Линклар

"Соқовлар булбулдек ўтиб кетишди"

  • Абдулла Искандар

Руҳиддин Комилов¸ Ўзбекистонда ўзга фикрловчиларни ҳимоя қилишга ботиниб келган бармоқ билан санарлик адвокатлардан бири.

Руҳиддин Комилов¸ Ўзбекистонда ўзга фикрловчиларни ҳимоя қилишга ботиниб келган бармоқ билан санарлик адвокатлардан бири.

"Адвокатура тўғрисидаги" қонунга киритилган ўзгартишлар асосида мухолифат вакиллари¸ ҳуқуқ фаоллари ва эътиқод маҳбусларини ҳимоя қилиб келаëтган саноқли адвокат лицензиясиз қолиши мумкин.

Шу йил апрел охиридан бошлаб ўзбекистонлик адвокатлар имтиҳонга тортилдилар. Адвокатларга 1363 савол берилди ва улардан 353 суд жараëнини таҳлил қилиш сўралди.

18 йилдан бери адвокатлик қилиб келаëтган адвокат Руҳиддин Комилов ва 1997 йилдан бери эътиқод маҳбусларини ҳимоя қилиб келаëтган адвокат Рустам Тўлаганов бу имтиҳондан ўтказилмадилар.

Руҳиддин Комилов: Оқибати¸ айнан мен учун яхши бўлмади. Мен малакасиз¸ саводсиз эканман.

Озодлик: Қанақа ҳуқуқий асослар бор? Нима учун шундай қилишди?

- Ҳеч қанақа ҳуқуқий асос йўқ. Менинг кимлигимни мени имтиҳон қилган одамлардан эмас¸ мижозларимдан сўрасин¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Журналист Солижон Абдураҳмоновни ҳимоя қилган адвокат Рустам Тўлагановга кўра¸ ҳукумат бирваракайига тизгинсиз ҳимоячилардан қутулиш ниятида.

Рустам Тўлаганов: 46 та одамдан битта мен ўтмабман. Қолган ҳаммаси ўтишди. Энг ëмон адвокат мен эканман. Бешта саволига ҳам жавоб берган эдим¸ лекин барибир ўтказмади.

Озодлик: Сиз Юсуф Жумани ҳимоя қилдингиз¸ Солижон Абдураҳмоновни ҳимоя қилдингиз.

-Ҳа¸ ана ўшанинг таъсири энди бўлаяпти. Бундан ташқари 150 тача ваҳҳобийларни ҳимоя қилганман. Ҳаммаси таниб қолган.

Онда-сонда Озодлик радиосига ўхшаган хориж оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилиб¸ бўлаëтган жараëнларни изоҳлаб тураман. Мана шуларнинг ҳаммаси инобатга олиниб¸ шунақа бўлаяпти¸ дейди Рустам Тўлаганов.

Руҳиддин Комиловга кўра¸ имтиҳондан тажрибаси ва малакаси кам бўлган адвокатлар ҳам силлиққина ўтиб кетишган.

- Гапнинг очиғи¸ соқовлар ҳам булбулдай ўтиб кетишди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комиловнинг бу фикрини унинг касбдоши Рустам Тўлаганов ҳам маъқуллайди.

- Умуман бир ойда битта жараëнда ҳам ҳимоячи бўлиб қатнашмайдиганлар ҳам ўтиб кетишипти. Бизлар билмас эканмиз¸ қолган ҳаммаси яхши билар экан.

Озодлик: Рустам ака¸ неча йилдан бери адвокатлик қиласиз?

Рустам Тўлаганов: Мен 1997 йилдан бери адвокатлик қиламан. Унгача прокуратурада терговчи бўлиб ишлаганман.

Озодлик: Қўйилган саволларнинг жавобларини биласиз.

- Э¸ албатта. Агар мен билмаганимда¸ булар менга жаҳл қилмаган бўларди. Булар бизнинг билиб қилаëтганимизни билади. Лекин ҳаммаси қўрқади. Биз борсак¸ худди қопағон итни кўргандай бўлишади. Шунинг учун доимо шикоят қилишади¸ дейди Рустам Тўлаганов.

Руҳиддин Комилов назарида¸ адвокатларни имтиҳон қилиш жараëни ҳукумат назарида исталмаган ҳимоячилардан қутулиш учун ўрнатилган бир тўр.

- Вазирлар маҳкамасининг бошқатдан лицензиялаш тўғрисида март ойида чиққан қарори бор. Лекин бу қарор қонунга зид. Чунки биз лицензияни 1997 йилда адвокатура тўғрисида қабул қилинган қонунга асосан олганмиз. Буни бекор қилишга ҳеч кимнинг қонуний ҳуқуқи йўқ.

Йиғилишларда ҳам¸ бошқа жойларда ҳам бу ҳақда айтилаяпти. Меъëрий ҳужжат қанақа қилиб қонун ҳужжатини бекор қилиши мумкин?

Умуман қонун нуқтаи назаридан оладиган бўлсак¸ менинг лицензиямни ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Ҳеч кимда бекор қилишга ваколат ҳам йўқ. Чунки менга лицензия муддатсиз берилган.

Аммо март ойида Вазирлар маҳкамасининг бошқатдан лицензия бериш тўғрисида қарори чиқди ва лицензия бериш комиссиялари тузилди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Рустам Тўлагановга кўра¸ ҳар бир адвокат “Адвокатура тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгаришларга мувофиқ Ўзбекистонда ташкил этилган “Адвокатлар палатаси”га аъзо бўлиши шарт. Бу ташкилот расман нодавлат-ноҳукумат ташкилоти мақомига эга дейилса-да, палатанинг мамлакат Адлия вазирлигига бўйсуниши мумкинлигидан хавотирим бор¸ дейди Тўлаганов.

Руҳиддин Комиловга кўра¸ фуқаролик жамиятининг ягона институти сифатида Ўзбекистонда мавжуд бўлган адвокатура йўқ бўлиш хавфи остида.

- Менимча¸ Ўзбекистонга профессионал адвокатлар керак эмас. Мен бундан жуда ҳам таажжубда эмасман. Мен буни кутган эдим. Келинни келганда кўр¸ сепини ëйганда кўр¸ дейишадику. Кўрамизда¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистонлик адвокатларнинг бошини мажбурий равишда қовуштириш ва илмини имтиҳондан ўтказиш жараёни 1 июлга қадар давом этади.

Ўзбекистонда бораётган бундай ислоҳотнинг бекор қилинишини сўраб, 700 нафарга яқин адвокат мамлакатнинг юқори органлари, президент Каримов ва бир қатор халқаро ташкилотларга мурожаат қилган. Аммо бу мурожаатлардан натижа бўлгани йўқ ва ўзбекистонлик таниқли адвокатлардан икки нафари ўз касбидан мосуво бўлиш арафасида.

Айни пайтда 18 йиллик тажрибага эга адвокат Руҳиддин Комилов имтиҳон натижалари устидан шикоят аризаси ëзди. Шикоят бир ой давомида кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG