Линклар

Тожик ҳокими ўзбек ҳибсхонасида "меҳмон" бўлди


Чегарада ўзлари хон¸ кўланкаси майдон бўлиб иш тутадиган Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳатти-ҳаракатларининг сиëсий оқибатларидан кўп ҳам хабардор эмас кўринади.

Чегарада ўзлари хон¸ кўланкаси майдон бўлиб иш тутадиган Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳатти-ҳаракатларининг сиëсий оқибатларидан кўп ҳам хабардор эмас кўринади.

9 май куни Ўзбекистоннинг “Андархон” чегара пункти чегарачилари Тожикистоннинг Конибодом тумани ҳокимини чегарада ушлаб, Бешариқ туман вақтинча сақлаш ҳибсхонасига қамаб қўйганлар.

Исми ошкор қилинишини истамаган конибодомлик суҳбатдошимиз можаро тафсилотларига тўхталади.

- 9 май куни ярим кечаси туман ҳокими Ҳилолиддин Шамсиддинов Катта Фарғона каналида сув камайганлиги сабабларини билиш мақсадида Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани яқинида жойлашган шлюзни текширишга борган. Чегарадан ўтган ҳокимдан Ўзбекистон чегарачилари тўхташни талаб қилишган. Шундан кейин осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узганлар. Бироқ туман ҳокими чегарачиларнинг огоҳлантиришларига эътибор бермай, шлюзни очмоқчи бўлади.

Чегарачилар туман ҳокимини ушлаб, Бешариқ туман ички ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига топширганлар. Ҳокимни олти соат давомида сўроқ қилганлар. Конибодом туман миллий хавфсизлик бўлими зобитлари ва ҳукумат вакиллари Бешариқ туманига боришганидан кейингина туман ҳокими озод қилинган, дейди конибодомлик суҳбатдошимиз.

Мазкур воқеага аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси консули Муродил Абдуразоқов билан боғландик.

- Бизнинг бу воқеадан хабаримиз йўқ. Агар ҳақиқатан шундай воқеа содир бўлганида бизга хабари¸ албатта¸ етиб келарди. Шу пайтгача бизга ҳеч ким мурожаат ҳам қилмади, қўнғироқ ҳам қилгани йуқ, дейди элчихона консули Муродил Абдураззоқов.

Сўғд вилоят ҳукумати ахборот ва таҳлил марказининг етакчи мутахассиси Жамжид Обидпур ҳам бу воқеа ҳақида бирор-бир маълумотга эга эмаслигини айтди.

Конибодом туманидаги “Садои Конибодом” ҳукумат газетаси ходими Худойберди Самандаровнинг айтишича¸ воқеа содир бўлган куни туман ҳокими Ҳилолиддин Шамсиддинов шошилинч мажлис ўтказган.

- Шошилинч мажлисга куч ишлатар тизимлар вакиллари, ҳукуматнинг масъул мулозимлари йиғилди. Туман ҳокими бўлиб ўтган воқеа махсус уюштирилганлигинини айтди. “Менинг ярим кечада сув масаласи билан шуғулланишимни фақат айрим одамлар биларди, холос. Бу воқеани ўшалар уюштирганлар. Ўзбекистон чегарачиларига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Ҳамма иллат ўзимизда”, деди туман ҳокими. Ҳокимнинг гапида жон бор. Бу нохуш ҳодисани¸ ҳақиқатан ҳам¸ туман ҳокимига мухолиф бўлган кучлар уюштирган. Уларнинг кўрсатмаси билан ўзбек чегарачилари уни ушлаб олиб кетганлар, дейди Худойберди Самандаров.

Айни пайтда кузатувчилар¸ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг кейинги пайтларда совуқлашиб бораëтгани хусусида жиддий ташвиш билдирмоқдалар.Уларга кўра¸ ўзаро чегаралардаги вазият бундай совуқчиликни очиқ-ойдин акс эттираëтган ўзига хос кўзгудир.

- Тожик ва ўзбек чегарачилари ўртасидаги муносабатларда пайдо бўлаётган муаммолар анчадан буён ҳаммани ташвишга солиб келади. Бу нафақат оддий одамларни, балки журналистларни ва таҳлилчиларни ҳам ўйлантириб қўймоқда. Чунки ҳали шу пайтгача чегарадаги вазият бунчалик таранглашмаган эди. Бундан кўпроқ оддий бегуноҳ одамлар жабр кўраяпти.

Назаримда, ҳар икки давлатнинг тегишли тизимлари чегараларда содир бўлаётган воқеалар сабабларини чуқур ўрганишлари керак. Айбдорлар ўз вақтида жазоланса, бундай нохуш ҳодисаларга ўрин бўлмайди, дейди тожикистонлик мустақил журналист Бахтиёр Валиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG