Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:45

Топшириқ адо этилди


Атиги бир неча пикетчининг кўчага чиқиб¸ Андижон воқеаларини жамоатчилик ëдига солишида қўрққан ҳукумат идоралари¸ бундай тадбир олдини олишнинг синалган усулини яна ишга солдилар.
Атиги бир неча пикетчининг кўчага чиқиб¸ Андижон воқеаларини жамоатчилик ëдига солишида қўрққан ҳукумат идоралари¸ бундай тадбир олдини олишнинг синалган усулини яна ишга солдилар.

13 май куни Тошкентдаги "Матонат" ёдгорлиги олдида Андижон қурбонларини ёдга олиш мақсадида йўлга чиққани учун эрталабдан ҳибсга олинган 8 нафар ҳуқуқ фаоли кечки соат 7 лардан кейин қўйиб юборилди.

Ўзбекистондаги виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовнинг Озодликка маълум қилишича, ушланган ҳуқуқ фаолларидан бири - Анотолий Волков маъмурий жавобгарликка тортилган.

Баҳодир Намозов: Фақат битта Анатолий Волковни суд қилишди. Унга бир нечта модда билан айблов қўйишди. Қаршилик кўрсатганлик, тартиббузарлик каби айбловлар қўйишди.

Озодлик: Қаршилик кўрсатди¸ дегани бу милиция ходимига қаршилик кўрсатди деганими?

Баҳодир Намозов: Ҳа¸ шунақа. Айбловларнинг ҳеч биттаси исботини топмагандан кейин Анатолий Волковга энг кам иш ҳақи миқдорида жарима солиб¸ қўйиб юборишди.

13 май куни ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ҳам Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман ИИБ ходимлари томонидан ушлаб кетилган эди.

Елена Урлаеванинг айтишича, кечги соат етти яримларда милиция ходимлари уни ўзи яшайдиган Тошкент шаҳрининг ТТЗ мавзесидаги Тракторсозлар маҳалласига олиб боришиб, маҳалла аҳли олдида обрўсизлантирганлар.

- Маҳаллада ўтказилган йиғилишда маҳалла раиси Ваисов, Мирзо Улуғбек туман ИИБ бошлиғи Илья Мустафаев ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Мени “ҳулқ-атворим учун” маҳалла аҳли олдида “уялтиришди”.

Улар Тракторсозлар маҳалласидаги уйимда бошқа яшамаслигим лозимлигини айтишди. Чунки мен кўп шикоят ёзар эмишман. Йиғилиш тугагач, улар мени юкларим билан биргаликда онамнинг уйига келтириб қўйишди, дейди Елена Урлаева.

Бошқа бир ҳуқуқ фаоли Элнур Абдуллаев “Матонат” ёдгорлиги пойига гул қўйиб бўлиши билан милиция ходимлари томонидан қўлга олинган ва кечгача Юнусобод туман ИИБда ушлаб турилган.

Элнур Абдуллаевнинг Озодликка айтишича, “Матонат” ёдгорлиги олдида уни қўлга олиш чоғида милиция ходимлари калтаклаганлар.

- Улар мени яхшигина дўппослаб, машинага босиб, Юнусобод туман ИИБга олиб кетишди. Аҳволим оғир эди. Ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатмасдан¸ мени кечгача камерада ушлаб туришди.

Мен бугун бу борада прокуратурага шикоят аризаси ёздим. Юнусобод туман ИИБ дагилар мени калтаклаганларнинг кимлигини яхши билишади. Чунки улар мени калтаклаганларидан кейин ушбу туман тергов изоляторига олиб боришган эди.

Ҳозир шикоят аризамни қабул қилиб, суд тиббий экспертизаси ўтказиш учун йўлланма беришди, дейди Элнур Абдуллаев.

13 май куни ҳуқуқ фаоли Саломат Бойматова ҳам уйи олдида ушланиб, Ҳамза туман ИИБга олиб кетилганди.

- 12 май куни кечқурун соат 20.30 ларда участка нозири Расул Асқаралиев келди. У менга: “Илтимос, келинойи, эртага ҳеч қаëққа чиқмай туринг”, деди. Мен: “Йўқ, мен барибир чиқаман”, дедим.

13 май куни эрталаб соат 09.00 да участка нозири ëнида фуқаро кийимидаги битта одам билан келди ва “Чиқманг” деди. Мен барибир чиқдим. Мен “Матонат” ҳайкали томонга Андижон воқеасида ҳалок бўлганларни хотирлаш учун кетаëтган эдим.

Подъезддан чиқишим билан фуқаро кийимидаги иккита одам югуриб келди ва худди хавфли жиноятчини ушлагандай қўлтиғимдан ушлаб, кўтариб машинага тиқиб, Ҳамза туман ИИБга олиб кетишди. У ëқда соат 10.00 дан 19.30 ларгача ўтирдим, деди Саломат Бойматова.

Биз Саломат Бойматова ушлаб турилган Ҳамза туман ИИБга қўнғироқ қилиб, бўлим ходимларидан бири билан боғландик.

Озодлик: 13 май куни Тошкентдаги бир қанча ҳуқуқ фаоллари милиция ходимлари томонидан ушлаб олиб кетилди. Улар нима сабабдан ушлаб кетилди?

- Бу ерда шу иш билан шуғулланадиган махсус хизмат бор. Авваламбор, уларни участка нозирлари ушлайди.

Озодлик: Уларни сизлар тўғридан-тўғри ушламайсизларми?

- Йўқ. Улар олиб келиниб, огоҳлантирилиб қўйиб юборилади. Бизда фақат жиноятчилар ўтиради.

Озодлик: Демак¸ улар участка нозирлари томонидан қўлга олинган.

- Ҳа¸ шундай, дея тасдиқлади Ҳамза туман ИИБ ходими.

Озодликка маълум бўлишича, 13 май куни Андижон хунрезликлари қурбонларини хотирлашни истаган 25 нафар ҳуқуқ фаолидан саккиз нафари ушланган бўлса, қолган барча ҳуқуқ фаоллари уй қамоғида сақланди.
XS
SM
MD
LG