Линклар

Тожикларга шахсга сиғиниш маън қилинди

  • Гулнора Равшан

Имомали Раҳмоннинг янги топшириғига мувофиқ, эндиликда Тожикистон кўчаларида бу каби баннерлар осилиб турмайди.

Имомали Раҳмоннинг янги топшириғига мувофиқ, эндиликда Тожикистон кўчаларида бу каби баннерлар осилиб турмайди.

Тожик президенти Имомали Раҳмон вазирлик, қўмита ҳамда бошқа давлат идоралари раҳбарларига давлат раҳбари билан тушган расмларини иш кабинетлари ва жамоат жойларидан олиб қўйишни буюрди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг республика барча туман ва вилоятларидаги давлат идораларига 15 май куни йўллаган махсус топшириғида “Ўз-ўзини кўз-кўзлаш ва аҳоли орасидаги нотўғри тушунчаларга барҳам бериш мақсадида туман ва шаҳар раисларининг президент билан тушган суратлари акс эттирилмиш гиламлар, портретлар иш кабинетлари ва автомобиллар қатнайдиган йўл четидан, жамият жойлардан олиб қўйилсин”, дея таъкидланган.

Имомали Раҳмоннинг топшириғига биноан, бундан буён давлат раҳбари суратларининг қаерда ва қай шаклда ўрнатилиши Президент ижроия девони билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Тожикистон президенти ижроия девонидан олинган маълумотларга кўра, шу кунгача республиканинг турли шаҳар ва туманлари кўчаларида, мактабларда ва умуман барча жамоат жойларда президент сурати ва унинг билан бирга расмга тушган вазиру раисларнинг портретлари ўша ҳудуд раҳбарининг ташаббуси билан осиб қўйилган.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази раис ўринбосари Сайфулло Сафаров давлат раҳбарининг қарорини мана бундай изоҳлади:

- Имомали Раҳмон табиатан шахсга сиғиниш ва қариндош-уруғчиликни ёқтирмайди. Бугунги буйруғи унинг ўз принципига содиқлиги исботидир. Шахсга сиғиниш қандай оқибатларга олиб келишини ва бунинг давлат раҳбари обрўсига қандай таъсир қилишини қўшни давлатлар тажрибасида кўриб турибмиз, деди Сафаров.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази масъули Имомали Раҳмоннинг бу қарори аҳоли томонидан ҳам олқишланишига ишонади.

Ислом уйғониш партиясининг ахборот-таҳлилий бўлими бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода Имомали Раҳмоннинг бу ишини унинг халқчил бўлиши сари қўйган илк қадами сифатида баҳолади.

Сайфуллозодага кўра, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари президент билан яқинлигини суиистеъмол қилиб, ўзларини ўша ҳудуд ҳокими деб билади, аммо аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий шароитини яхшилаш борасида кўпам қайғуравермайди.

- Ўзбекистонга элтувчи Душанбе-Турсунзода автомобил йўли бўйлаб бу ҳудуд маҳаллий ҳокимиятлари раисларининг президент билан тушган ўнлаб портретлари баландлиги 4 метр келадиган устунларга осиб қўйилган. Бу портретларни жуда узоқдан ҳам кўриш мумкин. Буни раисларнинг “одамларга ўзини кўрсатиб қўйиш” истаги билан изоҳласа бўлади, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Аммо, Сайфуллозода фикрича, давлат раҳбарининг буйруғи жамиятда бирор нарсани ўзгартиришига ишониш қийин.

- Негаки аввал ҳам шунга ўхшаш топшириқлар берилган, аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, бунинг акси бўлган. Чунки давлат идоралари раҳбарларидаги лаганбардорлик даволанмайдиган касалликдир, дейди Сайфуллозода.

Айни пайтда Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров юқоридаги фикрларга мутлақо қўшилмайди.

- Давлат раҳбари жамиятда шахсга сиғинишга барҳам бериш учун ўзининг шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан тушган расмларинигина эмас, балки ўзи якка тушган портретларини ҳам жамоат жойлари ва йўллардан йиғиштириб олишни буюрса, мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Бинобарин, президентнинг фақат раислар билан бирга тушган суратларни олиб ташлашни буюриши унинг ўз атрофдагиларига “Президент битта”лигини таъкидлашидан бошқа нарса эмас.

Президент суратлари керакли ва кераксиз жойларга ўрнатилишда давом этар экан, жамиятда шахсга сиғиниш барҳам топмайди, дейди Раҳматулло Зоиров.

Аснода Имомали Раҳмоннинг “шахсга сиғинишга барҳам бериш”га киришиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистонни Марказий Осиёнинг авторитар давлатларидан бири сифатида баҳолаётган бир пайтга тўғри келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG