Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:46

Томонлар ўз фикрида қолди


Обама ва Нетаняҳунинг мустақил Фаластин давлати ва Эрон таҳдидига қарши кураш борасидаги баëнотлари¸ икки раҳбарнинг бу каби белгиловчи масалаларда айро йўналишга боқаëтганларини кўрсатди.
Обама ва Нетаняҳунинг мустақил Фаластин давлати ва Эрон таҳдидига қарши кураш борасидаги баëнотлари¸ икки раҳбарнинг бу каби белгиловчи масалаларда айро йўналишга боқаëтганларини кўрсатди.

АҚШ президенти Обаманинг Исроил Бош вазири Нетаняҳу билан илк расмий учрашуви¸ муҳим масалалар бўйича икки томон ўртасида мавжуд тавофутни камайтира олмади.

Икки соатдан кўпроқ давом этган учрашувдан сўнг журналистлар олдига чиққан президент Обама ва Бош вазир Нетаняҳу АҚШ ва Исроил ўртасидаги “хос муносабатлар“ бундан сўнг ҳам сақланиб қолишини айтсалар-да¸ улар баëнотлари бу муносабатлардаги зиддиятнинг анчайин жиддий эканини ошкор қилди.

Президент Обама ўз маъмуриятининг Яқин Шарқдаги асосий муддаоси қилиб мустақил Фаластин давлати ташкил этишни белгилаган.

Обама матбуот учрашуви чоғида бу мақсадни қайта-қайта тилга олган бўлса¸ Нетаняҳу бу масалада ўзгачароқ баëнот берди.

- Агар Исроилнинг хавфсизлик шартлари қабул қилинса ва Исроил давлатининг муқим легитимлиги тан олинса¸ бундай шароитда фаластинлик ва исроилликларнинг ëнма-ëн¸ тинч ва хавфсизликда яшашларини тасаввур қилишимиз мумкин¸ деди Нетаняҳу Обама билан қўшма баëнот чоғида.

АҚШ ва унинг Яқин Шарқ тўртлигидаги ҳамкорлари бўлмиш Европа Иттифоқи¸ Россия ва БМТ Яқин Шарқ муаммосига фақат минтақада Исроил ва Фаластин давлати ташкил этиш орқали ечим топишга уриниб келаëтган бир пайтда¸ Нетаняҳу ҳозирча бу ечимни жамоатчилик олдида на маъқуллади ва на инкор этди.

Яқин Шарқ тинчлик музокараларини дарҳол бошлашга ҳозирлигини билдира туриб Исроил Бош вазири¸ айни пайтда бу музокаралар Фаластин ва бошқа араб етакчилари яҳудий давлатининг мавжуд бўлиш ҳаққини очиқ эътироф этсагина¸ самара беришини таъкидлади.

Учрашувдан чиқиб Обама Исроилнинг Ғарбий соҳилдаги Фаластин ерларида яҳудийлар учун маҳалла қуришни дарҳол тўхтатиши лозимлигини тилга олди.

- Биз бу маҳаллалар борасида прогрессга эришишимиз лозим. Тинчлик музокараларида самарага эришиш учун бу маҳаллалар қуилиши тўхтатилиши шарт. Мен бу масаланинг мураккаблигини тан оламан¸ аммо бу муҳим ишни қилмай туриб илгари силжишнинг иложи йўқ¸ деди президент Обама.

Исроил раҳбари Обаманинг бундай баëнотини шунчаки жавобсиз қолдиришни лозим топди.

Обама ва Нетаняҳу ўртасидаги яна бир зиддият манбаи – Эронга муносабат масаласидир.

Обама¸ Исроил-Фаластин можаросига ечим топиш¸ АҚШ ва Исроилга нисбатан Эрон ядровий таҳдидини заифлаштиражагини айтса¸ Нетаняҳу Эрон ядровий дастурининг Исроил учун Фаластин масаласидан-да жиддийроқ эканини таъкидлади.

- Эрон очиқчасига бизни йўқ қилишга даъват қилиб келмоқда ва бу мутлақ қуюшқонга сиғмайди. Эрон Яқин Шарқдаги мўътадил режимлар учун ҳам таҳдид манбаи. Эрон Американинг ҳам дунë бўйлаб манфаатларига хавф солмоқда. Агар Эрон ядровий қуролга эга бўлса¸ у террорчиларга бошпана¸ янаям ëмони бу қуролларни террорчилар қўлига бериши мумкин. Бу эса баримизни ниҳоятда кучли таҳдид остида қолдиради¸ деди Эрон таҳдиди ҳақда орттирма даражада гапирган Нетаняҳу.

Мухбирларнинг¸ айнан Эронга нисбатан сиëсатга оид саволига жавоб берган Обама эса¸ 12 июнга белгиланган Эрон президентлик сайловларидан сўнг¸ Теҳрон билан музокаралар бошланиш эҳтимолига умид билдирди.

- Эрон билан музокаралар тарихидан ўрганганимиз бир нарса шуки¸ бу жараëнда гап кўпу¸ иш оз бўлиб келган. Шу боис биз¸ олдиндан сунъий равишда белгиланган муҳлат қўймасдан музокара бошлаш заруратини англаймиз. Айни пайтда¸ бу музокараларнинг абадий давом этмаслиги ҳам ҳаммага ойдин¸ дер экан Обама йил охирига қадар АҚШ –Эрон муносабатларида ижобий ўзгариш бўлишига умид билдирди.

АҚШ ва Исроил раҳбарларининг ўзаро учрашувдан сўнг қилган баëнотларига Фаластин раҳбарияти дарҳол муносабат билдирди.

Фаластин маъмурияти расмийси Набил Абу Рдайна¸ Обама баëнотларини "умидбахш"¸ Нетаняҳу позициясини эса¸ "ҳафсалани пир қилувчи"¸ дея баҳолади.
XS
SM
MD
LG