Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:44

МХХ ва андижонлик қочқинлар сири фош бўлди


Айтилишича¸ МХХ ходимлари андижонлик қочқинлар билан музокараларни улар ҳали Қирғизистондаги қочқинлар лагерида эканлигидаëқ бошлаган.
Айтилишича¸ МХХ ходимлари андижонлик қочқинлар билан музокараларни улар ҳали Қирғизистондаги қочқинлар лагерида эканлигидаëқ бошлаган.

13 май куни сиëсий гуруҳга бирлашган андижонлик қочқинлар Тошкент ҳукумати билан қамоқда қолган яқинлари ва маслакдошларини қутқариш ниятида келишувга боргани¸ бироқ Тошкент ваъдасида турмагач¸ бу сирни очишга қарор қилганларини билдирдилар.

"Андижон – Адолат ва Тикланиш" номи остида тузилган янги ташкилот вакиллари, Дюссельдорфда ўтказилган илк йиғинда Андижон қирғинидан тўрт йил ўтиб Ислом Каримов режими билан муроса уринишлари фақат ҳибсга янгидан-янги олинишлар, қийноқлар ва қийноқ остидаги қотилликлар шаклидаги янги қурбонларни келтириб чиқаришини тушуниб етганликларини айтишди.

2004 йил ёзида қамалган ва 2005 йил 13 майга ўтар кечаси қамоқхонага қуролли ҳужумдан кейин озод бўлган 23 нафар андижонлик тадбиркорнинг бири, ҳозир Швецияда бошпана топган 33 яшар Шамсиддин Атаматов ҳам "Андижон – Адолат ва Тикланиш" ташкилотига қўшилиб¸ тўрт йиллик сукутни бузишга қарор қилганлардан бири.

Шамсиддинга кўра¸ Андижон қочқинлари ва Каримов ҳукумати ўртасида 13 май кунги қирғин борасида сукут сақлаш ҳақда келишув тузилган ва бу келишувга мувофиқ президентлик сайловидан кейин уларнинг сафдошлари озод этилиши керак бўлган.

Аммо ҳукумат бу ваъдаси устидан чиқмаган. Аксинча, қамоқхонадан озод этилиши ваъда қилинган андижонлик маҳбуслар жасадлари чиқа бошлаган.

- Ўртада ҳукумат билан келишув бор эди. Турмада ўтирган болалар заложник сифатида Ўзбекистонда қолиб кетди. У ëқда қолиб кетган 1000 га яқин одамларимиз бор. Улар бизга бегона эмас. Улар бизга ҳамфикр¸ маслакдош.

Бизга “Президент сайловигача бу одамларни ушлаб турамиз. Президент сайловидан кейин¸ бу одамларга енглиллик бўла бошлайди” деган ваъда берилган эди. Бу одамларни қўйилган сохта айбловларнинг оғир-енгиллигига қараб босқичма-босқич чиқариш ваъда қилинган эди.

Биз Руминияда бўлган пайтимизда ҳукумат вакиллари “Биз уларга отув бермаймиз. Бунинг эвазига эса сизлар жаҳон оммавий ахборот воситаларига ҳеч нарса гапирмайсизлар” дейишган эди. Шунинг учун биз гапиришни тўхтатганмиз.

Шу келишувни яна ҳам кафолатлаш учун улар бизга “Орқага қайтаверинглар бўлмаса” деган бир таклифни қўйишди¸ дейди ҳозирда Швециядан бошпана топган 33 яшар Шамсиддин Атаматов.

Ҳукумат ва "акрамийлик"да айбланган қочқинлар ўртасидаги гизли келишувга кўра¸ 2006 йилнинг ёзида АҚШдан 60 нафарга яқин қочқин мамлакатга қайтди. Бироқ ҳукумат бу гал ҳам ўз сўзи устидан чиқмади ва қайтганларнинг тинч яшашига имкон бермади.

Режим қайтиб келганлар устидан тўла кузатув ва назорат ўрнатди, телефон қўнғироқларини эшитиш, ҳар куни милицияга ҳисоб бериш, бугунгача давом этмоқда, дейди "Андижон – Адолат ва Тикланиш" ташкилоти раиси этиб сайланган Нурилло Мақсудов.

- Аëлларни олиб кириб¸ бармоқ изи олаяпти. Аëлларга ҳар ойда ҳар хил анкеталар тўлдиртираяпти. Ярмигача ëзса¸ “Ие¸ тўлдирмабсанку” дейди. “Ҳаммасини ëзиб бўлдим. Бошқа қолмадию” деса¸ “Катта холангни ëзасанми¸ аммангни ëзасанми” ¸тўлдириб кетасан дейишаркан.

Қаранг¸ АҚШдан Ўзбекистонга қайтиб борганларнинг магазинларини мусодара қилиб қўйди. Ҳар куни чақириб кеч соат 12.00 да қўйиб юборар экан. Ким рухсат берди бунга¸ дейди 13 май куни асос солинган "Андижон – Адолат ва Тикланиш" ташкилоти раиси Нурилло Мақсудов.

Андижондаги намойишга алоқадорликда айбланиб қамалганларнинг озод этилиши ҳақидаги ваъдалар ҳам ёлғон бўлиб чиқди. 2008 йил давомида турмадан уларнинг беш нафар сафдоши жасадлари чиқарилган, уларнинг барчасида шафқатсиз қийноқ асоратлари бўлган, дейди Шамсиддин Атаматов.

- 2008 йилда бизнинг вакилларимиздан тўрт киши турмадан ўлган ҳолда чиқди. Яна қандай ўлим билан денг? Уларнинг қийноқлар остида ўлдирилгани кўриниб турибди.

Биринчиси¸ 1975 йилда туғилган Муҳаммадшокир Ортиқов. У биз билан қамалган 23 одамнинг биттаси эди. У соғлом¸ ҳеч бир касал бўлмаган бола эди.

23 кишини қамагандан кейин¸ яна 15 киши қўшиб қамалган эди. Шуларнинг ичида Қўчқоров Абдураҳмон деган киши ҳам бор эди. У 13 май куни МХХнинг вақтинчалик ушлаб туриш изоляторида бўлган. Унинг ҳам ўлиги чиқди.

Учинчиси¸ биз билан яъни 23 кишининг ичида қамалган Нодиров Ғуломжон ва Нодиров Дадахонларнинг дадаси Нодиров Баҳодирхон ака. Бу кишининг ҳам ўлиги чиқди.

Тўртинчиси¸ Ҳошимжон Қодиров. У 13 май воқеаларидан кейин Андижон шаҳрида қанчадир муддат яшаган. У бола оддий новвой бола бўлган. Бу одам бутун Андижоннинг бошқарувида турган одамларнинг тўйларини ўтказадиган одам эди. Бу боланинг олиб кетилганидан 10 кун ўтиб ўлигининг чиқиши бизга жуда катта зарба бўлди¸ дейди дейди Шамсиддин Атаматов.

Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги қонли воқеаларда "Акромийлар" деган гуруҳнинг қўли борлигини айтиб келади. Ҳукумат тарафидан "акромийлар" етакчиси деб кўриладиган Акром Йўлдошевнинг қудаси, Германияда яшаётган Нурилло Мақсудов Ўзбекистон ҳукуматининг уларга қўяётган айбловини рад этади.

Мақсудовга кўра, Андижонда ҳеч қанақа "акромийлар" бўлмаган, балки қонун доирасида фаолият юритиб келган тадбиркорлар гуруҳи бўлган.

- Ишчиларнинг ейиш-ичишларига¸ фазрндларига¸ тўй ўтказаса¸ тўйларига бизнинг жамоадан ëрдам берилган. Ишчилар ойлигидан тўйга деб йиғмаган. Олинглар¸ еб-ичинглар деган. Ўлим бўлса¸ ўлимига ëрдам берардик¸ касал бўлса¸ касалхоналарга олиб борардик. Касалхоналар пулли бўлса¸ ишхонадан пул ажратиларди.

Биз бу нарсаларни президентга ҳам етказганмиз. Биз бу ишларимизни посбонлардан тортиб маҳалла қўмитаси фаолларигача¸ кичкина ҳокимлардан тортиб Тошкентдаги мансабдорларгача ҳаммасига етказиб: “Бизга пул билан ëрдам берманглар. Бизга мутахассис топиб берманглар. Бизга халақит бермасангизлар бўлди”, деб айтганмиз. Улар бу нарсани кўра олмади. Бизнинг айбимиз нима¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Ўзбекистонда президентнинг қизлари хоҳлаганини қилиб¸ молу-дунё орттирса¸ ҳеч ким унга ҳеч нарса демайди, биз қонун доирасида тадбиркорлик билан шуғуллансак¸тўсиқлар ўрнатилади, деб сўзида давом этади Нурилло Мақсудов.

- Каримовнинг қизлари миллиардер бўлиб кетибди. Қайси холасининг¸ қайси поччасининг ëки қайси ака-опасининг катта бойлиги бор эди? Каримов “етимхонада катта бўлганман” дейдию. Ота-онаси йўқ бўлса¸ кимдан қолди бу?

10 йилнинг ичида 10 миллиард пул тўплаб олади. Бу ҳеч ҳам мумкин эмас. Агар Ўзбекситондаги ҳамма завод ва фабрикалар унга қараса ҳам бунча пул тўплай олмайди.

Нимага десангиз¸ биз бизнесменмиз биламиз. Бир қоп ундан неча нон чиқишию¸ ундан қанча пул қолишини мен биламан. Шунинг учун ҳам айтаманки¸ у бутун халқни кемираяпти¸ дейди Нурилло Мақсудов.

Дюссельдорфдаги учрашувда янги тузилган ташкилот вакиллари андижонлик тадбиркорлар устидан ўтказилган адолатсиз маҳкама 2005 йилнинг 13 майидаги қўзғолонга сабаб бўлгани ва уларни ўққа тутганлар жазога тортилиши, тўрт йил аввалги ҳодиса юзасидан мустақил текширув ўтказилишига эришишмоқчи.

Сиëсий фаолликка аҳд қилган "адолатчилар"¸ агар Андижон бўйича мустақил¸ халқаро маҳкама ўтказиладиган бўлса¸ кўрсатма беришга тайёр эканликларини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG