Линклар

logo-print

Каримовча "ўйин" давом этмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Афғонистондаги НАТО ва АҚШ ҳарбийлари учун хизмат қилаëтган Марказий Осиëдаги базалар сафига бугунга келиб Навоийдаги аэропорт ҳам қўшилди.

Афғонистондаги НАТО ва АҚШ ҳарбийлари учун хизмат қилаëтган Марказий Осиëдаги базалар сафига бугунга келиб Навоийдаги аэропорт ҳам қўшилди.

Президент Каримов Навоий аэропортининг НАТО ноҳарбий юкларини Афғонистонга етказиш учун хизмат қилаëтганини билдирди. Таҳлилчилар НАТО билан ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши минтақада Россия таъсирини камайтиришидан баҳс этмоқдалар.

Навоий аэропортидан Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун таъминот юкларини олиб ўтиш учун фойдаланиш режаси¸ Ғарб матбуотининг ëзишича¸ кореяликлар томонидан 2008 йил охирида ишлаб чиқилган.

Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида аллақачон амалга кўча бошлаган бу жараëндан жамоатчилик илк бор хабар топди.

- Бу ташрифингизга биз Ўзбекистон сиёсий ҳаётида рўй берган катта тарихий воқеа сифатида қараймиз, деди Каримов Тошкентдаги матбуот брифингида ўз кореялик ҳамкасбига қарата.

Каримов бу гапи билан Ўзбекистондаги нефт ва газ конларни ўзлаштириш бўйича Корея билан эришилган келишувларнигина эмас, балки Навоий вилоятида халқаро таъминот юклари базаси ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни назарда тутди.

- Навоий аэропорти базасида Korean Air компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган кўп йўналишлик таъминот маркази аҳамияти юксакдир. Ушбу аэропорт базасида ташкил этилаётган Навоий эркин индустриал зонасига катта умид боғламоқдамиз¸ деди президент Каримов.

Навоийдаги аэропортни халқаро таъминот марказига айлантириш учун Ўзбекистон ҳукумати 83 миллион доллар ажратган. Корея президенти бу лойиҳага қўшимча 200 миллион доллар кредит берилишини эълон қилди.

Кузатувчиларнинг қайд этишича¸ Навоий аэропортини халқаро таъминот марказига айлантириш режаси АҚШ нинг Афғонистонга таъминот юкларини кўп йўналишда етказиб беришни кўзда тутувчи “Шимолий таъминот тармоғи” га мос келмоқда.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси вакили Кэрол Фаҳардо ушбу лойиҳадан Ўзбекистон авваламбор иқтисодий фойда кўришини таъкидлади.

- Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантирувчи ҳар қандай лойиҳани олқишлаймиз. Президент Каримов Навоийда халқаро таъминот маркази ташкил этишга жуда катта қизиқиш билдириб келади.

“Шимолий таъминот тармоғи” доирасида АҚШ ноҳарбий юкларини Навоий орқали Афғонистонга етказиб бериш режалаштирилган. Аммо “Шимолий таъминот тармоғи” Навоийда халқаро марказ ташкил этиш режасининг бир қисми холос, унинг асосий сабабчиси эмас¸ деди АҚШ элчихонасининг расмий вакили.

“EuraasiaNet” таҳлилий нашри мухбири Дейрдре Тийнан, ўзи қўлга киритган расмий маълумотларга асосланиб¸ Korean Air компанияси Навоий орқали Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминотини йўлга қўйишни 2008 йилдаёқ АҚШ ҳукуматига таклиф этганини ëзди.

Навоий аэропорти базасида ташкил этилаётган халқаро таъминот маркази ҳақда гапираётиб, Корея ва Ўзбекистон президентлари унинг нафақат Ўзбекистон ва Кореяни¸ балки Ўзбекистон орқали Осиёни Европа билан боғлашини таъкидладилар.

Бироқ¸ бу узоқ истиқболдаги режалар. Ҳозирча Навоий аэропортининг асосий мижозлари НАТО ва АҚШ бўладиган кўринади.

“Корея воситачилигида АҚШ нинг Ўзбекистондаги ҳаво базасига қайтиши, 2005 йилда Андижон воқеаларидан сўнг Хонободдаги базадан чиқариб юборилган америкаликларнинг обрўсини кўтаради”¸ дейди ўз мақоласида Дейрдре Тийнан.

Бошқа томондан бу АҚШ ҳарбийларининг Қирғистондаги Манас аэропортидан чиқариб юборилиши учун Россиянинг Қирғизистонга берган ва беришга ваъда қилаётган миллионлаб доллар маблағларни писта пўчоққа айлантиради, дея хулоса қилади журналист.

Ўтган ой Россия дипломатлари жосусликда айбланиб Брюсселдан чиқариб юборилганидан буён НАТО ва Россия ўртасида даҳанаки жанг бошди. Бу эса Россия темир йўллари орқали Афғонистонга юк ташиш келишувини савол остига қўймоқда.

НАТО расмий вакили Хосе Сантакананинг Озодликка айтишича, ўтмиш хатоларидан сабоқ чиқарган НАТО Афғонистондаги амалиётлар таъминотини бир давлатга боғлаб қўймайди.

- Биз чиқарган сабоқ шу бўлдики, таъминот йўллари қанча кўп бўлса¸ шунча яхши. Афғонистонда жуда катта амалиётлар давом этмоқда. Афтидан¸ 2009-2010 йилларда бу амалиётлар янада кенгайтирилади.

Шунинг учун таъминот йўлларини янада кўпайтиришимиз ва кўпроқ давлатларни жалб этишимиз керак¸ дейди НАТО расмийси.

Лондондаги халқаро муносабатлар бўйича Қироллик институти профессори Юрий Фёдоров фикрича, Каримовнинг Афғонистонда АҚШ ва НАТО га ёрдам бера бошлаши унинг Кремл сиёсатидан хавфсираши ва Ғарб билан яқин муносабат ўрнатишга интилиши билан боғлиқ.

- Бу ишнинг техник томонидан кўра сиёсий жиҳати муҳимроқдир. Бу Каримовнинг онгли равишда қўйган навбатдаги қадамидир. Кремл жиғига тегиб қилинган бу ҳаракат билан Каримов ўзининг Россиядан мустақил экани ва Марказий Осиёда ўз ўйини борлигини кўрсатмоқчи¸ дейди профессор Фёдоров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG