Линклар

Ўртакашлик қилмаган адвокат ўртадан чиқарилди

  • Садриддин Ашур

Мен мижоз¸ прокурор ва ҳакам ўртасида пора кўтариб қатнамаганим учун ҳам кўпларга ëқмайман¸ дейди очиқ қилиб ўзини адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилиш уринишларини баҳолай туриб Руҳиддин Комилов.

Мен мижоз¸ прокурор ва ҳакам ўртасида пора кўтариб қатнамаганим учун ҳам кўпларга ëқмайман¸ дейди очиқ қилиб ўзини адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилиш уринишларини баҳолай туриб Руҳиддин Комилов.

Кўплаб инсон ҳуқуқи ҳимоячилари, журналистлар ва сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос ва адвокат Руҳиддин Комилов адвокатларни қайта аттестация қилиш жараёнидан ўта олмади.

- Гапнинг очиғи¸ малакасиз эканман¸ саводсиз эканман¸ деган бир оғиз гап билан жавоб беради ўзининг аттестациядан ўтказилмагани сабабига оид саволимизга қарийб 15 йиллик адвокатлик тажрибасига эга бўлган Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комилов¸ аттестациядан ўта олмаслигини ўзи олдиндан ҳис қилганини айтар экан, унинг кейинги йилларда олиб бораётган фаолияти кимларгадир ёқмаганини таъкидлайди. Хўш, унинг фаолияти кимларгадир ёқмадими ёки Ўзбекистон ҳукуматига?

- Ҳукумат деб¸ кенг тушунча берсам нотўғри бўлади. Баъзи бир шахслар десам¸ тўғрироқ бўларди. Ҳукумат деганда унинг ичига нафақат ëмон шахслар¸ балки яхши одамлар ҳам кириб кетиши мумкин¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комилов фикрича¸ у “кимнингдир чорбоғига сув қўйиб юборган” бўлиши мумкин ва бу анча катта чорбоққа ўхшайди.

1995 йилда наманганлик Аҳмаджон Одиловнинг адвокатларидан бири бўлган Руҳиддин Комилов сўнгги йилларда инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддинов, Дилмурод Муҳиддинов, ҳофиз Дадахон Ҳасан, шоир Юсуф Жума, журналист Дилмурод Саййид каби ҳукуматга ёқмаган шахсларга ҳимоячилик қилди.

Хўш, нега сиз ўзингизни доим ўтга, чўққа урасиз? Бошқа адвокатлардек одддий жиноий ёки фуқаролик ишларида адвокат бўлиб¸ тинчгина пул топиб юрсангиз ҳам бўлаверар эдику, сўраймиз Руҳиддин Комиловдан:

- Унда айтингчи¸ буларни ким ҳимоя қилади? Биринчидан¸ нима буларни ҳимоя қилиш айбми?

Иккинчидан¸ Худога шукур¸ Ўзбекистонда мустақил адвокатура мавжуд. Нима учун¸ бир пайтлар бўлганидек Москвадан кимдир келиб ҳимоя қилиш керак? Биз ҳар нарсага тайëр туришимиз керак¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комилов фикрича, адвокат ўз позициясида собитқадам бўлиши, прокурор, судя билан мижоз ўртасида “ўртакаш” бўлмаслиги керак.

- Ўртакашлик қилишга менинг виждоним йўл қўймайди. Нимагаки¸ мен шу пайтгача бировга пора бермаганман ҳам¸ бировдан пора олмаганман ҳам. Гапнинг очиғи¸ ниятим ҳам йўқ.

Бу дунëга яланғоч келиб¸ яланғоч кетамизда. Сохта ишлар қилишнинг¸ сохта эътиқодларга суянишнинг нима кераги бор? Бу менинг эътиқодимга тўғри келмайди¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Руҳиддин Комиловнинг айтишича, ўзининг аттестация комиссияси аъзоларига ёқмаганининг бошқа бир сабаби ҳам бор.

2008 йилнинг 1 майида Ўзбекистон президенти “Ўзбекистон республикасида адвокатура институтини ислоҳ қилиш чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.

Сал кейинроқ, 27 май куни Ўзбекистон республикаси Вазирлар маҳкамаси “Адвокатлар палатаси фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Руҳиддин Комилов ана шу қарорга қарши тузилган ташаббус гуруҳининг аъзоси эди.

У адвокатлар палатаси Адлия вазирлигининг қўғирчоғига айланиб қолишига қарши хорижий радиоларда чиқишлар қилди ва бу ҳақда ўз фикрларини Олий Мажлисга ҳам, президентга ҳам ёзди.

Унинг фикрича, бу палата тузилиши билан адвокатлар мустақиллиги илдизига болта урилди. Руҳиддин Комилов бу гаплари билан, нохос яна бировнинг чорбоғига сув қўйиб юборди, шекилли:

- Адвокатура институтининг кимгадир бўйсуниши унинг мустақиллигини бекор қиладию. Ким томондандир унга лицензия берилиши¸ ким томондандир унинг рўйхатга олиниши унинг мустақиллигига болта урадида.

Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси бор. Унда ҳеч қайси бир жамоат ташкилоти мажбурий тарзда шакллантирилмайди дейилган.
Бу нарса бизнинг конституцияда ҳам¸ нодавлат¸ нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги қонунда ҳам¸ жамоат бирлашмалари тўғрисидаги қонунда ҳам “ихтиëрийлик асосида шакллантирилади” деб отнинг калласидай қилиб ëзиб қўйибди.

Менга алам қилаëтган жойи¸ наҳотки Ўзбекистонда мана шу нарсаларни биладиган битта ҳам юрист бўлмаса? Гоҳида ўзимдан ўзим уялиб кетаман.

Наҳотки кўра билан туриб шу қонунни қабул қилдик? Эртага келажак авлод нима дер экан? Келажак авлод "шунча юрист бўлган эканку¸ ақли етмаган экан" демайдими? Менда ҳалигача алам бор ва мен ҳалигача аламимни кетказа олмаяпман.

Ўтган ота-боболаримиз қилган тўғри-нотўғри ишлар учун бугун болаларимиз сўраяптию. Ўшанда сизлар қаерда эдингизлар¸ деган савол борку. Адвокат бўлиш ëки бўлмаслигидан қатъий назар¸ виждони бор одам бунга ўз фикрини албатта билдириши керак¸ дейди Руҳиддин Комилов.

Бу қонун Ўзбекистондаги адвокатлар фаолиятини ҳукумат назоратига олишга имкон яратди. Энди Ўзбекистон учун малакали адвокатлар эмас, балки:

- Гапнинг очиғи¸ ҳозирги вазиятда бизларга малакали адвокатлар эмас¸ малакали роботлар керак¸ дейди адвокат.

Руҳиддин Комилов 1991 йилда Тошкент давлат Юридик институтини тугатгандан сўнг, халқ хўжалиги соҳаларида ҳуқуқшунос бўлиб ишлади.

1994 йилдан Тошкент шаҳар адвокатлар кенгашида адвокатлик фаолиятини бошлади. 2007 йилда эса ўзининг “Адолат Раҳмон” адвокатлик фирмасини тузди.

Бошқалар ҳаққини тиклаш учун курашиб келган Руҳиддин Комилов¸ ўз ҳуқуқи поймол этилишига жимгина қараб туриш фикридан йироқ. У аттестация комиссияси қарори устидан Адлия вазирлигига шикоят аризаси берган ва ҳозирда вазирлик қарорини кутаëтир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG