Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:08

АҚШ Афғонистондаги қўмондонини алмаштирди


Ўз қарорини эълон қилиши арафасида АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистонда қўмондон Дэвид МакКирнаннинг ўзи билан ҳам учрашди.
Ўз қарорини эълон қилиши арафасида АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистонда қўмондон Дэвид МакКирнаннинг ўзи билан ҳам учрашди.

Бош қўмондон лавозимга тайинланганига ҳали бир йил бўлмаган генерал Дэвид МакКирнанни истеъфога чиқариш қарорини изоҳлар экан, АҚШ мудофаа вазири Гейтс Афғонистондаги урушни бошқариш учун “янгича қарашлар” лозимлигини таъкидлади.

Мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистондаги қўшинлар бош қўмондонини алмаштириш қарорини Пентагонда ўтгазилган матбуот анжумани чоғида эълон қилди:

- Бирлашган қўшинлар бош штаби раҳбари ва Марказий қўмондонлик бошлиғи билан маслаҳатлашув ҳамда президент тасдиғидан сўнг, мен генерал Давид МакКирнандан истеъфога чиқишини сўрадим, деди Роберт Гейтс.

Бош қўмондоннинг истеъфога чиқиши президент Барак Обама режасига мувофиқ қўшимча 21 минг америкалик ҳарбийнинг Афғонистонга киритилишига тараддуд кўрилаётган бир даврга тўғри келди.

Жорий йил якунига қадар АҚШ ҳукумати Афғонистондаги қўшинлар сонини 68 мингга етказишни режалаштирмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда Ироқда хизмат қилаётган америкалик ҳарбийлар сони 130 минг кишини ташкил этади.

Роберт Гейтс АҚШнинг Афғонистондаги 45 минг ва НАТОга аъзо бошқа давлатларнинг 32 минг аскарлик контингентига қўмондонлик қилиш учун генерал-лейтенант Стэнли МакКристаллни тавсия қилишини билдирди.

Генерал Давид МакКирнан Афғонистондаги қўшинларга салкам 11 ой бошчилик қилди.

АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари сонини 68 минг кишига етказиш ғоясининг асосий муаллифларидан бири айнан МакКирнан бўлган.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс ўтган ҳафта Афғонистонга сафар қилиб, Вашингтоннинг жангариларга қарши кураш янги стратегиясини тадбиқ этиш ва жойларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Гейтснинг билдиришича, у бир қатор маслаҳатлашувлардан сўнг МакКирнанни истеъфога чиқаришга қарор қилган.

- Бир қанча омилларни инобатга олган ҳолда, жумладан, Бирлашган қўшинлар бош штаби раҳбари адмирал Майк Маллен ва генерал Девид Петреус маслаҳати билан мен ушбу қарорни қабул қилдим. Ишончим комил, бу қарор миллий хавфсизлигимиз ва Афғонистондаги миссиямиз муваффақияти учун хизмат қилади, деди Пентагон раҳбари.

Ўтган ҳафта АҚШ қўшинларининг Афғонистонда берган ҳаво зарбалари оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлди.

Ҳарбийларнинг бу ҳаракати эса афғон расмийларининг кескин эътирози ва танқидига учради.

Айни пайтда Роберт Гейтс генерал МакКирнан йўл қўйилган ҳато ва камчиликлар туфайли озод этилди, деган муболағаларни рад этди.

- Бирон бир хатога йўл қўйилиб, бирон бир ножўя ҳаракат қилингани йўқ. Бу менинг адмирал Маллен ва генерал Петреус билан маслаҳатлашувга асосланиб келган хулосам шундай бўлдики, янги стратегия доирасида бу вазиятга янгича ёндашув, янгича нигоҳ барчамизнинг манфаатимизга хизмат қилади, деди Роберт Гейтс.
XS
SM
MD
LG