Линклар

Ўзбекистон ҳамкорликка танланди

  • Фаррух Юсуфий

Президент Медведев томонидан 16 май куни имзоланган Россия хавфсизлиги стратегиясида Ўзбекистон асосий ҳамкорлардан бири сифатида тилга олинган.

Президент Медведев томонидан 16 май куни имзоланган Россия хавфсизлиги стратегиясида Ўзбекистон асосий ҳамкорлардан бири сифатида тилга олинган.

“Россиянинг миллий хавфсизлигига оид 2020 йилгача стратегияси”да белгиланишича, Ўзбекистон Россия миллий хавфсизлигини таъминлашдаги асосий ҳамкорлардан бири бўла олади.

Иттифоқ тарқаганидан бери унга кирган республикаларнинг кўпчилиги, Москва буни тан олмаса-да, Россия таъсир доирасидан чиқиб бўлган.

Болтиқ бўйи давлатлари, Украина, Молдова, Озарбайжонни бунга мисол қилиш мумкин. Ёки Грузия билан ўтган йилги можаро собиқ Иттифоқ ҳудуди ичида Россия манфаатлари ҳудуди қисқариб бораётганига чизги бўлиши мумкин.

Бу вазиятда Кремл ўзининг томорқаси, деб билган ва маълум маънода шундай бўлиб қолаётган Марказий Осиёга нисбатан умидлари сақланиб қолаётганини яширмайди ва сўнгги уч-тўрт йил ичида бу минтақани ўз манфаатлари ҳудуди, деб ҳисоблашини очиқчасига айтиб келди.

Россиянинг энергетик давлатга айланиш орзулари ҳам 2020 йилгача ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш стратегиясида улкан табиий заҳираларга эга Марказий Осиё мамлакатларига, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратганининг сабабларидан бири, деса бўлади.

Лекин мустақиллик йилларида Тошкентнинг ташқи сиёсати, хусусан, Россияга нисбатан сиёсати беқарор бўлгани инобатга олинса, Ўзбекистон унга ажратилган “муҳим шериклик” ролини бажара оладими ва умуман бажаришни истайдими, деган саволни сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга бердик.

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ бу бир томондан Россиянинг амбицияларини кўрсатади. Чунки Россия Марказий Осиëда бўлиб туриш учун Марказий Осиëнинг географик марказий давлати ҳисобланган Ўзбекистон билан яхши муносабатлар ўрнатишга мажбур. Яъни Ўзбекистон билан муносабатлар совуқ бўлиб қолар экан¸ Россиянинг Марказий Осиëдаги иштироки анча мураккаблашиб қолади.

Россиянинг энергетик салтанат деган маълум бир стратегияси бор. Мана шу стратегия орқали Россия ўзининг нефт¸ газ¸ углеводород ресурслари орқали ўзининг қудратини қайта тиклашга ҳаракат қилаяпти.

Мана шу стратегияни амалга ошириш учун булар Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлишга ҳаракат қилишаяпти.

Бу биринчидан Россиянинг амбицияси¸ иккинчи томондан, мана шу ҳудудни Россия ўзининг таъсир доирасидаги ҳудуд деб эълон қилаяпти.

Озодлик: Медведев қўл қўйган бу стратегия 2020 йилгача дейилган. Бу дегани келажакдаги 11 йил деган гап. Бунақа ҳужжатлар¸ айниқса¸ Россиядай катта мамлакат учун ҳар тўрт йилда янгиланиб туриладиган ҳужжат. Бу ерда 10 йилдан кейин Россияда нима бўлади ва Ўзбекистонда нима бўлади деган савол бор. Бу "эшак ўлади ëки подшо ўлади" деган гап эмасми?

Камолиддин Раббимов: Биласизми¸ бу ерда буни хоҳиш-иродаларни моделлаштириш деб айтишимиз мумкин. Мана шундай бўлишини Россия хоҳлар эди¸ лекин Россияда одатда бундай катта стратегияларда айнан шундай бўлади ва айнан шундай бўлишини башорат қиламиз, деган сигнал эмас¸ мана шундай вазиятларда бизнинг мана шундай йўл тутишимиз бизнинг манфаатларимизга тўғри келади деган бир системалаштириш, яъни тартиб-интизомга солишга ҳаракат, дейишимиз мумкин.

