Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 22:42

МакКейн брифинги Андижонга бағишланди


Cенатор Жон МакКейн Андижон воқеаларини Ўзбекистонда ҳукумат қатағонининг аянчли ва даҳшатли мисолларидан бири ўлароқ баҳолади.
Cенатор Жон МакКейн Андижон воқеаларини Ўзбекистонда ҳукумат қатағонининг аянчли ва даҳшатли мисолларидан бири ўлароқ баҳолади.

Жорий йилнинг 13 май куни Вашингтонда АҚШ президентлигига собиқ номзод ва республикачи сенатор Жон МакКейн Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан махсус брифинг ўтказди.

Андижон воқеаларидан кейинги дастлабки кунларда Ўзбекистонга сафар қилган МакКейн ўшанда ўз кўзи билан кўрган вазиятдан келиб чиқиб, 2005 йил 13 май воқеаларига оид Ўзбекистон ҳукумати эълон қилган маълумотлар “куракда турмаслиги”га амин бўлганини эслади.

- Бу қирғин Ўзбекистонда ҳукумат репрессиясининг аянчли ва даҳшатли мисолларидан бири эди ва инсон ҳуқуқлари топталишига оид умумий манзаранинг бир қисми бўлиб ҳисобланади, деди МакКейн.

Сенаторга кўра, мазкур воқеалардан буён ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият кундан-кунга ёмонлашиб борган.

- Қатлиомнинг тўрт йиллигини хотирлар эканмиз, афсуски, унинг акс-садоси ўзбек жамиятини таъқиб қилишда давом этяпти. Шу кунгача қирғинга оид фактларни очиб берувчи мустақил халқаро текширув ўтказилгани йўқ, дер экан АҚШ президентлигига собиқ номзод, Афғонистондаги ҳарбий операцияни бажаришда Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлар учун муҳим ҳамкор бўлишига қарамасдан, бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг аянчли эканидан кўз юмиб бўлмаслигини ҳам таъкидлади.

- Биз президент Каримовнинг яхши ниятига қарам бўлиб қолиш даражасига туша олмаймиз. Инчунин, Ўзбекистонда гувоҳи бўлаётганимиз инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларига жим қараб туролмаймиз.

Аксинча, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва бутун дунёда инсонларнинг ҳуқуқи ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда асосий ролни ўйнаши лозимдир. Бу ролни камситиш дунё ва ўзимизни хавф остига қўйиш демакдир, деди сенатор МакКейн.

Андижон воқеаларининг тўрт йиллиги муносабати билан ўтказилган махсус тингловларда АҚШда муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Лутфулло Шамсиддинов ҳам қатнашди.

Шамсиддинов Андижон фожеасининг бевосита гувоҳи бўлган ва қонли воқеалар ҳақида халқаро матбуотга маълумотларни тақдим этгани учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқиб қилинган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Чоршанба кунги тадбирни ташкил этишда Ҳюман Райтс Вотч ва Фридом Ҳаус каби етакчи халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам қатнашди.

Шунингдек, чоршанба куни қонли воқеаларни хотирлаб, дунёнинг турли мамлакатларида хотира тадбирлари ва бошқа маросимлар уюштирилди.

2005 йилнинг 13 май куни Андижон шаҳрида норозилик намойишига чиққан кишилар ўққа тутилганди.

Ўзбекистон ҳукумати бу қонли воқеа чоғида аксари террорчилардан иборат 187 киши ҳалок этилганини айтиб, "акромийлар" деб айтиладиган гуруҳни ушбу воқеаларнинг бош уюштирувчиси сифатида айблаб келади.

Воқеа гувоҳлари ва журналистлар эса аёллар ҳамда болалар дохил мингга яқин қуролсиз намойишчи ҳукумат аскарлари ўқига учиб, қурбон бўлган, деб биладилар.

Ҳукумат тўрт йил аввалги Андижондаги қатлиом юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг мустақил тергов ўтказиш чақириқларини рад этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG