Линклар

logo-print

Бишкекда Андижон қурбонлари ёдланди


Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдиган қирғиз фаоллари Андижон қурбонлари хотирасига ҳурмат рамзи ўлароқ¸ гулчамбар қўйиб кетдилар.

Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдиган қирғиз фаоллари Андижон қурбонлари хотирасига ҳурмат рамзи ўлароқ¸ гулчамбар қўйиб кетдилар.

13 май куни Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдида маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари ва талабалар иштирокида “Андижон ҳеч қачон унутилмайди” номли хотира тадбири бўлиб ўтди.

Қирғизистондаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” ва “Ганди” нодавлат ташкилотлари томонидан уюштирилган хотира тадбири иштирокчилари бу ерда Андижон фожеаси қурбонларини ёдга олиб, гулчамбар қўйдилар ҳамда элчихонанинг панжарали деворига қора тасмалар боғладилар.

- Агар биз қўрқиб, ўз позициямизни билдирмасак, бундай қонли фожеалар унутилиб кетиши мумкин. Бу фожеа инсонлар учун ҳам, ҳукуматлар учун ҳам бир сабоқ бўлиши лозим. Биз ўз позициямизни билдириш орқали Андижон воқеаларининг қайта такрорланмаслиги учун озгина бўлса ҳам ҳиссамизни қўшишимиз керак, деди “Ганди” нодавлат ташкилоти раҳбари Диана Макенбаева.

Тадбирда иштирок этган йигирмадан ортиқроқ одамнинг асосий қисмини бишкеклик талабалар ташкил қилдилар.

- Биз бу воқеани репрессия сифатида биламиз. Чунки бу ерда тинч намойишга чиққан одамлар отилган, деб фикр билдиради Бишкек гуманитар университети талабаси Ойбек.

Қирғизистон Миллий университети талабаси Алина эса бу тадбирга яна бир бор Ўзбекистон халқи билан бирдам эканини билдириш ниятида келганини айтади.

- Ўзбек ва қирғиз халқлари руҳан бир-бирларига жуда яқиндирлар. Шунинг учун бу тадбирда биз чин кўнгилдан иштирок этмоқдамиз. Бу билан ўзбеклар билан бирдам эканимизни, ҳамдард эканимизни билдирмоқчимиз, деди Алина.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари ва талабалар иштирок этган тадбирда Қирғизистонда яшаётган ўзбекистонлик қочқинлар иштирок этмадилар. Исми ошкор этилишини истамаган ўзбек қочқинларидан бирининг айтишича, бунинг ўзига хос сабаблари бор:

- Бишкекда яшаётган ўзбек қочқинларининг миграцион ҳужжатлари муддати ўтиб кетган. Янги ҳужжатларни эса қирғиз расмий идоралари беришмаяпти. Шунинг учун қочқинларимиз кўчага чиқишдан қўрқишади. Чунки милиция қўлига тушса, улар Ўзбекистонга топширилиши мумкин, дейди Қирғизистонда вақтинча яшаб турган ўзбекистонлик қочқинлардан бири.

Андижон воқеалари қурбонларини хотирлаш тадбирлари ўтган йиллари Қирғизистонннинг жанубий вилоятлари - Ўш ва Жалолободда ҳам ўтган эди. Бироқ бу йил мамлакат жанубида Андижон қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилмади.


XS
SM
MD
LG