Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:27

Обама Нетаняҳу билан баҳслашади


2008 йили сенатор ва собиқ ҳукумат раҳбари сифатида Қуддусда учрашган Обама ва Нетаняҳу АҚШ ва Исроил раҳбари сифатида илк бора расмий музокаралар столи атрофида ўтирадилар.
2008 йили сенатор ва собиқ ҳукумат раҳбари сифатида Қуддусда учрашган Обама ва Нетаняҳу АҚШ ва Исроил раҳбари сифатида илк бора расмий музокаралар столи атрофида ўтирадилар.

Исроил Бош вазирининг АҚШ президенти билан илк учрашувида Яқин Шарқ тинчлик жараëни ва Эрон ядровий дастури каби Нетаняҳу ва Обама ўртасидаги жиддий тавофутни очиқ кўрсатувчи масалаларнинг муҳокама марказига қўйилгани айтилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама¸ аввал бошданоқ Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг ягона йўли Исроил хавфсизлигининг кафолатланиши эвазига мустақил Фаластин давлати ташкил этиш эканини айтиб келмоқда.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу эса¸ аввалги Вашингтон маъмурияти ҳам қўллаган ва халқаро ҳамжамият талаб қилаëтган бу ечимни қабул қилганича йўқ.

Вашингтон ҳам¸ Тел Авив ҳам¸ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши олди олиниши лозим¸ деб билади. Аммо бу таҳдидни тўхтатиш борасида Обама ва Нетаняҳу тўғри деб билган чоралар¸ бир-биридан мутлақ фарқ қилади – Обама Теҳрон билан музокара тарафдори бўлса¸ Нетаняҳу Эрондаги шубҳали иншоотлар кулини кўкка совуришдан ҳам қайтмасликка мойил.

Хўш¸ жамоатчилик кўзи учун бир-бири билан қўл сиқиб¸ табассум билан кўришадиган бу икки раҳбар¸ халқаро барқарорлик учун ўта муҳим бўлган бу белгиловчи муаммоларга ëндашув борасида бир-бирлари томон қадам қўя оладиларми.

Вашингтондаги Миллий мудофаа университетининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Мурҳаф Жоужатий¸ Оқ уй учрашувининг томонлар ўртасидаги тавофутни яқинлаштиришга кўп ҳам хизмат қилмаслигини айтади.

Айни пайтда таҳлилчи¸ Фаластинга ëн бериш масаласида мутлақ кескин позицияда бўлишига қарамай Нетаняҳунинг¸ Вашингтон билан очиқ кескинликка боришга ҳам журъат қилмаслигини тахмин этади.

- Бу Нетаняҳу ва Вашингтон ўртасидаги биринчи ëки сўнгги тафовут эмас. Икки ўртада муайян совуқлик бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Аммо Нетаняҳу ўз сиëсий давомийлигининг Вашингтон билан муносабатлар даражасига боғлиқ эканини яхши англайди. Зотан Исроил сиëсий тузумининг асоси Вашингтондан узоқлашадиган Бош вазирга тоқат қила олмайди. Шу боис Нетаняҳу¸ агар Вашингтон билан маълум даражада тил топиша олмаса¸ ўзи учун сиëсий бошоғриқ орттиришини яхши англайди¸ дейди асли суриялик профессор Мурҳаф Жоужатий.

Исроил расмийларига кўра¸ Обама-Нетаняҳу учрашуви марказидаги масалалардан бири¸ Эрон ядровий дастури ва уни қандай тўхтатиш масаласидир.

Эрон ядровий қуролга эга бўлган тақдирда¸ Исроил давлати тақдирининг хавф остида қолажагини таъкидлаб келаëтган Нетаняҳу¸ ëрдамчиларининг айтишича¸ президент Обамани бундай эҳтимол олдини олиш учун барча имконни ишга солишга даъват қилади.

Бу масалада Нетаняҳу ҳукумати Эронга нисбатан пўписа¸ ҳатто ҳарбий куч қўллаш тарафдори бўлса¸ Обама Теҳрон билан айнан пўписа ва таҳдидларсиз сўзлашув йўлини тарғиб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG