Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Мардикорлар оқими тўхтамаяпти


Иқтисодий инқироз ҳам Ўзбекистондан Россия ва Қозоғистонга кетаётган меҳнат муҳожирлари оқимини тўхтатиб қола олмаётир.
Иқтисодий инқироз ҳам Ўзбекистондан Россия ва Қозоғистонга кетаётган меҳнат муҳожирлари оқимини тўхтатиб қола олмаётир.

Норасмий маълумотларда айтилишича, Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий инқирозга қарамай, ҳар куни Ўзбекистонни 2000га яқин меҳнат муҳожирлари тарк этмоқда.

Ўзбекистондан четга иш излаб кетаётган меҳнат муҳожирларининг асосий йўналиши ҳали ҳам Россия ва Қозоғистон бўлиб қолмоқда. Бу мамлакатлар иқтисодиётига таъсир қилаётган молиявий бўҳрон ҳам ўзбек мардикорларини чўчита олмаяпти.

Москвада ишлаётган меҳнат муҳожири Ҳамидулла аканинг айтишича, ишсизлик туфайли Ўзбекистонга қайтиб кетганлар яна Россияга қайтиб келмоқда:

- Тўғрисини айтсам, қайтиб келишаяпти. Бу бўҳрон Ўзбекистонда 20 йил олдин бошланган ва бундай бўҳронлар ўзбекистонликларни қўрқита олмайди. Булар ўрганиб қолган, - дейди Ҳамидулла ака.

Ҳамидулла ака сўзларига кўра, Ўзбекистонга қайтиб борган меҳнат муҳожирлари яна қийин аҳволга тушиб қолдилар ва яна таваккал қилиб ортларига қайтдилар:

- Бу ердагининг ярми ҳам йўқ, Ўзбекистонда. Ҳатто ярми эмас, учдан бири ҳам йўқ. Ишнинг ўзи йўқ, Ўзбекистонда. Завод, фабрика бўлмаса, бу ердагидай компания, хусусий майда фирмалар бўламса.

Ёз арафасида Россияда барибир иш кўп бўлади-да. Шунга умид қилиб келишаяпти, булар. Буларда дача қуриш бошланади, хусусий ишлар бошланади, квартираларни ремонт қилиш бошланади.

Россия бўҳрон пайтида ўз фуқароларинигина эмас, муҳожирларни ҳам таъминлаб турибди. Масалан, менинг ўзим ҳам оддий бир гастарбайтерман. Ишлаяпман, куним ўтаяпти, бола-чақага ҳам юбориб турибман.

Россия учун биринчи навбатда ўзининг халқи. У биринчи навбатда ўз халқи учун қайғуради. Шу халқ қатори биз ҳам шу ерда кун кўраяпмиз, - дейди Ҳамидулла ака.

Фарғоналик Ҳасанжон ака ҳам Россиядан қайтган ўзбек мардикорларининг яна қайтиб кетаётганини айтади:

- Бизнинг мамлакатда яшаш қийинроқ. Пул топиш қийин. Бизда қонунлар борку, лекин амалда ишламайди-да бу қонунлар.

Ўша юртларда юк ташувчи бўлса ҳам, бозорда бировнинг мевасини сотаётган бўлса ҳам 500-600 доллар топаяпти. Бу бизнинг пулга бир миллион деган гап. Ўзбекистонда бир миллион топиш учун қанча меҳнат қилиш керак, - дейди Ҳасанжон ака.

Унинг айтишича, ўзбекистонлик мардикорнинг мардикор бозорларида топган пули давлат корхоналарида тўланаётган ойликдан кўп.

- Ҳозирги кунда мардикорлар 5000 сўмга ишга ёлланмайди. 5000 сўмга аёллар ёлланса керак. Эркаклар 7000 билан 10 мингнинг орасида ҳақ олади. Ҳамма мардикор бозорга чиқиб кетаяпти-да.

Оғир иш қилса ҳам ойига 250 минг, 300 минг сўм топади. Долларда энди бу 150 доллар бўлади. Корхонада ишлай деса, корхоналар ишламайди. Ишлайдигани ҳам 116 минг, 120 минг ойлик беради.

Одамлар корхоналарда 100 мингга иш бўлса ҳам бориб ишламасдан, мардикорга чиқиб кетаяпти. Заводда ишласангиз, ўзингизнинг чўнтагингиздан ҳам йўлингизга тўлайсиз, ҳам қорнингизни тўйдирасиз, -дейди Ҳасанжон ака.

Ўзбекистонлик полвон Аҳаджон Набиев фикрича, ўзбек расмийлари мамлакатда ишсизлар сони ортиб бораётганидан хабардор. Лекин ҳукумат ишсизликни олдини олиш, янги иш жойларини кўпайтириш ўрнига, аксинча одамларга иш бера оладиган корхоналарни йўқотиб юбормоқда:

- Фарғона шаҳридаги Чимён деган жойда энг катта товуқчилик фермаси бор эди. Буни вилоятдаги энг каттаси, десам ҳам адашмайман.100 оборот ишлайдиган бу фермада ҳозир 20 ёки 18 оборот қолди.

Қувасойда ҳам бор эди худди шундай товуқчилик фермаси. Ҳаммаси сотилиб, иншоотлари бузилиб, хусусийлаштирилиб пачоқ бўлди.

Биров нима қилаяпсан, деб сўрамайди. Бу давлат мулки, бир пайтлар одамлар фойдаланган, сен шуни ривожлантир, деб берган уни. Лекин олганлар уни бузиб, тамом қилиб юборди, - дейди Аҳаджон Набиев.

Норасмий манбаларга кўра, бугун мамлакатдан ташқарида миллионлаб ўзбекистонлик мардикорлар тирикчилик илинжида дуч келган ҳар қандай ишни қилишга мажбур бўлмоқдалар.
XS
SM
MD
LG