Линклар

logo-print

Таҳлилчилар глобал иқтисодий бўҳрон даврида ШҲТ ўз стратегиясини аниқ белгилаши лозимлиги, акс ҳолда, ташкилотнинг роли сусайиши ва самарасиз ташкилотга айланиши мумкинлигини башорат қилмоқдалар.

Июн ойида Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўладиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммити олдидан сиёсий таҳлилчилар бу ташкилотнинг нечоғли самарадорлиги ҳақида яна ўз фикр-мулоҳазаларини билдира бошладилар.

Чунончи халқаро масалалар бўйича россиялик мустақил таҳлилчи Олег Реут куни кеча Фарғона.ру интернет сайтида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳақида мақола эълон қилди.

Мақола муаллифи жаҳон бўйлаб иқтисодий бўҳрон давом этаётган бир пайтда, Афғонистонда кенг кўламли ҳарбий амалиётлар давом этаётган бир пайтда, Эрон ва Қирғизистонда президентлик сайлови яқинлашаётган бир пайтда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг стратегик мақсадларини муҳокама этиш ва унга тузатишлар киритиш муҳим, деган фикр билдирган.

Россиялик таҳлилчи ШҲТ ташкилот сифатида Марказий Осиёда уч йўналишда, яъни Ғарбга қарши коалиция, энергетик иттифоқ ва якка ҳаракат қилувчи давлатлар иттифоқи каби йўналишда ривожланиши мумкинлигини башорат қилди.

Реутга кўра, янги йўл тезроқ танланишига эҳтиёж пайдо бўлишига сўнгги пайтларда ташкилотнинг интеграцион ривожланиш йўлида тескари натижалар кўзга ташланаётгани сабаб бўлган.

Аксар таҳлилчилар ШҲТ тузилганидан бери минтақанинг жиддий муаммоларини ҳал эта олмаган ташкилот, деган фикрда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонинга кўра эса Ўзбекистон дунё интеграциясига минтақавий интеграция орқали қўшилиш сиёсатини олиб бормоқда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти эса айнан шу ролни бажармоқда.

- Шанхай ҳамкорлик ташкилоти биз ўз манфаатларимизни илгари сурадиган ташкилотдир. Биз бошқалар манфаатлари нимадан иборат эканини, уларнинг позицияси қандайлигини эшитамиз. Шунга мувофиқ, ўз сиёсатимиз ва муносабатимизга тузатиш киритамиз. Биз том маънода бу ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосимиз, дейди Виктор Ивонин.

Интеграция масалалари бўйича ўзбекистонлик таҳлилчи Фарҳод Толипов фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳозиргача қай йўналишда ривожланишни аниқ белгилай олмаган.

- ШҲТнинг ҳозирги тенденцияси кун тартибига қўйилаётган масалаларни борган сари кенгайтириб келаяпти. Бу ўзи қандай ташкилот? Масалан, иқтисодий ташкилотми? Хавфсизлик бўйича ташкилотми? Маданий алоқалар бўйича ташкилотми? Бу қандай ташкилот деганда, бирор-бир жиддий жавоб бўлгани йўқ. Чунки бир саммитда хавфсизлик тўғрисида гапиришади. Иккинчи саммитда Афғонистон тўғрисида гапиришади. Чегара масаласи, иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари, деб анча гапирилди. Лекин амалда ҳали ишлар қилингани йўқ, деб ўйлайман, дейди Фарҳод Толипов.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқовга кўра, ШҲТ Ўзбекистоннинг бирорта жиддий муаммосини ҳал қилишда ёрдам бера олмаган ва у аъзо давлатлар учун фақат минбар бўлиб қолмоқда, холос.

Унинг фикрича, минтақа ва Ўзбекистоннинг муаммоларига ечим топиш учун янги ташкилот тузилиши ва у аниқ лойиҳаларни амалга ошириши керак.

- Албатта, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун сув муаммоси¸ транспорт¸ коммуникация ва ҳоказо муаммолар тўғрисида ўз фикрини етказишда минбар. Бу минбар бўлиб қолаверади¸ аммо уни амалга ошириш учун ҳеч қандай механизм йўқ. Бу ерда янги ташкилот керак.

Марказий Осиë давлатлари Афғонистон билан бир томонда¸ иккинчи томонда Россия¸ Хитой¸ Жанубий Корея¸ Япония¸ Европа Иттифоқи¸ АҚШ¸ Ҳиндистон¸ Покистон¸ Туркия. Битта лойиҳани олиш керак. Шунда қанақадир натижа бўлади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Хитой аъзо. Ҳиндистон, Мўғулистон, Эрон ва Покистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Эрон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлиқ аъзо бўлишни хоҳлайди. Аммо ШҲТ Эронни ўз сафига қўшишга шошилаётгани йўқ.

Таҳлилчилар буни Ғарб билан Теҳрон ўртасида Эроннинг ядровий дастури борасида тортишувлар давом этаётгани билан изоҳламоқда.
XS
SM
MD
LG