Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:04

Ишсизлик йўқ юрт учун миллион иш ўрни


Ўзбекистон ҳукумати 2009 йилда қишлоқларда 550 минг иш ўрни яратмоқчи, жумладан, чорвачиликда 7000 янги иш ўрнининг пайдо бўлиши иддао қилинмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати 2009 йилда қишлоқларда 550 минг иш ўрни яратмоқчи, жумладан, чорвачиликда 7000 янги иш ўрнининг пайдо бўлиши иддао қилинмоқда.

Мамлакатда ишга яроқли аҳолининг бор-йўқ 0¸8 фоизигина ишсиз эканини даъво қиладиган расмий Тошкент¸ 2009 йили янги корхоналар очиш, кичик бизнесни ривожлантириш эвазига бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Манғитлик Робия Ўтамуродованинг асли касби ҳамширалик. Лекин айни пайтда Робия опа мутахасислиги бўйича иш топа олмай¸ бозорда савдо қилишга мажбур бўлаяпти.

-Касбим ҳамширалик¸ лекин иш топиш жуда қийин. Бозорга чиқиб кетишга мажбур бўлдим. Ҳукуматда иш йўқ. Одамлар ахир тирикчилик қилиши керак, дейди Робия Ўтамуродова.

Робия опа янги иш ўринлари очилса, ўзи сингари дипломи бўла туриб мажбурликдан бозорларда юрган юзлаб аёллар учун яхши бўлишини айтади.

“Народное слово” газетасининг Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги бандлик ва меҳнат бозорини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соибжон Алиевга таянган ҳолда маълум қилишича, Ўзбекистонда 2009 йил давомида 932 минг янги иш ўрни ташкил қилинади.

Биз Соибжон Алиевнинг шахсан ўзи билан боғланишга ҳаракат қилдик.

- Бизда¸ вазирликда тартиб бор. Любой газета¸ любой журнал¸ любой радиоканал¸ любой телеканал қандайдир материал қиламан деса¸ вазирнинг номига ёзма мурожаат қилади. У кейин рухсат беради.

Менга “Халқ сўзи” газетасида чиқ, деб буйруқ берилди¸ чиқдим, дея Соибжон Алиев “Народное слово” газетасидаги барча маълумотлар тўғрилигини қўшимча қилди.

Газетадаги мақолада айтилишича, янги иш ўринларининг 550 мингдан зиёди қишлоқ фуқароларига мўлжалланган. Жумладан, қишлоқ жойларида янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилиши натижасида 65 минг иш ўрни ва хизмат кўрсатиш соҳасида 140 минг иш ўрни ташкил қилиш режалаштирилаяпти.

Лекин тўйтепалик Анвар ака Ўзбекистонда янги иш ўринлари ташкил қилингани билан ойлик маошлари одамларни қониқтирмаслигини айтади.

Анвар аканинг ўзи Тўйтепадаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида ишлаб келган. Лекин иш ҳақининг камлиги боис¸ у Қозоғистонга кетиб, мардикорлик қилаяпти.

-Мен Тошкент вилояти Тўйтепа шаҳриданман. Етишмовчилик бўлгандан кейин мардикорликка келдик.

Ўзбекистонда иш бўлгани билан маош кам. Ахир яшаш керак¸ бола-чақа боқиш керак. Ўзбекистонда ойлик билан рўзғор тебратиш қийин, дейди Анвар ака.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг бандлик ва меҳнат бозорини таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соибжон Алиев газетадаги интервюсида, янги иш ўринлари нуфузли ва обрўли бўлмаслигини тан олади, лекин у ишсиз одамга реал даромад келтира олишини айтади.

Шунингдек, Соибжон Алиев жорий йилда чорвачилик соҳасида 7000 киши иш билан таъминланишини ва касаначилик бўйича 70 минг иш ўринлари ташкил қилинишини қўшимча қилади.

Қорақалпоғистондаги Тўрткўл тумани ҳокими ўринбосари Хадича Ибодуллаевага кўра, касаначиликни ривожлантириш натижасида аёллар орасидаги ишсизликка барҳам берилаяпти.

-Ҳозир аëлларни иш билан таъминлаш учун асосан уй меҳнатини ривожлантириш керак.

Биринчидан, уй шароитида кўпчилик аëлларимиз болалари билан бориб ишлай олмайди. Касаначилик бўладиган бўлса¸ уйда боласига қарайди¸ бўш вақтларида эса тузилган шартнома асосида маҳсулотлар етказиб беради.

Биринчидан, уларда меҳнат стажи юриб туради¸ иккинчидан, иш билан таъминланган бўлади, дейди Хадича Ибодуллаева.

Соибжон Алиев “Народное слово” газетасидаги интервюсида жорий йилда коллеж битирувчилари ва ишсиз ёшлардан 300 минг нафари, ҳарбий хизматдан бўшаган 18 минг ёш йигит ва 2000 ногирон шахс иш билан таъминланишини билдиради.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиевга кўра, ҳукуматнинг янги иш ўринлари бўйича амалга оширишни режалаштираётган тадбирлари ҳаётийликдан анча йироқ.

-Боиси¸ Ўзбекистонда битта иш ўрнини ташкил қилиш, долларда айтадиган бўлсак¸ 10 минг долларга тўғри келади.

Дейлик, иккита сартарошни ишга олиш керак бўлса¸ уларга хона ажратиш¸ жойнинг ижара ҳақини тўлаш¸ уларга керакли асбоб-ускуна сотиб олиш¸ электр ўтказиш ва ҳоказо.

Демак¸ битта иш ўрни яратиш 10 минг доллар бўладиган бўлса¸ 100 минг иш ўрни яратиш учун тахминан бир миллиард доллар қўшимча пул керак бўлади.

Агар бир миллион иш ўрни яратиш керак бўлса¸ триллион миқдоридаги доллар керак бўлади.

Бу ерда жуда катта рақамлар тўғрисида гап кетаяпти. Бу анчагина мураккаб масала. Менимча¸ бу режани бажариш ниҳоятда қийин ва оғир вазифа, дейди Комрон Алиев.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йили 661 минг янги иш ўрни яратилган. Жумладан, кичик бизнес соҳасида 374 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 220 минг, касаначилик бўйича 100 мингга яқин иш ўринлари ташкил қилинган.
XS
SM
MD
LG