Линклар

Бой бойга боқар...

  • Алишер Сиддиқ

Усмоновлар ва Мирзиëевлар қудачилиги Ўзбекистонни бошқараëтган иқтисодий-сиëсий кланларни янада чатиштириб юборди

Усмоновлар ва Мирзиëевлар қудачилиги Ўзбекистонни бошқараëтган иқтисодий-сиëсий кланларни янада чатиштириб юборди

Бош вазир Шавкат Мирзиëев ва асли наманганлик миллиардер Алишер Усмоновлар жиянлари никоҳи тимсолида Ўзбекистондаги ҳокимият ва пул эгалари бир-бири билан янада қаттиқроқ боғланди

“Uzmetronom” хабарича, куни-кеча Тошкентдаги Radisson меҳмонхонасида россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг Бобур исмли жияни ва Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Диёра исмли жиянининг никоҳ тўйи ўтказилган.

Сайтга кўра, Усмонов ва Мирзиёев жиянларининг тўйи дабдабасиз ўтказилган ва ҳатто унга хорижлик таниқли артистлар ҳам таклиф этилмаган.

Аммо Ўзбекистонда ҳар куни ўтказилаётган минглаб тўйлардан фарқли Бобур ва Диёранинг тўйи оммавий ахборот воситалари диққатини ўзига бежиз қаратаётгани йўқ.

Бобур ва Диёра ҳақида ҳеч нарса билмасак-да, ҳар қалай гап уларнинг таниқли ва қудратли амаки-тоғалари – россиялик миллиардер Алишер Усмонов ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳақида бормоқда.

Кузатувчиларга кўра, Мирзиёев ва Усмоновнинг қариндош бўлиши тасодиф эмас. Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев ушбу қариндошлик иккала томон учун манфаатли эканини айтади.

- Албатта¸ Алишер Усмоновнинг қариндошлари Шавкат Мирзиëевнинг қариндошларига қуда бўлиши бир томондан Мирзиëевнинг ўзига ҳам керак. Чунки у Алишер Усмоновнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлиши мумкин.

Алишер Усмонов Мирзиëевга қуда бўлаëтган бўлса¸ унга Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш учун анча имкониятлар ошади. Айни пайтда Шавкат Мирзиëев Алишер Усмоновнинг қариндошлари уни қўллаб-қувватлашига муҳтож. Бу ерда ҳамма нарса ҳисобга олинган¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Россиядаги қудратли “Газпром” компаниясига қарашли “Газпроминвестҳолдинг” компанияси бош директори Алишер Усмонов энергетика соҳасида Россиянинг Ўзбекистондаги манфаатларни илгари сурувчи шахс сифатида танилган.

Россия ҳукуматида алоҳида нуфузга эга бўлган Усмонов жорий йилнинг 22-23 январ кунлари Тошкентга ташриф буюрган Россия президенти Дмитрий Медведевга ҳамроҳлик қилган эди.

Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган Усмоновнинг шахсий мулки 2008 йилда “Форбс” журнали томонидан, қарийб 2 миллиард АҚШ долларига баҳоланган эди. Бироқ бошқа манбаларда¸ Усмоновнинг бундан бир неча карра бойроқ экани кўрсатилади.

Ўзбекистон ҳукуматида уруғ-аймоқчилик мавзусини тадқиқ этган мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов Усмонов билан қариндошлик ўрнатган Мирзиёевнинг ўз мавқеини анада кучайтиришни мақсад қилганига шубҳа қилмаслигини айтади. Аммо амалда бу мутлақо тескари натижа бериши ҳам мумкин, дейди у.

- Мен Шавкат Мирзиëев ва Алишер Усмоновларнинг қуда-андачилик билан мавқени мустаҳкамлашини тасодифий деб билмайман. Чунки Шавкат Мирзиëевнинг яна бир қудаси Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг узоқ йиллар бошқарган Ботир Турсунов бўлади. Ҳозир бу одам Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи.

Маълум маънода¸ Шавкат Мирзиëев Алишер Усмонов билан яқинлашиш орқали ўз мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилаëтган бўлиши мумкин. Лекин¸ менимча¸ бу қудачилик унга зарар беради.

Ҳозир Россия билан муносабатлар ëмон пайтда президент Каримов бу нарсани оғриқли қабул қилади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

1997 йилда эълон қилинган “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” китобида Президент Каримов уруғ-аймоқчиликни Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллардан бири сифатида белгилаган эди.

Шу боис Ўзбекистон ҳукумат амалдорларининг ўзаро қариндошчилик ришталарини ўрнатиши президент Каримовнинг алоҳида назоратига олингани айтилади.

Сиёсий шарҳловчи Камолиддин Раббимов Мирзиёевларнинг Усмоновларга қиз узатиши ҳам Каримовнинг “оқ фотиҳа” си билан бўлганини тахмин қилади.

- Бунга Каримов томондан оқ фотиҳа берилган бўлиши керак. Лекин эртага вазият ўзгарадиган бўлса¸ шу ҳолат айнан Каримов томонидан халқ олдида кўтарилиб¸ Шавкат Мирзиëевнинг ишдан олинишига¸ танқид қилинишига¸ ундан ҳам оғир аҳволга олиб келинишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда энг катта муаммо¸ сиëсий доирада мустаҳкам ва барқарор ўйин қоидаси ҳалигача йўқлиги. Вазият доим ўзгариб боради. Фақат ўзгариб борувчи Каримовнинг манфаати бор. Ўйин қоидасининг йўқлиги ҳеч кимга ҳеч қанақа кафолат бермайди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Усмонов ва Мирзиёевнинг қариндошчилигини тасодифий бўлган деб айтадиганлар ҳам йўқ эмас, аммо Раббимов фикрича, демократиядан йироқ қолаётган Ўзбекистонда қудратли шахслар бир-бирлари билан яқинлашиш ва ресурсларини ўзаро бирлаштириш орқали сиёсий коалицияларни тузадилар.

Бироқ¸ айни пайтда¸ аксар таҳлилчилар бу гуруҳларни моҳирона бошқариб, айрим ҳолларда уларни бир-бирларига қарши қўйиб келаётган президент Каримов мамлакат сиёсатини белгиловчи ягона шахс бўлиб қолаётганини ҳам эътироф этадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG