Линклар

Ўзбек тадбиркорига енгиллик берилмоқчи


18 май куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги президент Ислом Каримов томонидан 2009 йил 15 майида имзоланган "Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини ёйинлади.

Мазкур қарорда тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча имтиёз ва преференциялар жорий этиш назарда тутилган.

Қарорга мувофиқ, 2009 йил 1 июнидан бошлаб уй-жой ва яшашга мўлжалланмаган биноларнинг ўлчов ишларини ўтказиш бўйича кадастр ҳужжатларини ишлаб чиқиш тарифлари икки баробар пасайтирилади.

Қарорга берилган расмий шарҳга кўра, топография-геодезия ишлари комплексини амалга ошириш ва кадастр хизматлари томонидан кўрсатиладиган бошқа турдаги хизматлар учун тарифлар 40 фоизга камайтирилади.

Объект қурилиши лойиҳасини ишлаб чиқишда архитектура-режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш қиймати тадбиркорлар учун энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 10 баробари миқдоригача пасайтирилади, муҳандислик коммуникацияларига уланиш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун архитектура-режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш тўловлари бутунлай бекор қилинади.

Натижада аввал тадбиркор архитектура-режалаштириш топшириқларини тайёрлашга жами энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида ёки 1,1 млн. сўмдан кўпроқ тўлаши лозим бўлса, эндиликда ушбу сумма 280400 сўмгача, қишлоқ жойларда эса 140200 сўмгача пасаяди.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизасини ўтказиш қийматини камайтириш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда республика Бош прокуратураси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига жойлардаги давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва лицензия берувчи органлар томонидан тадбикорлик учун бюрократик тўсиқларни вужудга келтирмаслик ва сансалорликка йўл қўймаслик устидан қаттиқ назоратни таъминлаш ҳам топширилган.

Аммо маҳаллий таҳлилчилар мазкур қарорни навбатдаги “хўжакўрсин ҳужжат” ўлароқ баҳоламоқдалар.

Расмий маълумотларга кўра, тадбиркорларнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 48,2 фоизни ташкил этади, жами банд ахолининг 76 фоиздан кўпроғи мазкур соҳада меҳнат қилади.
XS
SM
MD
LG