Линклар

Исломий ҳаёт излаганлар қўлга олинди

  • Гулнора Равшан

Ҳозирча қўлга олинган икки оиланинг қаттиқ қўриқланиладиган чегаранинг Тожикистон томонидан қандай ўтгани ҳақда маълумот йўқ.

Ҳозирча қўлга олинган икки оиланинг қаттиқ қўриқланиладиган чегаранинг Тожикистон томонидан қандай ўтгани ҳақда маълумот йўқ.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Афғонистонда Тожикистон Ашт туманида яшаган 12 киши давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб, қўлга олинди.

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланаётган тожикистонликлар Бадахшон вилоятининг Файзобод шаҳридаги Афғонистон миллий хавфсизлигининг вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда. Айни пайтда уларнинг шахси ошкор қилинмаяпти.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назрий тожик фуқароларининг Афғонистонга маълум гуруҳ босими остида ўтиб кетганига доир шов-шувларни рад этди.

У 12 нафар фуқаро (икки оила) тақдирига Тожикистон бефарқ эмаслиги, шу важдан ҳам тожик расмийлари Афғонистоннинг тегишли идоралари билан боғланиб турганини маълум қилди.

- Афғонистон томони Тожикистонга бу борада хабар берган эди. Улар ҳуқуқлари поймол бўлгани ёки босимда қолаётганига доир маълумотларда асос йўқ. Ҳозирда улар устидан тергов ишлари давом этаётир, деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Ишончли манбаларнинг маълум қилишича, Афғонистон миллий хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинган тожик фуқаролари исломий давлатда яшаш мақсадида бу мамлакатга ўтишганини, Тожикистон дунёвий давлат бўлгани учун ҳам уни тарк этишга мажбур бўлганларини билдирганлар.

Маълум бўлишича, тожикистонлик этник ўзбеклардан бўлган бу кишилар ўзлари билан бирга ёш гўдакларини ҳам Афғонистон тупроғига олиб ўтганлар.

Аммо Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Сайидмуҳаммади Хайрихоҳ мазкур воқеа юзасидан ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

- Мен бу борада хабарим йўқ. Шу пайтгача Кобулдан бизга бундай хабар келмади, деди афғонистонлик дипломат.

Шунингдек, Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси масъуллари ҳам бу борада жим туришни маъқул кўрмоқдалар.

Ҳозиргача афғонистонлик бангфурушлар ёки наркотик савдоси билан шуғулланган тожикларнинг афғон жиноий гуруҳлари томонидан гаровга олиб кетилишига оид ҳолатлар кўп қайд этилган.

Аммо, кузатувчиларга кўра, тожикистонликларнинг Афғонистонда яшаш нияти билан ихтиёрий равишда у томонга ўтиб кетишга доир ҳодиса Тожикистондаги фуқаролар урушидан кейин илк бора кузатилмоқда.

Тожикистон ва Афғонистон ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасига биноан қўлга олинган шахсни ватанга қайтариш фақат суд ҳукми орқали амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG