Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:46

Халқаро жамоатчилик журналист ҳимоясига турди


Мустақил журналистнинг айбдор эканига ўзбек журналистларигина эмас, халқаро ҳамжамият ҳам ишонмайди.
Мустақил журналистнинг айбдор эканига ўзбек журналистларигина эмас, халқаро ҳамжамият ҳам ишонмайди.

Дунёдаги 32 та халқаро ташкилот қўшма баёнот бериб, Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан журналист Солижон Абдураҳмоновни қамоқдан озод қилишни сўради.

Журналист Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш бўйича имзо йиғиш ташаббуси Ўзбекистон ҳақиқий журналистлар уюшмаси томонидан илгари сурилганди.

Уюшма раиси Галима Бухарбоева Ислом Каримов номига йўлланган ушбу баёнотга дунёдаги кўплаб нуфузли ташкилотлар қўшилганидан кўнгли тўлганини айтади.

- Бизни жаҳондаги 32 та ташкилот қўллаб-қувватлаганидан мамнунмиз. Африка, Лотин Америкаси, Европа, Россия ва Марказий Осиёдаги кўплаб ташкилотлар биз эълон қилган петицияни қўллаб, Ислом Каримовдан журналист Солижон Абдураҳмоновни озод қилишни сўрашди, дейди Галима Бухарбоева.

Баёнотга қўшилган ташкилотлар орасида қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган “Журналистларни ҳимоя қилиш” қўмитаси, Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Ҳюман Райтс Уотч ва Фридом Ҳаус каби бир қатор нуфузли ташкилотлар бор.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили Игор Воронцовга кўра, Солижон Абдураҳмоновнинг қамалиши сиёсий мотивлар билан боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон ҳукуматига ҳалқаро босим кўрсатиш орқали журналистнинг озодликка чиқаришга эришиш мумкин.

- Бу петиция жуда яхши ташаббус. Менимча, қанча кўп одам Солижонни эсласа ва у ҳақида қанча кўп гапирилса, самараси яхши бўлиши мумкин.

Ташкилотимизнинг ўзига хос хусусияти шундаки, биз тўғридан-тўғри дипломатлар ва халқаро вакиллар билан ишлаймиз. Биз улардан Солижон Абдураҳмонов сингари бир қанча шахсларнинг тақдири билан боғлиқ воқеаларда фаол иштирок қилишларини талаб қилиб келамиз, деди Игор Воронцов.

Қозоғистондаги “Одил сўз” ҳалқаро ташкилоти ходимаси Елена Малигинанинг айтишича, “Одил сўз” ҳам Солижон Абдураҳмоновнинг озод қилиниши борасидаги баёнотга қўшилган.

- Журналистлар қаерда бўлишидан қатъий назар - Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ёки бошқа бирор мамлакатда бўладими - биз барча журналистларни қўллаб-қувватлаймиз. Шунинг учун ҳам биз бефарқ бўлишни истамадик. Чунки биз қўшнилармиз ва Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеалар бизларни ҳам қизиқтиради ва хавотирга солади.

Ўзбек журналисти Солижон Абдураҳмоновнинг ўн йилга қамалиши билан боғлиқ воқеалардан хабардормиз. Шунинг учун бизнинг ташкилот ҳам Ислом Каримовдан Солижон Абдураҳмоновнинг озодликка чиқарилишини сўрайди, деди Елена Малигина.

Галима Бухарбоеванинг билдиришича, баёнотда Солижон Абдураҳмоновга қарши айбловлар сохталаштирилгани, журналистнинг айби маҳкама жараёнида исботланмагани, унга нисбатан тергов қоидалари қўпол равишда бузилгани таъкидланган.

- Умид қиламизки, президент Ислом Каримов чақириғимизни эшитиб, бутунлай айбсиз бўлган одамни озод қилади.

Қамоқхонада айбсиз одамларни ушлаб туриш Каримов туфайли шунингсиз ҳам мўрт бўлиб қолган давлатчилик асосларига путур етказаяпти. Менимча, айби бўлмаган одамларни озодликка чиқариш мамлакатни инқироз ботқоғидан сал бўлса-да қутқаришга туртки бўлиши мумкин, дейди Галима Бухарбоева.

Айни пайтда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Солижон Абдураҳмонов ўтган йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилган. Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Кейинчалик банг моддаси сотишга ҳаракат қилганликда қораланди.

2008 йилнинг 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига маҳкум қилинди.

19 ноябр куни эса Қорақалпоғистон Олий суди дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор чиқарди.

Жорий йилнинг 28 феврал куни Ўзбекистон Олий суди ишни қайта кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Олий судига жўнатди.

25 март куни Қорақалпоғистон Олий суди яна дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
XS
SM
MD
LG