Линклар

Эрон журналистни озод қилди


Рухшонанинг Эрон қамоғидан озод этилишини унинг ота-онаси каби интизор кутганлар йўқ бўлса керак.

Асли эронлик америка журналисти Рухшона Собирий Эрон аппеляция суди қарори билан озодликка чиқарилди. Аввалига 8 йилга қамоққа ҳукм этилган мухбир эндиликда икки йиллик шартли жазога тортилди.

Асли эронлик америка журналисти Рухшона Собирий 11 май куни озодликка чиқарилди ва эндиликда у исталган паллада мамлакатни тарк этиши мумкин.

10 май куни Эрон аппеляция суди журналистнинг ҳимоячилари киритган шикоят аризасини кўриб чиқди. 11 май куни эса шартли жазо билан журналистни озод қилиш ҳукмини ўқиди.

Бироқ, 32 ёшли журналистга 5 йил давомида Эрондан туриб, хорижга репортаж узатиш таъқиқланди. Бу ҳақда унинг икки адвокатидан бири Солиҳ Некбахт шундай маълум қилди:

- Бу ҳукм Эрон ва АҚШ ўртасида душманлик кайфияти мавжудлигига исбот шарт эмаслигидан далолат бермоқда. Демак, Собирийнинг айбланиши душман давлат билан ишлаш қабул қилинмаслигини англатади. Собирийнинг фаолияти Эрон жиноят кодексининг 505 моддасига биноан Эрон миллий хавфсизлигига таҳдид, деб топилди ва унга икки йиллик шартли жазо берилди, деди америка журналисти Рухшона Собирийнинг адвокати.

Рухшона Собирийнинг ҳибсга олингани ва дастлабки ҳукмга кўра, унга 8 йиллик қамоқ жазоси берилгани халқаро ҳамжамият томонидан катта норозилик билан қарши олинган эди. Эндиликда аппеляция суди журналистни тўла оқламагани ҳам унинг ҳимоячиларини норози қилмоқда.

Бироқ журналистнинг яқинлари, жумладан, унинг отаси Ризо Собирий қизининг озодликка чиқарилганидан бениҳоя хурсандлигини яширмади.

-Унинг аҳволи жуда яхши ва биз шундай хотимадан жуда бахтиёрмиз, деди америка журналисти Рухшона Собирийнинг отаси.

Журналистнинг озод этилганини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ҳам олқишламоқда. Бироқ, ташкилотнинг матбуот котиби Ризо Моиний бу воқеа эркин матбуот Эронда қанчалик даҳшатли тўсиқлар дуч келаётганидан дарак беради, деб ҳисоблайди.

- Воқеа бу давлатда журналистлар эркинлигини савол остига қўймоқда. Бу эса биринчи бор содир бўлаётгани йўқ. Айни айблов билан бир неча эронлик журналист қамоққа олинган. Биз Собирий устидан ўқилган сўнгги ҳукмни маъқулламаймиз. Аммо, унинг озод этилганидан ҳурсандмиз ва бошқа журналистлар ҳам озод қилинишига умид билдирамиз”, деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти матбуот котиби Ризо Моинийга кўра, Собирий халқаро ҳамжамият босими остида озод этилган.

Журналистнинг озод этилгани юзасидан муносабат билдирган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, жумладан, шундай деди:

- Рухшона Собирий қамоқдан озод қилинди. Ҳозир у ўз оиласи билан ва тез кунларда АҚШ га қайтади. Ойдинки, унга қўйилган айбловларнинг бекор қилиниши устида ишни давом эттирамиз. Аммо, биз унинг озод этилганидан жуда руҳландик ва унга, унинг яқинларига энг яхши тилакларни билдириб қоламиз, деди АҚШ давлат котиби.

Эслатамиз, икки давлат — Эрон ва АҚШ фуқаролилига эга бўлган журналист Рухшона Собирий 2003 йилдан буён Эрондан туриб, хориж матбуотига ишлаётган мустақил мухбир эди.

У январ ойида жазога тортилди. Унга Эрон Ислом республикасида ноқонуний фаолият ҳисобланган — спиртли ичимлик сотиб олиш ва аккредитация муддати тугаганига қарамасдан, Эрондан туриб хориж ахборот воситаларига ахборот узатганлик айбловлари қўйилган эди. Кейинчалик эса унга АҚШ фойдасига жосуслик қилганлик айби ҳам қўйилди.
XS
SM
MD
LG