Линклар

Номзодлар кўп, курси эса битта


Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг 23 июлда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловида камида 15 номзод билан рақобат қилишига тўғри келади.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевнинг 23 июлда ўтадиган навбатдаги президентлик сайловида камида 15 номзод билан рақобат қилишига тўғри келади.

18 май куни Қирғизистонда президентликка номзодларни рўйхатга олиш жараёни якунланади. Айни пайтда президентликка номзод сифатида 15 киши рўйхатга олинди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссиясидан олинган маълумотда айтилишича, 18 май куни тушга яқин бу ташкилотга президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтиш ниятида келган фуқаро Чўра Сарипбеков милиция бўлимига олиб кетилган.

У Марказий сайлов комиссияси ходимларидан ўзини Совет иттифоқи паспорти асосида рўйхатга олишларини талаб қилган. Шунингдек, Чўра Сарипбеков совет саркардаси Михаил Фрунзенинг ёрқин хотираси учун президентлик сайловида қатнашишга қарор қилганини билдирган.

Шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси ходимлари милиция чақиришга мажбур бўлганлар.

Бироқ бу воқеа президентликка номзодини кўрсатиш иштиёқида келган бошқа одамларнинг Марказий сайлов комиссиясига киришига тўсиқ бўлмаган.

18 май куни тушгача яна уч киши президентликка ўз номзодини кўрсатишини билдириб, Марказий сайлов комиссиясига ариза топширган. Уларнинг номзоди рўйхатга олинган ёки олинмагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Айни пайтда Қирғизистон Марказий сайлов комиссяси 18 май куни эрталаб президентликка номзод сифатида 15 киши рўйхатга олинганини билдирган.

- Уларнинг уч нафари сиёсий партиялардан кўрсатилди. Амалдаги президент Қурмонбек Бакиев “Оқ йўл” партиясидан, Куттубек Асилбеков “Деҳқонлар” партиясидан, Темир Сариев мухолифатдаги “Оқ шумқор” партиясидан номзод қилиб кўрсатилган.

Мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати Алмаз Атамбаев номзодини кўрсатган. Қолганлар эса ўз ташаббуслари билан президентликка номзодларини кўрсатганлар, деди Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Бақит Жумағулов.

Президентликка номзодларини кўрсатганлардан уч киши вақтинча ишсиз. Номзодлар орасида бир аёл киши ҳам бор ва у Қирғизистон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси раҳбари Тўқтайим Уметалиевадир.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси матбуот учун тақдим этган президентликка номзодлар рўйхатида кенг жамоатчиликка таниш бўлмаган саккиз кишининг исми ҳам келтирилган.

Марказий сайлов комиссиясининг собиқ ходими Жениш Ахметовнинг айтишича, бу Қирғизистондаги президентлик сайловларида анъанага айланган нормал ҳолатдир.

- 2005 йилдаги президентлик сайловида ҳам 17 киши ўз номзодини кўрсатган. Уларнинг кўпчилигини халқ билмас эди.

Ўшанда кенг жамоатчиликка таниш бўлмаган номзодлардан “Нимага таянган ҳолда президентликка номзодингизни кўрсатяпсиз?” деб сўраганмиз.

Уларнинг айримлари президентлик сайловларида иштирок этиб катта сиёсатга кирмоқчи эканликларини, айримлари эса ўз номларини қирғиз халқига танитиш учунгина сайловда иштирок этишга қарор қилганликларини айтганлар,- деди Жениш Ахметов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бундай номзодлар сайловолди тарғиботи пайтидаёқ курашдан четлаб қоладилар.

Лекин Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Душен Чўтўнов фикрича, бундай ҳолатни сиёсий ўйиннинг бир тури сифатида баҳолаш лозим.

-Бу кўпроқ сиёсий ўйинга ўхшайди. Номи жамоатчиликка таниш бўлмаган одамлар катта пул сарфлаб, ўз тирикчилигидан қолиб сайловда иштирок этишдан қандай манфаат топиши мумкин? дейди Душен Чўтўнов.

Сиёсатчи фикрича, номи кенг жамоатчиликка таниш бўлмаган шахслар президенликка асосий номзодлар томонидан бу сайловда иштирок этишга даъват этилган бўлиши мумкин.

Бу ҳолатда албатта уларнинг сайлов жараёнидаги чиқимларини президентликка асосий даъвогар бўлган шахслар тўлаб берадилар.

Жамоатчиликка таниш бўлмаган номзодлар эса у ёки бу асосий даъвогарга рақиб бўлган номзоднинг сайлов жараёнида олган овозларини бўлиб юбориш учун хизмат қилади.

Масалан, президентликка номзод сифатида рўйхатга олинган ишсизлар мамлакатдаги қашшоқ ва ишсиз табақаларнинг маълум қатлами овозига эга бўлиши мумкин.

Қирғизистон мухолифатидаги Бирлашган халқ ҳаракати раҳбари Азимбек Бекназаровнинг айтишича, бундай сиёсий ўйин асосан мухолифат олиши мумкин бўлган овозларни камайтириш мақсадида амалга оширилади.

- Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Қирғизистонда сайлов холис ва адолатли ўтмайди. Бакиев бу сайловда ғолиб бўлиш учун ҳар қандай йўлларни ишга солади.

Мухолифат эса бу сайловда унинг холис ва адолатли ўтмаганини исботлаш учун иштирок этмоқда, деди Азимбек Бекназаров.

Айни пайтда Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси мамлакат жамоатчилигига йўллаган мурожаатида, 23 июлда бўладиган президентлик сайлови қонун доирасида, демократик тамойилларга асосланган ҳолда ҳалол ўтишини маълум қилган.
XS
SM
MD
LG