Линклар

“Мендан ном қолишини истайман”

  • Гулнора Равшан

Қисматнинг оғир синовидан бутун чиқа олган Насибахон¸ бугун уч болага оналик бахтидан масрур яшамоқда.

Қисматнинг оғир синовидан бутун чиқа олган Насибахон¸ бугун уч болага оналик бахтидан масрур яшамоқда.

БМТ Бош ассамблеяси резолюциясига мувофиқ, 1994 йилдан буён 15 май жаҳонда оила куни сифатида нишонланади. Бу кунда ота-она меҳридан жудо бўлмиш уч гўдакни бағрига олган душанбелик аёл билан суҳбатлашдик.

31 ёшли Насибахон Душанбе шаҳрида ўртаҳол оилада туғилиб ўсди. Етуклик аттестатини олган қиздан келажак орзу-ҳаваслари ҳақида сўраб ўтирмадилар.

Насибанинг отаси “қиз бола бировнинг хасми” дея 17 ёшли қизини куёвга узатди. Тўйдан тўққиз ой ўтиб, қаҳрамонимиз қиз кўрди.

- Фарзандли бўлганимда 18 ёшда эдим. Энди ёш нарса, унча-мунча нарсани тушунмасдим. Қайнонам ота-онамни хабардор қилмай, туғруқхонага олиб борди. Бир кеча-кундузли тўлғоқдан сўнг шифокорлар болани операция билан олишларини айтишди. Шундай ҳам бўлди. Лекин операция пайтида бачадонимда пахта қолдирганлари учун беш кундан кейин бачадоним йиринглаб кетди, дея эслайди Насибахон.

Ҳали чақалоғини бағрига босиб улгурмаган ёш она иккинчи марта операция столига ётқизилди.

- Йиринг қонимга ўтган экан. Пертонит касали бўлдим. Бу гал 12 соат чўзилган операцияда бачадонимни олиб ташлашди. Қизимни ҳам докторлар йиқитиб қўйишган экан. 5 ёшда Ойдинойим қон саратони билан вафот этди. Мени эрим билан боғлаб турган занжир узилиб кетди. Хўжайиним мевасиз дарахтнинг тагидан қирқиб ташлаш кераклигини айтиб, мен билан ажрашди. Бир ўзим қолдим, дейди Насиба ўша кунларни эслаб.

Шу тариқа қаҳрамонимиз ота уйига қайтди. Аммо унинг тушкунлиги узоқ давом этмади.

- Қайғудан бир ҳовуч бўлиб қолдим. Лекин ички бир туйғу билан барибир оёққа туришим ва қандай бўлмасин, ўзимдан ном қолдиришим кераклигини англардим.

Шундан сўнг Душанбе шаҳар касалхонасининг 11-корпусидаги шифокорлар ёрдамида катта ўғилчамни олдим. Чақалоқни очиб кўрсак, оёғи туғма касал, суяги эгри экан, дейди Насибахон.

Қизнинг яқинлари касал болани боқиш қийинлиги ва уни тезда болалар уйига топшириш кераклигини айтишди. Аммо Насиба етим қолган болани бағрига босиб, ҳар қанча оғир бўлмасин, уни ташламасликка аҳд қилди.

Ўтган 15 йил давомида икки марта оғир операцияни бошдан кечирган Азимжон оёқ турди.

Болаларни жондан ортиқ кўрувчи Насибахон Азимжонга ука бўлсин деб, бундан саккиз йил аввал икки кунлик чақалоқ Комронжонни ўз тарбиясига олди.

Ўтган йили эса уларга сингил бўлсин деб, болалар уйидан Шукрияни олиб келди.

Насиба етим болаларга оналик қилиб, бир вақтлар тақдир тақазоси билан йўқотиб қўйган оиласини тиклаб олгандай бўлди.

Қаҳрамонимиз бугунги кундаги иқтисодий қийинчиликларга қарамасдан, уч фарзандини бировдан кам қилмай, вояга етказаётганини айтади.

- Мода кетидан қувмайман. Ўзим ўртамиёна кийинсам ҳам болаларимнинг яхши кийиниб, яхши ейиши ва ўқиши учун бор кучимни сарфлаяпман. Давлат идораларида ишламайман. Кичик тижорат билан шуғулланаман, кўп вақтимни чеварчиликка сарфлайман. Худо ҳар бир болани ризқи билан беради.

Мен ёшлигимни болаларимга бағишладим. Эртага оёққа турғазсам, Худо йўлига ҳам савоб, ҳам номим ўчмайди. “Кимнинг боласи - Насибанинг боласи” дейди одамлар, дея умидланади суҳбатдошимиз.

Насибахон қийналиб қолган кунлари ота-онасигина ёрдам беришини, давлат томонидан эса ҳал бирор марта молиявий ёки ижтимоий ёрдам бўлмаганини айтади.

- Ҳали бирор марта ҳукумат одамлари “ҳолинг нима” деб, йўқлаб келишгани йўқ. Ота-онам оз-моз ёрдам беради, холос. Мана катта ўғлим улғайиб, ёнимдан кириб қолди, дейди қаҳрамонимиз.

Аммо қўшимча даромад илинжида болаларини қора ишга ҳайдаш Насибахоннинг хаёлига ҳам келган эмас.

- Бирдан-бир орзуим болаларимни ўқимишли қилиб, давлатга, жамиятга фойдаси тегадиган, оналарнинг қадрини биладиган одамлар қилиб улғайтириш, дейди Насиба.
XS
SM
MD
LG