Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:51

Шанхай гуруҳи ҳамкорларини кўпайтирмоқчи


Яқин келажакда расмий мақомга кўра ëнма-ëн суратга тушадиган ҳамкорлар сони ошадиган кўринади.
Яқин келажакда расмий мақомга кўра ëнма-ëн суратга тушадиган ҳамкорлар сони ошадиган кўринади.

15 май куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат Ташқи ишлар вазирлари Москвада учрашиб¸ ташкилотнинг ëзги саммитига ҳозирлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши жорий йил 15 – 16 июн кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтади.

Ташкилотга аъзо давлат Tашқи ишлар вазирларининг жума кунги Москва учрашувида саммит кун тартиби билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Музокарадан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров йиғилиш нинг конструктив ва сермаҳсул бўлгани¸ вазирлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига қандай ҳужжатлар тақдим этиш борасида келишиб олганларини билдирди.

- Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарлари саммити муҳокамасига Екатеринбург декларацияси, қўшма баёнот, ШҲТнинг терроризмга қарши конвенцияси лойиҳаси, ШҲТга аъзо давлат ҳудудларида таҳдид пайдо бўлган вазиятда кўриладиган сиёсий-дипломатик чоралар ва қўшма тезкор механизмлар ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ва ташкилий характерга эга бўлган бошқа қатор ҳужжатлар тақдим этилади, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Сергей Лавров Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бошқа давлатларнинг ШҲТдаги иштироки механизмларини ҳам ишлаб чиқаётганини қўшимча қилди.

- Давлатлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга қизиқмоқда. Бу қизиқишни ҳисобга олган ҳолда яқинда янги мақом, яъни, ШҲТнинг мулоқотдаги ҳамкори мақоми жорий қилинди.

Бугун айрим мурожаатлар кўриб чиқилганидан сўнг биз давлат раҳбарларига Беларус ва Шри Ланкага шундай мақом берилишини тавсия қилишга келишиб олдик, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Ҳозирда Ҳиндистон, Монголия, Эрон, Покистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи мақомига эга. Матбуот анжуманида сўзлаган Сергей Лавров бошқа давлатларнинг ташкилотга аъзо бўлиши борасида ҳам фаол иш олиб борилаётганини таъкидлади.

- Айни пайтда аъзолик ҳақидаги айниқса, кузатувчи давлат мақомидан ШҲТга аъзо давлат мақомига ўтиш мезонларини белгилаш борасида иш олиб борилмоқда. Ҳам моҳият¸ ҳам ташкилий нуқтаи назардан бугун биз анча олдинга силжишга муваффақ бўлдик. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари биз ўртага қўйган таклифларни конструктив тарзда кўриб чиқади деган умиддамиз, деди Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Хитой аъзо бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ҳозирда Россия раислик қилмоқда.

15 май куни Москвада бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иштирок этди.
XS
SM
MD
LG