Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:10

Чек кимнинг чекига тушади?


Чек қишлоғида яшовчи қирғизистонликлар ўзбек расмийларининг қишлоқда ўтказган текширувларидан норози бўлиб, мамлакат президенти Қурмонбек Бакиев номига мактуб йўллаганлар.
Чек қишлоғида яшовчи қирғизистонликлар ўзбек расмийларининг қишлоқда ўтказган текширувларидан норози бўлиб, мамлакат президенти Қурмонбек Бакиев номига мактуб йўллаганлар.

12 май куни Ўзбекистоннинг Андижон ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятлари раҳбарлари Андижон шаҳрида учрашиб, икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб қолаётган Чек қишлоғи муаммосини муҳокама қилдилар.

Жалолобод вилоят губернатори Қўшбой Мисировнинг айтишича, Андижондаги музокаралар дўстона кайфиятда ўтган. Лекин шунга қарамай, баҳсли бўлиб қолаётган Чек қишлоғи борасида аниқ қарор қабул қилинмаган.

- Бу ерда аввалдан қирғизлар ўзбекистонликлар билан бирга яшаб келган эканлар. Бу ердаги уйлар ҳам аралаш. Қишлоқдаги 40-50 оила ўзбекистонликлардан иборат, 24 оилани эса Қирғизистон фуқаролари ташкил этади. Қирғизистонликлардан иборат 24 оиланинг 22 таси ўзбеклар, 2 таси эса қирғиз оиласидир.

Давлатлараро чегаралар аниқланиб олмагунича, бу қишлоқ қайси мамлакатга тегишли эканини айтиш қийин. Шунинг учун чегарани аниқлаш иши тугамагунича, бу ҳудудни талашмай туришимиз кераклиги ҳақида гаплашдик, деди Қўшбой Мисиров.

24 апрел куни Андижон вилоят Пахтаобод туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзаолим Аҳмаджонов Озодлик радиосига Чек қишлоғи Ўзбекистон ҳудудига қарашли эканини, шунинг учун ҳам бу қишлоқда Пахтаобод туман ички ишлар ходимлари текширув ишларини олиб борганликларини айтган эди.

Бироқ Чек қишлоғида яшовчи қирғизистонликлар бунга қарши фикр билдирадилар. Уларнинг таъкидлашларича, Чек қишлоғи Қирғизистонга қарашли ҳудуддир.

- Қишлоғимиздаги оқсоқолларнинг айтишларича, 1936 йилда бу қишлоқ Қирғизистон харитасида бўлган. 1955 йилда эса қишлоқнинг учдан бир қисми Ўзбекистон ҳудудига берилган. Шунинг учун ҳам биз Қирғизистон раҳбарларидан Чек қишлоғи масаласи 1936 йилги харита асосида ҳал этилишини талаб қилмоқдамиз, деди Жалолобод вилоят Новкен туман кенгаши депутати Акром Сатиев.

19 апрел куни Чек қишлоғида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари пайдо бўлиб, у ерда уйларни текширувдан ўтказган эдилар.

Бундан норози бўлган қирғизистонликлар мамлакат президенти Қурмонбек Бакиев номига хат йўллагандилар. Аммо улар бу мурожаатномага президент маъмуриятидан ҳанузгача жавоб ололмаганлар.

30 апрел куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳаракатига норозилик билдириб, расмий Тошкентга нота йўллаган эди.

Ўша куннинг ўзида ўзбек расмийлари Чек қишлоғи чегара пости ўрнатган эдилар.

Жалолобод вилоят губернатори Қўшбой Мисировнинг айтишича, Андижондаги учрашувда мана шу постни олиб ташлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Андижон вилоят ҳокими бу масала тез кунларда Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашилган ҳолда ҳал этилишига ваъда берган.

Айни пайтда баҳсли қишлоқ масаласида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий Тошкентга йўллаган норозилик нотасига шу кунгача жавоб олингани йўқ.

- Ҳозирча мен бу масалада бирон-бир шарҳ бера олмайман. Чунки норозилик нотасига шу кунгача жавоб олганимиз йўқ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизга Чек қишлоғида бўлиб ўтган воқеага ўз баҳосини бериб, жавоб нотаси жўнатиши лозим, деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги масъули Артур Матиев.

Жалолобод вилоят губернатори Қўшбой Мисиров эса Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган Чек қишлоғи атрофида кўп ҳам шов-шув кўтармаслик зарур, деган фикрда.

Унинг айтишича, Чек қишлоғида бугунги кунда юзага келган муаммоларни маҳаллий ҳокимиятлар ўзаро келишган ҳолда ҳал қила оладилар.

Ҳукуматлар эса бу майда муаммоларга ўралашиб қолмай, чегаранинг баҳсли ҳудудларини аниқлаш ишларини тезроқ якунлашлари зарур.
XS
SM
MD
LG