Линклар

logo-print

Айблов тасдиғини топмади


Шерали Ҳамдамов¸ Андижон воқеаларидан сўнг қўшни Қирғизистонга ўтиб¸ сиëсий қочқинлик истаëтган ўзбекистонликлардан биридир.

Шерали Ҳамдамов¸ Андижон воқеаларидан сўнг қўшни Қирғизистонга ўтиб¸ сиëсий қочқинлик истаëтган ўзбекистонликлардан биридир.

19 май куни Бишкек шаҳар Свердлов туман судида ўзбек қочқини Шерали Ҳамдамов суди бошланди. Аммо давлат қораловчиси айбланувчига қўйилаëтган айбни қувватловчи далилларни судга тақдим эта олмади.

Ўзбекистонлик 21 яшар қочқин Шерали Ҳамдамовга Қирғизистон жиноят кодексининг тўрт моддаси билан айблов эълон қилинди.

- У Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда, чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтганликда, диний низо келтириб чиқарувчи фаолиятда ва конституциявий тузумни куч билан ағдаришга даъват қилишда айбланмоқда, деди айбланувчининг ҳимоячиси Сартбай Жайчибеков.

Айблов томон келтирган маълумотда айтилишича, Шерали Ҳамдамов Бишкекдаги Дўрдўй бозоридаги масжиддан чиқаётганда қўлга олинган. Унинг ёнида ҳужжати бўлмаган.

Шерали Ҳамдамов милиционерларга ҳужжатлари уйда эканини айтиб, уларни ўзи ижарада яшаб турган хонадонга таклиф этган ва бу ерда милицонерларга қочқин эканини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган.

Аммо ўзбек қочқини ижарага олган уйда диний адабиётларнинг кўплиги милиция ходимлари диққатини ўзига тортган. Шерали яшаётган хонадан 500 дан ортиқроқ варақалар, диний мазмундаги 17 DVD-диск ва бошқа кўплаб диний адабиётлар топилган.

Экспертиза бу диний адабиётлар Ҳизбут-Таҳрир оқимига тегишли эканини тасдиқлаган.

Бироқ дастлабки суд жараёнида Шерали Ҳамдамов ўзига қўйилган айбларни тан олмаслигини билдирди. Унинг судда айтишича, милиция ходимлари бу диний адабиётлар ва варақаларнинг мусодара қилиниши ҳақида иккита акт тузганлар.

Бу актлардан бири Шерали Ҳамдамовнинг уйида, иккинчиси эса милиция бўлимида тузилган. Шерали Ҳамдамов рус тилини билмагани учун бу актларга тушунмай имзо чеккканини ҳам айтиб ўтди.

Ўзбекистонлик қочқин адвокати Сартбай Жайчибековнинг айтишича, Шерали Ҳамдамовни қўлга олиш жараёнида қонунчилик меъёрлари бузилган ва шунинг учун ҳам айбловни асоссиз, деб ҳисоблаш мумкин.

- Бизнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмаларимиз ноқонуний ҳаракат қилишган. Энг аввало, улар Шерали Ҳамдамовга нисбатан жиноят иши очишлари лозим эди. Шундан сўнггина терговчи ёки прокуратура ходими иштирокида гумонланувчи қўлга олиниши, унинг уйидаги адабиётлар мусодара қилиниши керак эди.

Бизнинг ҳуқуқ-тартибот тузилмалари эса бу процедурани бажаришда жуда қўпол хатоликларга йўл қўйганлар. Улар аввал терговчи иштирокисиз адабиётларни мусодара қилганлар, бир-бирига қарама-қарши келадиган иккита акт ёзганлар, шундан сўнггина жиноят иши очилиб, ишга терговчи аралашган.

Қирғизистон қонунчилигида терговчи бўлмаган ҳуқуқ-тартибот ходими бундай ишларни амалга ошириши таъқиқланади. Шунинг учун ҳам айблов асоссиздир, деди адвокат Сартбай Жайчибеков.

Давлат айбловчиси судда адвокатларнинг бундай эътирозига жавоб бера олмади. Бундан ташқари, давлат айбловчиси судя Жанил Мамбетнинг айбланувчи айбларини исботловчи далил-исботларни судга тақдим этиш тўғрисидаги талабини ҳам бажара олмади.

Давлат айбловчиси гувоҳлар келмагани учун суддан ишни тезлаштирилган тарзда, гувоҳларни сўроқ қилмаган ҳолда кўриб чиқиш ва ҳукм чиқаришни илтимос қилди.

Бироқ судя Жанил Мамбет давлат айбловчисининг бу илтимоси қондирилмаслигини билдирди. Судя давлат айбловчисидан судланувчига қўйилаëтган айбларни исботловчи барча далилларни судга тақдим этиш ва гувоҳларни судга олиб келишни талаб қилиб, маҳкама жараёнини 29 май кунига қолдирди.

Судда кузатувчи сифатида иштирок этган ўзбекистонлик қочқин Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, бугунги жараён Шерали Ҳамдамовга қўйилган айбловлар асоссиз эканини кўрсатди.

- Бугунги суд жараёнида прокурор келтирган далиллар ўз исботини топмади. Айбланувчининг ўзи ҳам фақатгина анъанавий диний ақидага оид китобларни ўқигани ва сақлаганини айтди.

Бундан ташқари, милиция ходимлари томонидан тузилган иккинчи актда келтирилган Ҳизбут-Таҳрирга тегишли варақалар қаердан пайдо бўлиб қолгани ҳам номаълум.

Мана шу тафовутларни чуқур ўрганиш мақсадида суд жараёни кейинги ҳафтага қолдирилди, деди Тошпўлат Йўлдошев.

Шерали Ҳамдамов шу йилнинг 18 февралида Бишкекдаги Дўрдўй бозорида қирғиз милицияси ходимлари томонидан Ҳизбут-Таҳрир партиясига аъзоликда гумон қилиниб, қўлга олинган эди.

У Қирғизистонга 2008 йилнинг январ ойида келган. Қирғизистон Миграция хизмати ва БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси уни бошпана изловчи шахс сифатида рўйхатга олган.
XS
SM
MD
LG