Линклар

Андижон воқеалари ëдга олинади


Орадан тўрт йил ўтиб ҳам¸ 13 май куни Андижонда нима воқеалар рўй бергани ва қанча одамнинг ўлдирилганига доир аниқ ва мустақил маълумот йўқ.

Орадан тўрт йил ўтиб ҳам¸ 13 май куни Андижонда нима воқеалар рўй бергани ва қанча одамнинг ўлдирилганига доир аниқ ва мустақил маълумот йўқ.

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат аҳолисига йўлланган очиқ хатда жамоатчиликни 13 май куни Тошкентдаги Жасорат ёдгорлиги олдида йиғилиб, Андижонда ҳалок бўлганларни хотирлашга чақирмоқдалар.

Андижон фожеаси қурбонларини хотирлаш акциясининг 13 май куни соат 10.00да Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий кўчаси ва Шароф Рашидов шоҳкўчалари чорраҳасида жойлашган Жасорат ёдгорлиги олдида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Акция ташкилотчилари Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси, Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси ва бир гуруҳ мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларидир.

Ўзбекистондаги виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовга кўра, ташкилотчилар Ўзбекистон аҳолисига очиқ хат билан мурожаат қилиб, барчани Андижон фожеасида ҳалок бўлганларни хотирлашга чақиришган.

- Биз ҳар доим битта жойни танлаганмиз. 13 май куни соат 10.00 да Жасорат ҳайкалининг олдига борамиз. Андижон воқеасида ҳалок бўлганларни хотирлаймиз.

Биз бу очиқ хатдан ташқари бошқа кўп хатлар қилганмиз. Шаҳар¸ туман ҳокимиятига биз “Жасорат ҳайкали ëнида хотира акцияси ўтказмоқчимиз ва бизга тўсқинлик қилманглар” деган мазмунда ариза ташлаб қўйганмиз, дейди Баҳодир Намозов.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаевага кўра, акция давомида ҳалок бўлганларни хотирлаб, Жасорат ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйиш билан биргаликда Андижон фожеаси билан боғлиқ бир қатор сиёсий талабларни ҳам илгари суриш режалаштирилган.

-Акция давомида Андижон воқеаси қурбонлари бўйича мустақил текширув ўтказиш талабини ҳам ҳукумат олдига қўямиз.

Ҳукумат қўшинлари томонидан тинч аҳолига нисбатан қурол ишлатиш ҳолати, бу Женева конвенцияси талабларини бузиш, бу халқаро жиноят. Бунинг учун Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Ислом Каримов жавоб бериши лозим, дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, акция борасида Ўзбекистондаги бир қанча хорижий давлатлар элчихоналарига ҳам хабар берилган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Саломат Бойматова ҳам 13 май куни акцияда иштирок этишни режалаштираяпти.

-Андижон воқеасида ҳалок бўлганларни хотирлаб, Жасорат ҳайкали пойига гулдаста қўямиз. Насиб бўлса¸ мен ҳам чиқмоқчиман.

Кўп йиллар эшикнинг олдига милиционерлар келиб чиқармайдиган ҳолатлари бўлган. Барибир акцияда иштирок этиш ниятим бор, дейди Саломат Бойматова.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ўзининг ҳар йили Андижон фожеасида ҳалок бўлганларни хотирлаш акциясида иштирок этишга урингани аммо бунга тўлиқ муваффақ бўлмаганини айтади.

- Лекин ҳар доим мени беш-олти соатга қамоққа олишган. Гулчамбар қўядиган жойгача етиб келмаганман.

Баъзи пайтда уйимдан олиб кетишган¸ баъзи пайтда йўлдан тутиб олиб кетишган¸ баъзи пайтда ҳар хил йўллар билан майдонга келиб қолган бўлсам¸ майдондан олиб кетишган. Хуллас¸ мен ҳеч қачон гулчамбар қўйишга эришган эмасман.

Менинг фикримча¸ ҳалок бўлганларни хотирлашни ман қиладиган Каримов бу йил ҳам акция ўтказишни ман қилса керак деб ўйлайман.

Ҳозирги ҳукумат, хусусан, Каримов ўзининг қилган жиноятини билгандан кейин “шу кунни хотирламасин”, деб Ўзбекистоннинг ҳамма жойига милиция қўяди¸ МХХ ходимини қўяди.

Алянсчиларнинг ҳозирги қилаëтган акцияси амалга ошишига кўзим етмайди. Чунки бу акциядан Каримов қўрқади. Шунинг учун акция ўтказилишига тўсқинлик кучли бўлади, дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Акция ташкилотчиларининг маълум қилишларича, акция ўтказилиши ҳақида давлат ташкилотларига йўлланган хатларининг бирортасига расмий жавоб олмаганлар.

Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000 дан зиёд одам ҳалок бўлган.

Ўзбекистон расмийлари эса 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда 187 одамнинг нобуд бўлганини айтиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG