Линклар

logo-print

Обама қарорини ўзгартирди


АҚШ қўриқчиларининг Абу Ғрайбдаги тутқунларга нисбатан қийноқ қўллагани акс этган бу каби суратлар 2004 йили жамоатчиликка ошкор бўлгач¸ улар дунë бўйлаб кескин норозиликка сабаб бўлган эди.

АҚШ қўриқчиларининг Абу Ғрайбдаги тутқунларга нисбатан қийноқ қўллагани акс этган бу каби суратлар 2004 йили жамоатчиликка ошкор бўлгач¸ улар дунë бўйлаб кескин норозиликка сабаб бўлган эди.

Президент Обама кутилмаганда Америка ҳарбийларининг терроризмда айбланган маҳбусларни қийноққа солгани акс этган махфий суратларни ошкор этишни таъқиқлашга қарор қилди.

Барак Обама¸ ўзининг аввалги баëнотларига тескари бўлган бу қарорини чоршанба куни Оқ уйда мухбирлар билан учрашув чоғида эълон қилди.

- Бу суратларни жамоатчиликка кўрсатиш кичик бир гуруҳ одамларнинг ўтмишда қилган ишларини яхшироқ англашимизга ëрдам бермайди. Аксинча¸ бу суратларни ошкор қилиш дунë бўйлаб Америкага қарши ҳиссиëтларни янада алангалатади ва хориждаги қўшинларимизни катта хавф остида қолдиради¸ деди президент Обама ўз қарорини изоҳлай туриб.

Обаманинг бундай баëноти¸ унинг айни масалада атиги бир ой аввал қилган чиқишининг тамом тескарисидир.

Ўтган ой суднинг бу суратларни ошкор қилиш ҳақдаги ҳукмини шарҳлай туриб президент Обама¸ бу ҳукмга бўйсуниш лозимлигини таъкидлаган эди.

“Ҳозирча Мудофаа вазирлиги ва разведка бошқармаси тортмаларида махфий сақланаëтган янги расмларда¸ аввалги суратларда кўрилмаган фавқулодда сенсация йўқ”¸ деб қўшиб ўтди Обама чоршанба куни.

Ироқдаги Абу Ғрайб қамоқхонасидаги маҳбусларнинг Америка терговчилари ва қўриқчилари томонидан қийноққа солингани акс этган фотосуратлар 2004 йили жамоатчиликка ошкор бўлгач¸ бу суратларда акс этган қийноқ сиëсати дунë бўйлаб¸ хусусан мусулмон дунëсида аксил-америкавий ҳиссиëтлар тўлқинини туғдирган эди.

13 май кунги баëнотида президент Обама маҳбусларни қийноққа солишни Америка қадриятларига зид дея қоралай туриб¸ бу жиноят учун жавобгар алоҳида одамларнинг 2004 йилдаëқ тегишли жазога тортилганини айтди.

Айтилишича¸ эндиликда Обама маъмурияти Фуқаролик эркинликлари бўйича Америка иттифоқи бошлаган маҳкама жараëнига қайтиб¸ бу суратларнинг ошкор қилинмаслиги учун курашни давом эттиради.

Президент Обаманинг қийноқлар акс этган суратлар борасида ўз қарорини кескин ўзгартиргани¸ Америка ва халқаро майдондаги ҳуқуқ ташкилотлари ҳафсаласини қаттиқ пир қилди.

Бу суратларнинг тўлиғича жамоатчиликка ошкор этилиши учун курашаëтган Фуқаролик эркинликлари бўйича Америка иттифоқи Обаманинг чоршанба кунги баëноти унинг ўзи такрорлаб келган шаффофлик ва жавобгарлик ҳақдаги баëнотлар устидан кулиш эканини таъкидлади.

Иттифоқ адвокати Амрит Сингҳ¸ бу суратларни ошкор қилиш жамоатчилик номидан амалга оширилган зўравонликлар кўламидан айни шу жамоатчиликни хабардор қилиш учун ўта муҳимлигини айтади.

Халқаро Амнистия ташкилоти эса¸ бу суратлар ортидаги бор ҳақиқат ҳали ҳам сир тутилаëтганини таъкидлади. Ташкилотнинг Америка идораси раҳбари Ларри Фокс¸ Америка халқини алдаб¸ маҳбусларни энг фундаментал ҳақлардан маҳрум қилишга буйруқ берган ҳукумат расмийларининг жазосиз қолдирилиши оқибати ташвишли эканини урғулади.

Хўш¸ яқинларгача ўзи АҚШ теговчиларининг Абу Ғрайб ва Гуантанамодаги тутқунларга нисбатан қийноқ қўллагани ва бу жараëнга маъсул бўлганларни жамоатчиликка ошкор қилиш заруратини гапириб келган Барак Обама қарорининг тескарисига ўзгариши ортида қандай сабаб турибди?

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг чоршанба куни Намояндалар палатаси қошидаги Қуролли хизматлар қўмитаси олдида қилган баëноти¸ бу саволга жавобдек эшитилади.

- Бизнинг қўмондонларимиз¸ Афғонистондаги қўшинлар қўмондони генерал Дэвид МакКиернан ҳам¸ Ироқдаги қўшинлар қўмондони генерал Рэй Одиерно ҳам бу суратларнинг жамоатчиликка ошкор қилиниш эҳтимолидан жиддий хавотир изҳор қилдилар. Генералларимизни бу суратлар эълон қилинишининг Америка ҳарбийлари ҳаëтига зомин бўлиши қаттиқ ташвишга солмоқда. Мен ҳам бу ташвишларга қўшиламан¸ деди Мудофаа вазири Гейтс.

Афтидан¸ бу ташвишга президент Обама ҳам қўшилган ва шу боис бу масаладаги аввалги қароридан воз кечган.

Афғонистон ва Ироқдаги урушни якунлашни ўз устивор мақсади қилиб белгилаган Обама учун¸ ҳукуматни шаффофлаштиришдан кўра кўпроқ ана шу урушда ғалабага эришиш муҳимроқ¸ афтидан.
XS
SM
MD
LG