

Фарғона вилоятида яшовчи инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашев чегарадаги вазиятдан хабардор.

Унинг айтишича, Қирғизистон билан чегара хавфсизлиги кучайтирилаётгани рост, лекин Қирғизистон расмийси айтаётган даражада эмас. У яқиндагина Шоҳимардонга бориб келганини айтар экан,

- Ўз кўзим билан ишонч ҳосил қилдим. Ўша атрофда Қадамжой-Водил ўртасида ҳеч қандай хандақ кавланаëтгани йўқ. Мана Халмиëн, Чимëн, Миндон атрофларида ҳам ҳеч қандай хандақ кавлангани йўқ, лекин чегараларда пост қўйилган жойларда астойдил ҳаракат қилинаяпти ўтмаслиги учун. Айниқса чегарани ноқонуний кесиб ўтмаслиги учун, - дейди Абдусалом Эргашев.

Чегарадаги чораларнинг кучайтирилишига Абдусалом Эргашев фикрича, иккита сабаб бўлиши мумкин.

Биринчиси – иқтисодий сабаб.

- Қирғизистонда тадбиркорлик билан ўзбеклар шуғулланарди. Лекин ўтган йилги июн воқеаларидан кейин ҳамма тадбиркор ўзбекларнинг машинасию бошқа қиладиган ишларини қирғизлар тортиб олган. Бутун Ўзбекистондан арзонгаров бензин, нефт маҳсулотлари, қурилиш моллари Қирғизистонга ўтаëтганлиги учун божхона тизимидагилар, чегарадагилар қаттиқроқ туришаяпти, дейди Абдусалом Эргашев.

Иккинчидан эса, деб давом этади Абдусалом Эргашев:

- Қирғизистонда ҳокимиятни ким бошқараëтганини ҳеч ким билмайди. Ҳар ким ўзича хўжайин. Ким бошқараëтганини билмайсиз. Албатта бундай таҳликали қўшнидан ўзини эҳтиëт қилади. "Қўшнингни ўғри тутма, ўзингга эҳтиëт бўл" дегани рост бўлса керак. Ўзим ҳам ҳуқуқ фаоли сифатида тавсия қилардим. Сал ўтиб қолган одамларни гаровга олишлари ëки Ўзбекистон ҳудудига бостириб кириб, мол-қўйларни етаклаб кетишлари жуда кўп рўй бераяпти, - дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг фикрига далил сифатида вилоятнинг Юқори Водил қишлоғида февралда юз берган ва ҳануз ечимини топмаган воқеани эслашимиз мумкин.

Юқори водиллик Наврўзбек Турғуновни 21 феврал куни ўғирлаб кетган қирғиз милиционерларни Ўзбекистон интерпол орқали қидирувга бермоқчи эканлиги тўғрисидаги хабар муносабати билан ўтказганимиз суҳбат давомида чегарадаги вазият тўғрисида қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов мана бундай деган эди.

- Мана Қирғизистон сувни тўсиб олаяпти. Ҳозир айнан сув ичадиган пайт қишлоқ хўжалик экинларига. Сувларни тўсиб олаяпти. Аҳолига сув тақчиллиги бор. Ҳар куни шу муаммо бизда. Хоҳлаганда тўсиб олаверади уларга керак бўлса. Катта сел келиб қолса, тўплаб туриб очиб юборади. Бир ëқни уриб кетади. Мана ҳозир ҳам сув йўқ, - деган эди Юқори Водил қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Назиржон Исоқов.

Умуман, Ўзбекистон-Қирғизистон ва Қирғизистон-Тожикистон чегараларидаги вазият анча ташвишлидир.

Қирғизистон чегара қўшинлари қўмондонии Зокир Тиленовнинг 29 апрел куни парламентда қилган чиқиши чоғида айтишича, 2009 йили Ўзбекистон билан чегарада 41, Тожикистон билан чегарада 16 марта, 2010 йили Ўзбекистон билан чегарада 38, Тожикистон билан чегарада 24 марта можаро юз берган. Жорий йилнинг дастлабки 3 ойида эса, Тожикистон билан чегарада 8, Ўзбекистон билан чегарада 7 марта можаро юз бергани қайд этилган.

Зокир Тиленовга кўра, қўшни давлатлар фуқаролари ўртасидаги можароларга ер-сув, контрабанда, яйлов масалалари сабаб бўлган. Лекин Қирғизистон чегарачилари бошлиғи можароларни асосан, кимлар, қайси томон бошлаётгани тўғрисида маълумот бермаган.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ва унинг қўл остидаги чегара қўшинлари қўмондонининг баёнотлари юзасидан фикр сўраб ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповга мурожаат қилдик.

Унинг айтишича, минтақа мамлакатлари орасида чегаралар билан боғлиқ барча масалалар батамом ҳал қилинмаган ва чиқаётган можаролар сабабини шундан излаш керак.

- Агарда Қирғизистон билан бўлган чегарани алоҳида масалани олиб кўрсак, доим бу чегарада турлича кескин шаклда можаровий тўқнашувлар ҳолатлари юзага келган. Қолаверса, биз яқин ўтмишда минг афсуски Ўшдаги тўқнашувларнинг гувоҳи бўлдик ва шунга ўхшаш воқеалар ҳам айтиб турибдики, бундай ҳолатлар Ўзбекистонни ташвишга солмай қолмайди. Албатта ҳар қандай эҳтимолий вазият кескинлашувига тайëр туриш ҳар қандай давлатнинг вазифасига киради, - дейди тошкентлик таҳлилчи Фарҳод Толипов.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев эса бошқачароқ фикрда.

- Агар Ўзбекистон раҳбариятининг баёнотларини диққат билан таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, Ўзбекистон учун айнан қўшни давлатлар ҳудудлари у ёки бу террористик ва экстремистик ташкилотлар келиб чиқадиган майдондир, деган ҳис пайдо бўлади, дейди Дўсум Сатпаев.

"Ўз чегараларини ошиғич мустаҳкамлашини Тошкент мана шу ҳолат билан тушунтиришга уринади", деб давом этади таҳлилчи. "Аслида, - дейди у, - Ўзбекистоннинг ўзи, у олиб бораётган изоляционистик сиёсат минтақа учун асосий бош оғриғидир".

“Балки, чиндан ҳам сиз айтаётгандайдир. Лекин Қирғизистоннинг ўзидаги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, Кенешбек Дуйшебаевнинг баёноти ўзини ишлаётган қилиб кўрсатиш мақсадида қўшнини “бўжи” кўрсатишга уриниш эмасми?” деб сўрадик Дўсум Сатпаевдан.

- Бу минтақа мамлакатлари расмийлари, шу жумладан чегара хизматлари расмийлари қўллайдиган анъанавий тутумдир. Чегарада можаро юз берганида бирон марта ҳам томонлар муросага келиб, уни расмий даражада ҳал қилишга уринганларини билмайман. Бу кейинги пайтларда чегара масалаларида умумий таҳдидларга - наркотрафикка, террорчиликка қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида қилинган расмий баёнотлар қоғозда қолиб кетаётганидан, амалга ошмаётганидан далолатдир, - деди Дўсум Сатпаев.
XS
SM
MD
LG