Линклар

Партиялар сайловга халқсиз кирадими?

  • Сарвар Усмон

Янги таъқиқни шарҳлар экан кузатувчилар¸ унинг парламент сайловлари олдидан фуқаролар орасидаги сиëсий фаолликнинг қолган-қутганини ҳам йўқ қилишга қаратилганини айтмоқдалар.

Янги таъқиқни шарҳлар экан кузатувчилар¸ унинг парламент сайловлари олдидан фуқаролар орасидаги сиëсий фаолликнинг қолган-қутганини ҳам йўқ қилишга қаратилганини айтмоқдалар.

Декабрда ўтказилиши режалаштирилган парламент сайлови олдидан Ўзбекистондаги сиёсий партияларга корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда ўқув юртларида бошланғич ташкилотларини тузиш тақиқлаб қўйилди.

Бу ҳақда ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларининг “Ҳозиржавоб гуруҳ”и хабар қилди.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” аъзоларидан бири Озодлик саволларига жавоб берар экан, жаҳондаги кўплаб мамлакатлар учун характерли бўлган бундай таъқиқнинг Ўзбекистондаги ўзига хослигига эътибор қаратди.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” билан боғланиш олдидан ўзини Маматқул ака деб таништирган самарқандлик тингловчимиздан сўрадик.

Озодлик: Сиз ишлаган ишхонада ҳозир партком борми?

Маматқул ака: Йўқ. 20 йилдан бери мустақил бўлиб кетдикку.

Озодлик: Партия йўқми?

Маматқул ака: Йўқ¸ йўқ.

Озодлик: Партия йўқ деганда сиз коммунистик партияни назарда тутаëтгандирсиз?

Маматқул ака: Ҳа¸ шундай.

Озодлик: Коммунистик партия йўқ¸ лекин бошқа партиялар борку. Балки уларнинг парткомлари бордир?

Маматқул ака: Йўқ¸ камгина одамлар ўзлари ташкил қилиб олган. Ўзларига ўзлари гапиради¸ унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди.

Озодлик: Сиз ишлаган ишхонада камгина бўлса ҳам партия бўлиб йиғиладиган одамлар борми?

- Йўқ¸ бизда йўқ¸ деди Маматқул ака.

Ҳа, Самарқандда, Маматқул ака ишлайдиган ишхонада на ХДПнинг, на ЛДПнинг, на “Адолат”у на “Миллий тикланиш”нинг бошланғич ташкилоти бор.

Чунки...

“Чунки”дан уёғига “Ҳозиржавоб гуруҳ” аъзоси Суҳроб Исмоиловни суҳбатга тортдик.

Озодлик: Бошқа давлатларда ҳам у ëки бу партиянинг ячейкаларини корхона¸ ташкилот¸ муассаса ва ўқув юртларида тузиш мумкин эмас. Масалага шу томондан ëндашадиган бўлсак¸ Ўзбекистонда ҳам тузиш мумкин эмас ва бу тўғри. Ë тузса бўлаверадими?

- Йўқ¸ тузиш мумкин эмас. Мен ҳам дунëнинг кўп давлатларида амалда бўлган бу қоидага қўшиламан. Лекин масаланинг иккита қисмини ажратиш керак.

Масалан¸ муассасалар қошида ячейкалар тузиш мумкин эмас деган қоида тўғри бўлиши мумкин¸ лекин бу сиëсий партияларнинг ўқув юртларига бориб ëшлар орасида ўз тадбирларини ўтказишни¸ дастурлари билан таништиришни таъқиқлаб қўя олмайди¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Масаланинг “Ҳозиржавоб гуруҳ”ни ташвишга солаётган жиҳати мана шудир. Суҳроб Исмоиловнинг айтишича,

- Биз Тошкент шаҳрида¸ Андижон¸ Қашқадарë¸ Сурхондарë вилоятларида ХДП¸ ЎзЛДП¸ Миллий тикланиш партияларининг фаолларининг баъзилари билан гаплашдик. Уларнинг айтишича¸ ҳозир ўқув юртларида партияларнинг тадбирларини уюштириш жуда қийин масала бўлиб қолган. Кўпинча рухсат берилмаяпти¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Хўш, нима учун рухсат берилмаяпти?

Бунинг боиси “Ҳозиржавоб гуруҳ” вакили фикрича, мана бундай:

- Биз бугун чиқарган хулосамизнинг охирида “Мана шу янги киритилган чеклов фуқароларнинг сиëсий активлашишининг олдини олиш учун қилинган ҳаракатлардан бири” деб айтганмиз. Чунки фуқаролар бўлаëтган сиëсий жараëнлардан яна анчагина узилиб қолишади.

Ҳозир қабул қилинаëтган қонунларнинг баъзиларининг амалга оширилишида¸ давлат дастурларининг ишлаб чиқилишида партияларнинг иккинчи даражали бўлса ҳам роли бор.

Сўнгги каналлардан яна бири чекланар экан¸ фуқароларнинг сиëсий активлигига яна бир зарба берилади¸ дейди “Ҳозиржавоб гуруҳ” вакили Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистонлик мустақил ҳуқуқ ҳимоячиларини ташвишга солаётган масалага партияларнинг ўзлари бефарқроқ кўринди.

Ҳар ҳолда ЎзХДПнинг ўзини таништирмаган вакили билан мана бундай савол-жавоб қилдик.

Озодлик: Сизлар ўқув юртларида қандайдир тадбир ўтказа оласизларми?

- Бу бўйича ҳеч қанақа тўсқинлик йўқ. Бизлар ўтказиб ëтибмиз. Шу пайтгача ҳеч қанақа тўсқинликка учраганимиз йўқ.

Озодлик: Масалан¸ ХДП у ëки бу университетда ўзининг ташкилотини тузиши мумкинми ëки мумкин эмасми?

- Нимага мумкин эмас экан? Тузади¸ деди ЎзХДПнинг ўзини таништирмаган вакили.

Демак, ХДП вакили жавоби мазмунига қараганда, бу партиянинг Ўзбекистондаги қатор университетларда бошланғич ташкилотлари мавжуд.

Агар чиндан ҳам шундай бўлса, “Ҳозиржавоб гуруҳ” бекорга ташвиш чекаётган, боз устига ёлғон гапираётган бўлиб чиқади.

Бироқ, айни пайтда, ХДП Ўзбекистон президенти 1991 йил, 17 сентябрда имзолаган фармонга риоя қилмаётган бўлиб чиқади.

Ўша фармони билан президент давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ҳамда таълим муассасаларида партия ташкилотларини тузишни таъқиқлаб қўйган эди.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” тарқатган маълумотларга қараганда, фармон ҳануз ўз кучида турибди.
XS
SM
MD
LG