Линклар

Хўжандда ҳизбчилар қамалди


Сиëсий масалаларга ўз қарашини асосан варақалар орқали тарқатишга уриниб келаëтган Марказий Осиëдаги Ҳизбут-Таҳрир гуруҳлари минтаа бўйлаб террорчига чиқарилган.

Сиëсий масалаларга ўз қарашини асосан варақалар орқали тарқатишга уриниб келаëтган Марказий Осиëдаги Ҳизбут-Таҳрир гуруҳлари минтаа бўйлаб террорчига чиқарилган.

Тожикистонда фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолигида айбланган 7 киши 14 май куни Жиноят ишлари бўйича Хўжанд шаҳар суди томонидан 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Шаҳар суди судяси Исо Таваккаловнинг айтишича, бу одамлар Тожикистон Жиноят кодексининг 187-, 189-, 307-моддалари, яъни миллий, ирқий ва диний низо қўзғатиш ҳамда Тожикистонда конституциявий тузумни куч билан ағдаришга оммани даъват қилганлик моддалари билан айбланган.

- Таҳрирчилар давлат хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда, бу фақат менинг фикрим эмас. Улар орасида ўрта мактабни тугатган, олий маълумотга эга ва рус мактабларида таҳсил олганлар бор.

Шу важдан айрим оммавий ахборот воситаларида таҳрирчиларни саводсиз сифатида кўрсатишга уриниш ўринсиз, деб ҳисоблайман. Айтмоқчиманки, таҳрирчилар жуда ўқимишли ва ўз вазифалари нимадан иборат эканлигини жуда яхши биладиган кишилардир.

Шу боис бу одамларга жазони қаттиқ режимли қамоқхоналарда ўташ белгиланган. Бундан ташқари, ҳукмни ўтаб бўлгандан кейин улар беш йил давомида бирор-бир диний ташкилот ёки идорада ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди, деди судья Исо Таваккалов.

Маълумотларга кўра, Хўжанд шаҳрида истиқомат қилувчи Мурод Рустамов 8 йилга, Баҳриддин Ашуров, Абдували Холмирзаев ва Аҳад Исмоиловлар 9 йилданга, Бобожон Ғафуров туманида яшовчи Пўлод Рустамов 3 йилу 7 ойга, Рустам Ҳожибоев 8 йилга, Хуршед Йулдошев 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Хўш, бу одамлар ўз айбларини тан олдиларми? Уларга берилган жазо муддатлари адолатлими? Биз ана шу саволлар билан, адвокатлардан бири Аъзам Усмоновга мурожаат қилдик.

Адвокатга кўра, судланган шахслар маҳкама жараёнида ўз айбларига қисман иқрор бўлганлар. Уларнинг кўпи Ҳизбут-Таҳрирга аъзо эканлигини рад этмаганлар. Улар зўравонлик йўли билан эмас, балки даъват йўли билан амалдаги ҳукуматни ўзгартириш ниятида эканлигини айтганлар.

2008 йилнинг ноябр ойида бошланган маҳкама 14 май куни тугади. Ўшанда 14 тожикистонлик қора курсига ўтирган эди. Бироқ 2009 йил бошида давом этган маҳкама икки нафар айбланувчининг бетоб бўлиши сабаб тўхтатилган эди.

Маълум бўлишича, улардан бирининг битта буйраги ишламай қолиб реанимацияга тушган, бошқасини оёғи ишламай қолган. Шундан кейин маҳкама икки ойга қолдирилган.

Ўз ишини давом эттирган маҳкамада фақат 7 кишининг иши кўрилди. Судья Исо Таваккаловнинг айтишича, бетоб бўлганлар ва қолган 5 айбланувчи фаолияти бир-бирига бевосита боғлиқ бўлганлиги сабабли уларнинг иши касаллар соғайгандан кейин кўрилади.

Хўжанд шаҳар суди қарори билан 3 йил 7 ойга қамалган Пўлод Рустамовнинг отаси ўз ўғлининг Ҳизбут-Таҳрир ишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтади.

- Менинг ўғлим Ҳизбут-Таҳрир партиясининг бирор-бир ишида қатнашмаган. У намозхон, буни инкор қилмайман. Лекин намоз ўқиш жиноят эмас-ку, дейди Рустамовнинг отаси.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ҳизбут-Таҳрир аъзоларининг кўпайиб бораётгани асосан икки омил билан изоҳланади. Биринчиси, ижтимоий-иқтисодий турмушнинг оғирлиги, иккинчиси эса мамлакатда анъанавий исломга кенг йўл очиб берилмаётгани. Таҳлилчилар фикрича, ҳақиқий исломни тушуниб етган одам ҳеч қачон турли партия ва оқимларга қўшилмайди, аксинча, ҳақиқий исломни улардан ҳимоя қилади.

- Ҳақиқатан “Ҳизбут-Таҳрир” партияси бугун жамиятимизга жиддий таҳдид қилаётган бир йўналиш. Бироқ Ҳизбут-Таҳрирга аъзо бўлганлар ҳам мусулмонлар. Балки улар адашиб бу партияга кириб қолгандир?

Лекин жаҳолатга қарши жаҳолат билан курашиб булмайди. Курашишдан аввал таҳлил қилиш керак. Азалдан маълумки, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг самараси кўпроқ. Шунинг учун улар билан мулоқот олиб бориш, уларни тинглаш керак, дейди таҳлилчи Мақсуд Жўраев.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил тўрт ойи давомида 8 тожикистонлик Ҳизбут-Таҳрир партиясига алоқадорликда айбланиб, ушланган ва улар устидан тергов давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG