Линклар

Ўзбекистонда афғон журналисти қамалди


Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди ҳукми билан Афғонистон фуқароси Ҳабибулла Абдул Ғафур психотроп моддалар контрабандасида айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди, деб ёзади NewsUz.Com сайти.

Афғонистоннинг Балх вилояти Шибирғон шаҳридан бўлган журналист ўзбек-афғон чегарасидан ўтиш чоғида ҳибсга олинган. У Афғонистондаги маҳаллий “Гураш” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Регнум ахборот агентлиги хабарига кўра, Айритом божхона постида текширув чоғида унинг ёнидан кучли психотроп саналмиш 90 дона Phenobarbital таблеткаси топилган ҳамда унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми (психотроп моддалар контрабандаси) ва 276-модданинг 2-қисми (психотроп моддаларни сотиш мақсадисиз ноқонуний равишда сотиб олиш ва сақлаш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Маълум бўлишича, афғонистонлик журналист суд чоғида таблеткаларни Афғонистондаги маҳаллий дорихонадан сотиб олгани, уларни пуллаш мақсади бўлмагани, ўн йилдан буён уларни қабул қилиб юришини айтган.

Регнумнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Ҳабибулла Абдул Ғафур божхона декларациясини тўлдириш чоғида ёнида 290 АҚШ доллари ва 2220 афғоний борлигини кўрсатган.
Бундан ташқари, у ёнида республика ҳудудига олиб кирилиши маън этилган наркотик ва психотроп моддалар йўқлигини ҳам билдирган.

- Бироқ божхона назоратидан ўтиш чоғида унинг ҳаяжондан юз ифодаси ўзгариб, оёқлари қалтирай бошлаган ва бу божхоначиларда шубҳа уйғотган, дея иқтибос келтиради Регнум Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба сўзларидан.
XS
SM
MD
LG