Линклар

logo-print

Халқаро йиғинлар қўрқув манбаи


Тожикистоннинг Сўғд вилояти расмийлари халқаро анжуманни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинишига нима сабаб бўлганлигини очиқламаяптилар.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти расмийлари халқаро анжуманни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинишига нима сабаб бўлганлигини очиқламаяптилар.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳокимияти Хўжандда “Фарғона водийсини ривожлантириш ва тинчликни таҳлил қилиш” мавзусига бағишланган халқаро анжуман ўтказилишини таъқиқлади.

Анжуман¸ 30 нодавлат ташкилотини бирлаштирган “Тинчлик водийси» халқаро ташкилоти томонидан ташкилланган эди.

Сўғд вилоят ҳокимиятининг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими масъули Анвар Ёқубовнинг айтишича, халқаро анжуманнинг таъқиқланишига ташкилий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилмагани сабаб бўлган.

- Бунга¸ биринчи навбатда¸ анжуманни ўтказмоқчи бўлган ташкилот раҳбарлари айбдор.

Республика хукуматининг махсус қарори бор. Қарорда анжуман ёки бошқа тадбирлар ўтказмоқчи бўлган ташкилотлар икки ой олдин маҳаллий ҳокимиятларга бу ҳақда ёзма равишда ариза беришлари керак, деди Анвар Ёқубов.

“Тинчлик водийси» халқаро ташкилотининг Сўғд вилоятидаги вакилларига кўра, 2007 йилда ҳам худди шундай мавзудаги анжуманни ўтказишга вилоят ҳокимияти томонидан рухсат берилмаган экан.

Халқаро анжуманнинг уюштирувчиларидан бири бўлган “Асти” нодавлат ташкилоти вакили Малика Боймуродованинг айтишича, ташкилотчилар 2007 йилдаги вазият яна қайта юзага келмаслиги учун 2009 йил бошидаёқ вилоят раиси ўринбосари Ваҳоб Набиевга ариза берган эканлар.

- Вилоят ҳокимияти анжуманнинг ўтказилишини таъқиқлаши биринчи марта эмас. Анжуман ўткизилишига ҳокимият нега розилик бермаганлиги сабабларини билишга қанчалик ҳаракат қилмайлик, жавоб ололмадик.

Ҳокимиятда фақат битта жавоб бўлди: ”Мумкин эмас”. Бундан бир ҳафта олдин вилоятда амал қилаётган Россия ташкилотига ҳам халқаро конференция ўтказишга ижозат берилмади, деди Малика Боймуродова.

Суҳбатдошимиз Россия ташкилоти деганда, “Евроосиё тадқиқотлари институти” жамғармасини назарда тутди. Дарҳақиқат, мазкур ташкилот вакиллари ҳам май ойи охирида Қайроққум денгизи бўйида «Дунёвий ва исломий Тожикистон” мавзусида халқаро анжуман ўтказишни режалаштирган эди. Бироқ ҳокимият бу анжуманни ўтказишга ҳам рухсат бермаган.

«Тинчлик водийси» халқаро ташкилоти 2004 йилда Дания Қочқинлар масалалари бўйича уюшмаси кўмагида ташкил этилиб, ўз атрофига Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондаги 30 нодавлат ташкилотини бирлаштирган.

Ушбу ташкилотлар Фарғона водийсида низолар чиқишининг олдини олиш, минтақани ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш йўлида фаолият олиб бормоқда.

Мустақил журналист Хайрулло Мирсаидов фикрича, маҳаллий ҳокимият томонидан Сўғд вилоятида ўтказилиши режалаштирилган бир қатор халқаро анжуманларнинг таъқиқланиши республика нуфузига путр етказмоқда.

- Анжуманга Марказий Осиё ва чет элдан 60дан ортиқ меҳмонлар келиб, Қайроққум дам олиш уйига жойлашган эди.

Вилоят ҳукумати анжуман ўтказилишини таъқиқлагандан кейин чет эллик меҳмонлар Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига, ўзларининг раҳбариятига телефонограмма жўнатиб, конференция ўтказилишига кўмаклашишни сўраганлар.

Бироқ марказдан ҳеч қандай жавоб келмади ва чет эллик меҳмонлар ортига қайтишга мажбур бўлди.

Кулгили ҳолат, ҳукуматнинг шундай нияти бор экан, анжуман ўтказиш мумкин эмаслигини бир ой ёки 15 кун олдин маълум қилмайдими?

Маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг бу ҳатти - ҳаракатлари Антон Чеховнинг “Ғилофдаги одам” ҳикояси қахрамони ,”Худо кўрсатмасин, яна бирон бир бало содир бўлсачи”, қабилида яшаган Беликовни эслатади, дейди Хайрулло Мирсаидов.

2007 йил кузида Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар ва дипломатик миссиялар республика ҳудудида ўтказадиган анжуманларининг мавзуси билан тегишли ташкилотларни олдиндан хабардор қилиши шартлиги тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Журналист Хайрулло Мирсаидовга кўра, мазкур қарор қабул қилингач, маҳаллий ҳокимиятлар ва куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар жой-жойларда ўтказилаётган халқаро тадбирларни назорат қилишни кучайтирганлар.
XS
SM
MD
LG