Линклар

Ўзбекистонда янги терим машинаси ўйлаб топилди


Ўзбек олимлари ўйлаб топган янги терим машинаси далаларда пахта теришга мажбур қилинаётган болаларни машаққатли меҳнатдан халос қилиб қўйса ажаб эмас.

Ўзбек олимлари ўйлаб топган янги терим машинаси далаларда пахта теришга мажбур қилинаётган болаларни машаққатли меҳнатдан халос қилиб қўйса ажаб эмас.

Ўзбек олимлари ўзлари кашф қилган янги пахта терим машинаси теримчилар меҳнатини енгиллатишига умид қилмоқдалар.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўрозбоев номидаги Механика ва бинолар зилзилабардошлиги институти ходимлари ғилдиракли тракторга омоч каби қўшиладиган пахта терим машинасини ўйлаб топдилар.

Лойиҳа муаллифлари бундай техниканинг яратилиш эҳтиёжини комбайн шаклидаги пахта териш машиналаридан фермер хўжаликларида фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламагани билан изоҳламоқдалар. Чунки бундай машиналардан йилига бир-икки ой фойдаланилади, холос.

- Янги машинани тракторга қўшиш ва ажратиш жўнлиги билан фарқланиб, бу саноқли дақиқаларда амалга оширилади, - дея иқтибос келтиради ўзбек олимлари сўзларидан Регнум ахборот агентлиги.

Экспертларга кўра, янги машинанинг нархи хорижда ишлаб чиқарилган шу каби машиналардан икки баробар арзондир. Аммо бу машина нархи қанча бўлиши ҳақида маълумотлар ҳозирча ошкор қилингани йўқ. Шу важдан ўзбек фермерларининг янги пахта терим машинасини сотиб олишга қурби етиш-етмаслиги ҳақида гапиришга ҳали эрта.

Янги агрегат, муаллифлар мулоҳазасича, ўзбекистонлик теримчилар меҳнатини енгиллатишга имкон беради. Айни таъкид, агар ўзбек фермерлари ёппасига янги терим машиналарини сотиб олган тақдирда, Ўзбекистон пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш камайишига умид уйғотади. Чунки, расмийларнинг баёнотларига қарамай, Ўзбекистон далаларида балоғат ёшига етмаган болаларни эксплуатация қилиш ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда пахта терим машиналарини йиғиш билан “Тошкент трактор заводи” очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти шуғулланади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон терим машиналарини ишлаб чиқариш бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Ўзбекистонлик тракторсозлар ўз маҳсулотларини ўз мамлакатидан ташқари бир неча давлатга ҳам экспорт қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG