Линклар

Мақомга талаб кучаймоқда, лекин...

  • Гулнора Равшан

Мақом академиясидан чиққан тожик хонандалари дунёнинг турли мамлакатларига бориб, мумтоз мусиқа ихлосмандлари сонини оширишга ҳаракат қилмоқдалар.

Мақом академиясидан чиққан тожик хонандалари дунёнинг турли мамлакатларига бориб, мумтоз мусиқа ихлосмандлари сонини оширишга ҳаракат қилмоқдалар.

Тожикистонда 10 йилдан буён 12 май мумтоз мусиқа - Шашмақом куни сифатида нишонлаб келинади. Аммо тожикистонликлар орасида санъатнинг бу тури борасидаги мунозаралар ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Тожикистон халқ артисти Мастона Эргашеванинг айтишича, сўнгги 10 йил мобайнида мамлакатнинг қатор туман ва вилоятларида мақомчилик мактаблари ташкил этилиб, ёш мақомчиларни тарбиялашга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

- Ўтган ўн йил мобайнида Мақом академиясини битирган ёшларимиз мумтоз санъатимизни бутун жаҳонга танитиб чиқди. Бу бизнинг миллий фахримиз ахир, дейди Тожикистон миллий консерватория ўқитувчиси Мастона Эргашева.

Қирғизистонлик мақомчи Дилшодбек Азимов Тожикистонда ҳукумат томонидан шашмақомга алоҳида эътибор берилаётганини олқишлар экан, мақомнинг ўзбек ва тожик халқларини бирлаштирувчи қадимий санъат эканини таъкидлайди.

- Биз ўзбек ва тожикларнинг қонида оқади-да бу мақом, шу билан катта бўлганмиз. Мақом бу форсийзабон ва туркийзабон халқларининг қанчалик сўзга, навога бойлигини кўрсатади, дейди Дилшодбек.

Дилшодбек сўнгги йиллар Марказий Осиё халқларида мақомга талаб кучаяётганини, аммо уни керакли даражада халққа етказиш учун молиявий муаммолар монеълик қилаётганини айтади.

Мастона Эргашева эса бу қийинчиликлар вақтинча эканини, минтақа халқлари биргаликда мақомни юксалтириш борасида имкон борича саъй-ҳаракат қилиши зарурлигини таъкидлайди.

Аммо қадимдан халқларимизнинг миллий мусиқаси ҳисобланиб келган мақом санъатига ўзбеклар орасида ҳам, тожиклар орасида ҳам муносабат бир хил эмас. Мақом борасидаги баҳслар диндор кишилар ўртасида айниқса кўп кузатилади.

Масалан, бир гуруҳ диндорлар “мақом бу санъатнинг бошқа турларидан фарқли ўлароқ ибодат” десалар, бошқа бир гуруҳ эса “мусиқанинг ҳар қандай тури Исломда ҳаром қилинган”, дея фикр билдиради.

Хусусан, исми ошкор қилинмаслигини сўраган бир суҳбатдошимиз Исломда мақом санъатига ҳам муносабат ижобий эмаслигини айтар экан, ўз фикрини мана бундай асослашга ҳаракат қилди.

- Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) най овозини эшитганларида муборак қулоқларини кафтлари орасига олар эканлар. Чунки мусиқа бандаларни Худога зикр айтишдан чалғитади. Шунинг учун ҳам ҳар қандай санъат тури, мусиқа, жумладан, мақом ҳам Исломдан маън қилинган, дейди суҳбатдошимиз.

Унга кўра, аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган Тожикистонда мақомни тиклаш ва ривожлантиришга уриниш бу Ислом қонунларини менсимасликдан бошқа нарса эмас.

Аммо Сари Осиё масжиди имоми Ҳабибулло домла бу фикрга қисмангина қўшилади.

- Ҳар мусиқаки, инсоннинг фикрини Оллоҳдан ғофил қиладиган бўлса, ўша мусиқа билан инсон намоздан маҳрум бўладиган бўлса, у нарса шариатда маън қилинади.

Аммо “Муножот” бундан истисно. Гарчи “Муножот” ибодат бўлмаса-да, аммо у ибодатдан кейин турадиган нарса. Яъни “Муножот” деган нарса бу Худога гуноҳларининг кечирилишини истаб, дуо-илтижо қилиш деган нарса, дейди Ҳабибулло домла.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчиларнинг айримлари¸ Тожикистонда мақом санъатига эътиборнинг кучайтирилишини одамларни ташқи таъсирлардан сақлашга уриниш амалиёти ўлароқ баҳоламоқдалар.
XS
SM
MD
LG