Линклар

Душанбе сигирлардан тозаланади

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда қабул қилинган янги қонунга биноан кўпчилик душанбеликлар ўзларининг ягона тирикчилик воситаси бўлган сигирлар ва бошқа уй ҳайвонларидан ажралмоқдалар.

Тожикистонда қабул қилинган янги қонунга биноан кўпчилик душанбеликлар ўзларининг ягона тирикчилик воситаси бўлган сигирлар ва бошқа уй ҳайвонларидан ажралмоқдалар.

Тожикистон парламенти "Пойтахт мақоми тўғриси"даги қонунга киритган ўзгартиш ва қўшимчалар асосида шу йил июл ойи аввалида мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри уй ҳайвонларидан тозаланади.

“Пойтахт мақоми тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар бўйича жорий йил биринчи июлидан эътиборан Душанбе шаҳар марказидаги маҳалла аҳолисига сигир, қўй, от, товуқ ва бошқа барча турдаги уй ҳайвонларини сақлаш ва кўпайтириш таъқиқланади. Ит ва мушук бундан истисно.

Қонун муҳокамасида қатнашган депутат Маҳмуд Раҳимов пойтахт ўз сиймоси билан қишлоқ жойлардан фарқ қилиши зарурлигини таъкидлайди.

- Сўнгги йиллар пойтахтда турли уй ҳайвонларининг кўпаяётгани сабабли юқумли касалликлар билан оғриган шаҳарликлар, жумладан, ёш боллар сони кескин ошмоқда.

Анҳорларга уй ҳайвонларининг ахлати ташланаётгани ичмлик сувининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.

Шаҳар санитария ҳолати жуда ёмон аҳволда. Шунинг билан бирга қўй, эчики, ҳатто айрим жойларда эшакнинг овози пойтахтликлар тинчини бузмоқда.

Шуни назарга олган ҳолда, шаҳар марказида уй ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш қонун доирасида таъқиқланади,- деди қуйи палата вакили Раҳимов.

Депутатга кўра, бу қарор Душанбе шаҳар марказига яқин маҳаллаларгагина тегишли холос. Шаҳар четироғидаги маҳаллалар эса бундан истисно.

Раҳимовга кўра, депутатлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш мақсадида шундай қарорга келишган.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жозики, мазкур ҳужжат муҳокамаси кескин мунозаралар билан ўтди.

Жумладан, Тожикистон Ислом уйғониш партиясидан вакил Муҳиддин Кабирий қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг молиявий аҳволига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигинни таъкидлади:

- Мамлакат бугунги иқтисодий вазиятидан келиб чиққан ҳолда, шаҳар аҳолисига уй ҳайвонларини сақлашни таъқиқламаслиги керак. Чунки уларнинг аксарияти ўз оиласини иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан таъминлаш мақсадда уй ҳайвонларини боқишмоқда.

Мазкур ҳужжат аҳолининг маиший ҳаётини янада қийинлаштириб қўяди,- деган ишончда Кабирий.

Душанбе шаҳар марказидаги Ойгул кўчасида яшайдиган 52 ёшли Туймахол аянинг оиласида ўзи ва турмуш ўртоғидан ташқари 8 жон яшайди. Уларнинг аксарияти ҳали балоғат ёшига етмаган болалар.

Туймахол ая ҳам, турмуш ўртоғи Бурхон ака ҳам ишсиз. Оилани биргина соғин сигир боқади.

- Етишмовчиликнинг орқасидан сигир боқаяпмиз. Давлатдан ёрдам бўлмаса, меҳнат қилсак меҳнатимиз бозорда пул пўлмаса. Кундан кунга нархлар кўтарилиб кетаяпти,- дейди пойтахтлик Туймахол Очилова саноқсиз муаммолардан қайғуриб.

Аянинг ҳовлиси унчалик катта эмас. Шўролар даврида қурилган беш хонадан иборат пастқамгина уй адоғидаги оғилда сақланаётган сигир Туймахол аяга ҳар ой 200 доллар даромад келтирар экан.

- Тиркчилигим шунинг орқасидан деяпман-ку. Сигиримнинг ҳеч кимга зарари тегмаса, кўчага ҳайдамасам. Мана шу ерда ўтирибсиз, бирор ҳид сезмаяпсиз.

Сигиримни сотиб юборсам, билмайман, ниманинг ҳисобига яшаймиз, қаердан пул топамиз...

Шундай қонун қабул қилинишини эшитган эдим , лекин ишонмагандим, ҳукумат шунчаликка бормаса керак деб. Энди бу кризис пайти аҳволимиз бундан баттар бўлади-да,- дея куюнади Туймахол ая.

Аянинг қўшниси 57 ёшли Манзура Рўзиматова ҳам қўй, қуён ва бир нечта товуқ парвариш қилиб келганини, аммо қонун ижросига муҳлатидан эрта киришган маҳалла раисларининг қистови билан ҳаммасини сотиб юборганини айтади.

- Товуқларимдан тухум олардим. Зарурат бўлса суйиб, дарров қозонга солардим. Ўзингдан чиққанга нима етсин. Мана ҳозир улар йўқ, тухум ололмайман, қиммат, нафақам етмайди, - дейди Манзура ая.

Суҳбатдошимиз уй ҳайвонлари уни нафақат иқтисодий таъминлаган, балки ҳаёт ташвишларини бир зум бўлсада унутишга, асабларининг тинчланишига ёрдам берганини айтади:

- Ўшалар билан овуниб ҳаётнинг қийинчиликларини ҳам унутардим, -дейди Манзура ая.

Аёллар давлат томонидан ўзларига на иқтисодий ва на ижтимоий ёрдам кўрсатиламаётгани баробарида тирикчилик ўтказиш учун уларда бор имкониятларни ҳам олиб қўйилиши ҳуқуқларининг поймол қилинишидан бошқа нарса эмаслигини таъкидлашди.

Аммо душанбеликларнинг аксарияти халқ вакиллари қарорини олқишлашларини билдиришди.

Жумладан, душанбелик Алижон ака қуйи палата депутатлари қабул қилган қарор давр талаби эканини айтади.

- Қўй, мол бўлгандан кейин пашша ва бурга ҳам бўлади. Пойтахт - пойтахт бўлиши керак. Ҳай, ана адирларда бўлса ҳечқиси йўқ, лекин марказда ҳайвон боқиш тўғри келмайди. Турли касалликлар тарқалаяпти шаҳарда, шу уй ҳайвонлари туфайли. Тошкентда бўлганман, у ерда бунақа нарсалар йўқ,- дейди суҳбатдош.

Алижон ака шўролар даврида ҳам пойтахтнинг айрим маҳаллаларидаги хонадонларда уй ҳайвонлари сақланганини, аммо у пайтлар санитария ҳолати талаб даражасида бўлгани, аммо ҳозирда эса бу нарсалар эътибордан четда қолиб кетганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG