Линклар

logo-print

Андижондаги жиноятлар учун жазо муқаррарми?

  • Алишер Сиддиқ

Кўпчилик¸ Андижон воқеалари учун маъсул ҳозирги ҳукумат иқтидордан кетгач¸ Андижон воқеаларига ҳам адолатли баҳо берилишига ишонади.

Кўпчилик¸ Андижон воқеалари учун маъсул ҳозирги ҳукумат иқтидордан кетгач¸ Андижон воқеаларига ҳам адолатли баҳо берилишига ишонади.

Андижондаги қонли воқеалар тарих қатларида қолиб, тафсилотлар кўпчилик хотирасидан кўтарилаётган ва Тошкентга халқаро босим ҳам жиддий камайганига қарамай¸ бу қирғин учун маъсулларнинг жазога тортилишига нисбатан умидлар сўнаëтгани йўқ.

Андижондаги воқеалардан буён ўтган тўрт йил давомида кузатаётганимиз, Ўзбекистон ичкарисида бу воқеаларга фақатгина оз сонли мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари қўрқмасдан ўз муносабатини билдириб келмоқда.

Бир неча йил аввал 13 май куни арафасида Ўзбекистон билан чегарадош Қирғизистоннинг Қорасув тумани бозорида “Турмуш ташвишларига ўралашиб қолиб Андижон фожеасини унутмайлик” дея битилган плакат бугунга келиб муҳимроқ аҳамият касб эта бошлади.

Марказий Осиё масалалари бўйича “Озодлик” мухбири Брюс Паниер оддий ўзбекистонликларнинг Андижон воқеаларини кўп ҳам эсламаслиги яшаш кун сайин оғирлашаётгани билан боғлиқ¸ деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистон ҳукумати 13 май кунини бошқачароқ кунга айлантирмоқда. 2006 йилдаёқ шу куни мамлакат бўйлаб қандайдир мусиқа фестиваллари уюштирилганди. Бу эса¸ албатта¸ одамларнинг эътиборини чалғитишга қаратилган.

Боз устига бугунги кунда дунёдаги иқтисодий вазиятни кўринг. Минглаб меҳнат муҳожирлари қайтиб келиб¸ Ўзбекистондаги ишсизлар қаторига қўшилди.

Шуларни инобатга олсак, оддий ўзбекистонликларнинг боши кундалик ташвишлардан чиқмаётганини тасаввур қилиш қийин эмас¸ дейди Брюс Паниер.

2005 йил май ойи охирида Швециянинг Оре шаҳрида ўтказилган НАТО саммитида Ўзбекистонга нисбатан зудлик билан чора кўриш таклиф этилган эди.

Ўшанда НАТО томонидан эълон қилинган баёнотда, Ўзбекистон халқаро ҳамжамият эътибордан четда қолиб кетмасдан олдин бу ҳукуматга қарши чора кўрилиш керак, деб айтилган эди. Бу баёнотнинг ҳақ бўлгани бугунги кунга келиб ўз тасдиғини топди.

Аммо НАТО инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот бўлмаганидан кейин, Ўзбекистон ҳукуматига қарши чораларни кўрган ягона ташкилот Европа Иттифоқи бўлди.

Андижон воқеаларига масъул кўрилган ўзбек расмийларига қарши виза таъқиқи ўтган йили бекор қилинди. Энди эса, айрим Европа Итифоқи расмийлари санкциялар қолган қисми – қурол-яроғ эмбаргосининг ҳам кузга бориб бекор қилинишини айтмоқда.

- Воқеалардан сўнг биз дарҳол аниқ-тиниқ тарзда энг кескин муносабатимизни билдирдик. Сўнг уч йил давомида вазиятни кузатиб¸ Ўзбекистон билан янгича муносабат ўрнатиб бордик.

Европа Иттифоқи Андижон фожеасига амалий тарзда диққат қаратиб келган ягона халқаро ташкилотдир. Биз бу воқеани унутаëтганимиз ҳам¸ четлаб ўтаëтганимиз ҳам йўқ.

Биз бир мақсад билан реал сиëсатни юрғизмоқдамиз ва у ҳам бўлса бундай воқеаларнинг келажакда қайтарилмаслиги учун қўлимиздан келган барча ишни қилишдир¸ дейди Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел.

Таҳлилчилар фикрича, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги энергетик манфаатлари, Ўзбекистон мисолида эса¸ айниқса Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар таъминоти учун бу давлат ҳудудидан фойдаланилаётгани Андижонда адолатни тиклашдан кўра муҳимроқ¸ деб топилди.

Лондондаги ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов бугунги тез ўзгарувчан дунёда Андижон каби воқеани узоқ муддат халқаро жамоатчилик кун тартибида сақлаб туриш мушкул¸ дейди:

- Авваламбор¸ вақт омили бор. Кейин биз воқеалар¸ кунора янги сенсацияларга тўлиб-тошган дунёда яшаяпмиз. Ҳар бир ана шундай янги воқеа ўтмишдагисини ўз соясида қолдирмоқда. Қолаверса, Андижон воқеаларини жонлантириб турувчи янги тафсилотлар деярли пайдо бўлаётгани йўқ¸ дейди Алишер Илҳомов.

Андижонда юзлаб намойишчининг отиб ўлдирилиши юзасидан ҳануз бирор бир ҳукумат расмийсининг жиноий жавобгарликка тортилмагани адолатни истаëтганлар ҳафсаласини пир қилмоқда.

Аммо АҚШ даги “Transitional Justice” - “Ўтиш даврида адолат маркази”деб номланган гуруҳ маълумотлари бундайлар кўнглида умид учқунлари ëқиши мумкин.

Ушбу марказга кўра, 1990 йили собиқ ҳукумат расмийлари ва давлат раҳбарларини жавобгарликка тортиш даври бошланганидан буён инсон ҳуқуқларини жиддий тарзда поймол этган ва жиноят содир этган 67 давлат раҳбари маҳкамага тортилган. Ироқ собиқ диктатори Саддам Ҳусайннинг дорга осилиши¸ бу жараëндаги энг сўнгги мисол сифатида келтирилади.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг айтишича, Андижон воқеаларига эътиборнинг сусайиши ғайриоддий ҳолат эмас ва бу бу одамларнинг мазкур қатлиомга муносабати ўзгарганини англатмайди.

- Биз бугунга келиб Хитойдаги Тянанмин майдонида рўй берган қирғин ҳақида камроқ эшитаяпмиз. Бундан аввал рўй берган бирор бир қирғин бирдан ëдимга ҳам келмайди. Бу воқеалар тарих саҳифаларига кираëтган эса-да¸ улар ҳақида одамларнинг фикри ўзгариб кетаëтгани йўқ. Каримов вақт ўтиб одамлар Андижон воқеалари борасидаги фикрларини ўзгартирадилар деб ўйлаëтган бўлса¸ жуда ҳам адашади¸ дейди Крейг Мюррей.

Андижон воқеаларига сабаб бўлган омиллар бартараф этилмаган Ўзбекистондаги бугунги шароит хунрезликка масъул одамларнинг маҳкамага тортилишини тақозо этмайди. Вашингтонлик сиёсий таҳлилчи Александр Григорьев фикрича, бу шароит ўзгариши ҳам мумкин.

- Отиш буйруғини берган ҳукумат вакилларининг жиноий жавобгарликка тортилиши учун ҳукумат алмашиши керак. Лекин бу ҳукуматни марсликлар, АҚШ ҳарбий денгиз кучлари ёки Россия махсус кучлари алмаштириб бермайди. Ҳукумат Ўзбекистон халқи истак билдирган ҳолдагина алмаштирилиши мумкин¸ дейди вашингтонлик сиёсий таҳлилчи.

Андижон воқеалари ортидан халқаро босим ва ички норозиликнинг ортиши сабабли президент Каримовнинг ҳокимиятни қўлдан бой бериши башорат қилинган эди.

Аммо 2007 йил охирида қайта президент этиб сайланган Ислом Каримов ўз ҳокимиятини яна камида 7 йилга сақлаб қолдигина эмас¸ балки уни кучайтиргандан кучайтирмоқда ҳам.
XS
SM
MD
LG