Линклар

logo-print

Ҳукм ўзгаришсиз қолди


Кекса журналист аризасини кўриб чиққан аппеляция суди уни яна панжара ортида қолдиришга қарор қилди.

Кекса журналист аризасини кўриб чиққан аппеляция суди уни яна панжара ортида қолдиришга қарор қилди.

Андижон вилоят жиноий ишлар суди асакалик кекса журналист Кушодбек Усмоновнинг аппеляция тартибидаги шикоят аризасини кўриб чиқиб, биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирди.

Эзгулик жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка маълум қилишича, аппеляция тартибидаги маҳкама Кушодбек Усмоновга тайинланган олти ойлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган.

- Асакалик кекса журналист Кушодбек Усмоновнинг аппеляция босқичида суди бўлиб ўтди. Дастлабки суд ҳукми ўз кучида қолдирилди. Март ойининг охирида уни олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилиш бўйича жиноий ишлар бўйича Асака туман судининг қарори чиққан эди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Озодлик овози” ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий бюллетени тарқатган хабарга кўра, аппеляция ҳайъати маҳкама жараёнида рўй берган қонун бузилиши ва тергов чоғида қийноқ қўллангани юзасидан тақдим этилган далилларни инобатга олмаган.

Кушодбек Усмонов жорий йилнинг 13 январ куни Асака шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан безориликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Унинг ҳибсга олинишига жияни томонидан берилган ариза асос бўлган. Кейинчалик суд ҳукмига мувофиқ, Кушодбек Усмонов Ўзбекистон Жиноят кодексининг туҳмат, ҳақорат ва безоролик моддалари бўйича айбдор, деб топилган.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцовга кўра, ташкилот Кушодбек Усмонов билан боғлиқ маҳкама жараёнларидан хабардор, бироқ бу юзасидан бирор изоҳ бера олмайди.

- Биз ҳар доим ўзбекистонлик, айниқса, андижонлик мустақил журналистларнинг таъқиб қилиниши юзасидан хавотирларимизни айтиб келамиз. Умуман олганда, бу жуда ҳам ташвишланарли тенденция. Бироқ Ҳюман Райтс Уотч Кушодбек Усмонов иши бўйича жўяли бир шарҳ бера олмайди, дейди Игорь Воронцов.

Newsuz.com ахборот-таҳлилий сайти ўз манбаларига таянган ҳолда Кушодбек Усмоновнинг “қамалишида унинг Андижон вилояти ва Асака шаҳри милиция идораси тўғрисида ёзган танқидий материаллари сабаб бўлган”и ҳақида ёзади.

Бироқ ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов Кушодбек Усмоновнинг қамалишига унинг журналистик фаолияти сабаб бўлган, деб ҳисобламайди.

- Биз унинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши¸ ўзбек расмийлари позициясига қарши чиққан мақолаларини кўрганимиз йўқ. Шунинг учун уни бошқа журналистлар каби касбий фаолияти учун қамоққа олинди, дейишга асосларим йўқ. Энди, бир томондан, унинг қамалиши шахсий ҳаëти билан боғлиқ муаммолар ҳам дейишимиз мумкин. Иккинчи томондан, журналистнинг ҳибсга олиниши ижтимоий воқеа сифатида бизнинг эътиборимизни тортган эди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасига кўра¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида олти нафар журналист сақланмоқда.

Булар 1999 йилда қамалган Эрк газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов¸ 2002 йили қамалган "Ҳуррият" газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев, 2004 йили қамалган "Поп тонги" газетаси мухбири Ортиқали Номозов, 2006 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида сақланаëтган мустақил журналист, президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ва 2008 йилнинг октябрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлардир.

Айни пайтда Самарқандда яна бир мустақил журналист Дилмурод Саййид иши бўйича тергов жараёни тугаб, жиноий иш Самарқанд вилоят Жиноят ишлари судига оширилди.
XS
SM
MD
LG