Ўзбекистон сиëсий трансформация ҳолатига жуда ҳам яқинлашиб бораяпти. Чунки Каримовдан кейинги президент ëки Каримовдан кейинги сиëсий ҳукумат ички ва ташқи сиëсатни қайтадан жиддий кўриб чиқишга маҳкум. Кейинги шахс, агар Каримовнинг ўриндоши бўлган тақдирда ҳам, ички ва ташқи сиëсатда маълум ўзгаришлар қилмаса, ҳокимиятни қўлда ушлаб қолиши амримаҳол.

Мен Россияга нисбатан юритиладиган сиëсат борасида бирор нарса дейишга қийналаман. Бу ҳукуматга келадиган одамларнинг Россия сиëсатига¸ умуман дунë сиëсатига муносабатидан келиб чиқади. Лекин Россия - Ўзбекистон жамияти геосиëсий ориентирлардан биттаси.

Ўзбек жамияти асосий ориентирни қаëққа қаратади¸ деган савол борасида ҳам ўзбекистонликлар учун бу Россия. Чунки Ўзбекистон Россия ахборот ҳудудида жойлашган. Ўзбекистонликларнинг аксарият қисми Россия телевидениеларини кўради¸ уларнинг газета ва журналларини ўқийди.

Тўғри бир қанча ориентирлар бор. Мана, масалан, қисман Ғарб. Лекин Ғарб аҳолининг кенг қисми учун сиëсий ориентир эмас. Бундан ташқари аҳолининг бир қисми мусулмон дунëси билан¸ туркий дунë билан яқинлашишимиз керак дейди. Аммо уларнинг бу мойиллиги борган сари бостирилиб келмоқда.

Умуман Россия ва Ўзбекситон кейинги икки асрда яқин муносабатларда бўлди ва бу яқин ўртада Россия билан ҳисоблашмаслик жуда ҳам мушкул бўлади.

Озодлик: Мана, Камолиддин ака, Россия билан муносабатлар яхши бўлди деяпсиз¸ аммо бу муносабатлар ҳар доим ҳам барқарор бўлмадику. Андижон воқеаларидан кейин яқинлашув бўлди¸ аммо охирги бир йил ичида ўз ташқи сиëсатини Ғарбга бурмоқда. Ўзбекистон олдин фақат Россияга газ сотамиз¸ Туркманистондан Хитойга борадиган газ қувурида газ сотмаймиз¸ деб турган эди. Ҳозир эса бу қувур орқали газ сотиш ҳақида гапирилаяпти. Шу маънода бу стратегия узоқни кўзлаб ишлаб чиқилган стратегиями?

Камолиддин Раббимов: Бу энди Россиянинг хоҳиш-иродаси. Аммо ҳозир Ўзбвекистон ҳукуматинигн юритаëтган сиëсатига келсак бу ҳақиқатан барқарор эмас.

Ўзбекистоннинг геосиëсий энг катта хатоси бу дехатомик геосиëсат. Яъни бир давлатга яқинлашса¸ унинг оппонентларини ўзига душман деб эълон қилиши. Москвага яқинлашса¸ Вашингтонни¸ Вашингтонга яқинлашса¸ Москвани танқид қилади.

Қўшни давлатларда бошқачароқ ëндашув бор. Ҳамма билан яхши муносабатда бўлиш ва шу орқали манфаатларни парваришлаш. Эртами-кечми Ўзбекистон буни тан олади. Бундан бошқа иложи йўқ. Чунки Россия билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас.

Тўғри¸ Россия томондан бизнинг ўзбек жамияти учун жуда кўп ҳурматсизликлар бўлди. Айнан Андижон қатлиомининг ҳам Россия томонидан қўлаб-қуватланиши бу ўзбек жамиятига нисбатан ҳурматсизлик. Лекин нима бўлганда ҳам Ўзбекистоннинг Россия билан алоқаларга эҳтиëжи бор.

Россиянинг маълум бир ресурслари борки¸ у билан ҳисоблашмасдан илож йўқ. Шунинг учун Россияни душман деб эълон қилмасдан Хитой билан¸ Ғарб билан манфаатларни парваришлаб бориш керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG