Линклар

Покистон гуманитар бўҳрон ëқасида


Бор-будидан айрилиб¸ жон сақлашга уринаëтган юз минглаб сватликларнинг борарга жойи йўқ.

Бор-будидан айрилиб¸ жон сақлашга уринаëтган юз минглаб сватликларнинг борарга жойи йўқ.

Покистон ҳукумат қўшинлари мамлакат шимол-ғарбида жойлашган толибон ва Ал-Қоида жангариларига қарши кенг кўламли амалиëтлар олиб бораëтган айни пайтда юз минглаб тинч аҳоли бу минтақани ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.

Сват водийси аҳолиси ғарбий Мардон шаҳри томон азобли йўлни босар экан¸ улар бу шаҳарга аллақачон етиб келган юз минглаб қочқинлар сафини тўлдиради.

Покистон армияси Афғонистонга туташ чегара ҳудудларини ўзига макон қилган толибон ва бошқа жангариларга қарши кенг кўламли ҳужумга ўтганидан бери Малаканднинг Сват¸ Бунер ва Қуйи Дир районларини саноқли кунлар ичида 360 мингдан ошиқ одам тарк этди.

Пешавор водийсидаги Мардон каби нисбатан тинч районларга оммавий қочқинлар оқими ëпирилар экан¸ бу жараëннинг мамлакатда янги гуманитар бўҳрон яратгани айтилмоқда.

Халқаро ва маҳаллий ëрдам ташкилотларига кўра¸ бораëтган тўқнашувлар оқибатида яна камида 500 минг одам бошпанасиз қолиши мумкин.

Қочқинлар янги армиясининг эса¸ 2003 йилдан бери ярим миллиондан ошиқ паштун қочқинлари яшаб келаëтган лагерларга йўл олаëтгани айтилмоқда.

Мардон аҳолисини дақиқа сайин кўпайтираëтган қочқинлар орасида 50 яшар Оқила ҳам бор.

У янги бошпанаси - қочқинлар лагеридаги палатка олдида юрган 11 боласи ва яна саноғини ўзи ҳам унутган набираларига қараб туриб¸ ўз уйини ташлаб кетишга мажбур қилган сабаблар ҳақда йиғлаб гапиради.

- Бошимиз устидан ўқ ëмғирдек ëғилди. Тўрт тарафдан ўт очиш бошланди. На сув ва на электр қолди. Жон сақлаш учун қочишдан ўзга иложимиз қолмади. Бор чорвамизни ташлаб келаяпмиз. Бор-йўқ бойлигимиз ана шу чорва эди¸ энди ҳеч вақосиз қолдик¸ дейди Оқила исмлик қочқин аëл.

БМТ нинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги вакили Ариане Раммери¸ ҳозирга қадар уйини ташлаб кетган 360 мингдан ошиқ малакандликнинг 20 мингга яқини Мардондаги ички қочқинлар лагеридан бошпана топганини айтади.

Раммери¸ юзага келган ўта оғир вазиятда мардонлик аҳолининг қочқинларга овқат ва жой бераëтганини юқори баҳолай туриб¸ вазиятнинг соат сайин оғирлашаëтганини қўшимча қилади.

- Қочқинлар идораси БМТ даги бошқа шериклар билан яқиндан ишламоқда. Биз ҳозирда қочқинлар учун лагерлар ташкил қилаяпмиз. Биз бу лагерлардагиларга ëрдам беришдан ташқари¸ бир қатор гуманитар ëрдам марказлари ва таъминот нуқталари ҳам очмоқдамиз. Маҳаллий аҳоли ва ҳукумат ҳам қочқинларга ëрдам бериш учун қўлдан келганини қилмоқда. Аммо вазият ўта оғир¸ дейди БМТ қочқинлар идораси вакили.

Покистонлик таҳлилчилар¸ йил бошидан бери ҳукуматнинг толиблар муаммосини куч оситасида ҳал қилиш уринишлари мамлакатда ички қочқинлар оқимини кучайтираëтганидан хавотир билдириб келаëтган эди.

Аммо Исломобод расмийлари¸ шимол-ғарбий минтақалардаги ҳарбий амалиëтлар ўзини оқлаëтгани ва ҳозирга қадар 700 дан ошиқ толибон жангариси йўқ қилинганини айтмоқдалар.

Ҳатто ҳукуматнинг ҳарбий амалиëтлари ўзини оқлаб¸ Сват водийси жангарилардан тозаланган тақдирда ҳам¸ бошпанасиз қолган миллионлаб аҳолини нормал ҳаëтга қайтаришнинг ўта қийин бўлажаги кутилмоқда.

- Ҳозир сарсонликка йўлиққан одамнинг саноғи йўқ. Ҳатто можаро эртага тўхтаса ҳам¸ бу одамлар бирданига уйига қайтмайди. Уларга яшаш учун шароит керак.

Улар уйга қайтиб¸ ўз ҳаëтларини қайта тиклаш учун ëрдамга муҳтож бўладилар. Агар вайронагарчилик авҳолини кўрсангиз эди¸ уйга қайтишнинг биз учун қарийб ушалмас орзуга айланганини ўзингиз ҳам тушуниб олардингиз¸ дейди сватлик қочқинларга ëрдам беришга уринаëтган БМТ расмийси Ариане Раммери.
XS
SM
MD
LG