Линклар

Чек қишлоғи масаласи муҳокама қилинди


12 май куни Андижон шаҳрида Андижон ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоят маъмурияти раҳбарлари ўзбек-қирғиз чегарасида жойлашган баҳсли ҳудуд - Чек қишлоғи муаммосини муҳокама қилдилар, дея хабар қилади Фарғона.ру ахборот агентлиги.

Чек қишлоғида ўзбекистонликлардан иборат 41 оила, қирғизистонликлардан иборат 24 оила истиқомат қилади.

19 апрел куни Чек қишлоғида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пайдо бўлиб, у ерда уйларни текширувдан ўтказган эдилар.

Бундан норози бўлган қирғизистонликлар мамлакат президенти Қурмонбек Бакиев номига хат йўллагандилар.

30 апрел куни Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Зиёдулло Пўлатхўжаевга норозилик нотасини топширган ва унда 19 апрел куни Чек қишлоғида бўлган воқеа юзасидан Ўзбекистон томонидан изоҳ талаб қилинган эди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси Қирғизистон ТИВ нотасига жавоб ўлароқ Янги чек аҳоли пункти Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани ва 19 апрел куни бу қишлоқда паспорт режимини текшириш бўйича профилактик тадбир бўлгани ҳақида баёнот берганди.

Эндиликда андижонлик ва жалолободлик расмийлар Чек қишлоғидаги вазиятни мустақил равишда изга солишга уриниб кўрмоқчилар.

Аммо, дастлабки маълумотларга кўра, бугунги учрашув айтарли натижа бермаган. Қирғиз расмийлари бор-йўғи Чек қишлоғини Қирғизистон билан боғлаб турувчи кўприк олдида чегара маскани ўрнатмасликни илтимос қилганлар.
XS
SM
MD
LG