Линклар

logo-print

Тунда автобус ҳаракати таъқиқланди

  • Садриддин Ашур

Янги тартибга кўра¸узоқ масофага чиққан йўловчилар тонгни автобус ичида оттирадилар.

Янги тартибга кўра¸узоқ масофага чиққан йўловчилар тонгни автобус ичида оттирадилар.

Ой бошида йўловчи автобус ҳалокатга учраб¸ ўнлаб одам нобуд бўлганидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати жорий қилган қатнов тартиби¸ оддий одамларга салла деса¸ калла келтиришдек туюлмоқда.

Тошкент- Қашқадарё автомобил йўлида 1 майдан 2 майга ўтар кечаси содир бўлган автобус авариясидан сўнг, мамлакат автомобил йўлларида кечки соат 10 дан сўнг барча автобус қатновлари тўхтатилди.

Вилоятлар чегарасига қўйилган йўл ҳаракати хавфсизлиги постлари соат кечки 10 бўлиши билан бирорта ҳам автобусни ўтказмаяптилар. Натижада постларда автобусларнинг узундан узун карвонлари вужудга келмоқда.

Бу автобуслар ичида бўлган йўловчилар эрталабки соат олтигача йўл очилишини кутиб тонг оттирмоқдалар. Сурхондарёлик Анвар Муродов ҳам Тошкентга етиб келишларига 70 чақирим қолганида уларнинг автобуси Сирдарё постида тўхтатиб қўйилганини айтади:

- Соат 10 бўлиши биланм автобусни тўхтатиб қолар экан. Бизлар ҳам тақдир тақозоси билан Сирдарëда ушланиб қолдик. Сирдарë постида 70-80 та автобус бўлди. Машина одамдан кўп¸ одам машинадан кўп.

Афғонистонда вертушкалар келиб колонналарни бомбалар эди. Худди шундай бўлиб¸ бошим айланиб қолди.

Кейин бир машина билан келишиб 15 минг сўмга Собир Раҳимов метрогача бордик. Кейин метродан уйгача 3000 сўм бердик. Хуллас 18 минг сўмнинг ўзи таксига кетди.

Бу битта Сирдарë вилоятида. Ҳамма вилоятларда кечаси автобусларни юргизмайди¸ дейди Анвар Муродов.

Анвар аканинг айтишича, у Шўрчидан 14 минг сўм тўлаб автобусда келган бўлса, Тошкентга етай деб қолганида такси учун 18 минг сўм тўлашига тўғри келди. Бироқ, дейди у, автобуслардаги юзлаб ёш болали оналар, қарияларнинг йўлда саккиз соат ортиқча ушланиб қолиниши уларни қийин аҳволга солиб қўймоқда:

- Йўловчиларнинг ичида гўдаги ҳам бор¸ қарияси ҳам бор¸ ëши ҳам бор¸ каттаси ҳам бор. Нима қиламиз энди¸ тақдиримизга тан берамизда. Иложимиз етгани автобус экан¸ автобусда кетаяпмиз.

Иложимиз бўлса экан¸ самолëт билан кетсак. Самолëт 65 минг сўм¸ такси 35 минг сўм. Автобус¸ садағанг кетай¸ қулайда¸ дейди Анвар Муродов.

2005 йилда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ҳам автобус ҳалокати юз бериб, 12 нафар йўловчи ҳалок бўлган эди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон йўлларида худди шундай тартиб жорий қилинган эди.

Бироқ орадан олти ой ўтиб яна автобуслар кечаси қатнай бошлади. Анвар аканинг сўзларига кўра, бу тадбир муаммони ҳал қила олмайди. Аксинча, автомобил йўлларини стандартларга мувофиқ қайта қуриш керак ва энг асосийси автобусларнинг техник ҳолатларини қатттиқ назорат қилиш керак:

- Биласизми¸ Давлат автомобил назорати ходимлари автобусларнинг техник ҳолатини яхши текширса¸ ҳеч қачон авария бўлмайди. Докторлар “Мана шу одам дам олган¸10-15 соатга чидайди” деб кафолат берса¸ тиббий кўрикдан ўтказса¸ ҳеч нарса бўлмайди.

Минг афсуски¸ бизда шундай нарсалар йўқда. Автобус шахсий¸ хоҳлаган вақтда кетади¸ хоҳлаган вақтда келади¸ дейди Анвар Муродов.

Ўзбекистон ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Қосимовнинг айтишича, автобуслар ҳаракатининг кечки соат 10 дан кейин тўхтатиб қўйилиши Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилмоқда:

- Вазирлар маҳкамасининг 482 сонли қарори бор. Шунинг иккинчи иловасида “Автобуслар маршрути 400 километрдан ошиқ бўлса¸ иккита шофëр билан бўлсин. Кечаси ҳайдалмасин” деган жойи бор¸ дейди Ўзбекистон ИИВ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори Қосимов.

Эслатиб ўтамиз шу йилнинг 1 майидан 2 майига ўтар кечаси Ғузор –Чим –Кўкдала йўлининг 42 километрида йўл четида турган экскаваторга катта тезликда бориб урилган йўловчи автобуси ҳалокати натижасида 23 киши ҳалок бўлган эди.
XS
SM
MD
LG